Logo

Робахон Маҳмудова Олий суд раиси этиб сайланди

У мазкур лавозимга беш йил муддатга сайланди.

Робахон Маҳмудова Олий суд раиси этиб сайланди

Бугун, 18 июн Олий Мажлис Сенати Кенгаши Робахон Анваровна Маҳмудовани Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, масала Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган номзод доирасида кўриб чиқилган.
Муҳокамалар якунида Робахон Маҳмудова судялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига беш йил муддатга сайланган.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонун талабларига мувофиқ қабул қилинган.

Робахон Маҳмудова мазкур лавозимга беш йил муддатга сайланди.

Робахон Анваровна Махмудова 1958 йилда Фарғона вилоятида туғилган, суд-ҳуқуқ тизимида 50 йиллик, шундан 20 йиллик судьялик иш стажига эга.

Р.Махмудова 1976 йилда меҳнат фаолиятини Фарғона вилоят суди Раёсатининг котиби лавозимидан бошлаб, давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида, хусусан, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, ижро ҳокимияти ҳамда суд тизимида “туман-вилоят-республика” даражасидаги судья ва суд раиси лавозимларида кўп йиллар самарали фаолият кўрсатган.

Жумладан, 1979-1999 йилларда нотариус, Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси, адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 1999-2013 йилларда жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси, Фарғона шаҳар суди раиси, Олий суд судьяси, вилоят суди раиси, 2013-2017 йилларда юридик коллежи ўқитувчиси, 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири, 2020 йилда Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси, 2020-2024 йилларда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2024 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон “Адолат”СДП Сиёсий кенгаши раиси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда. 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Teglar

Mavzuga oid