Logo

Савдо уруши: Россия Арманистонни чекловлар билан «бўғмоқчи», Европа эса ёрдамга шошмоқда

Россиянинг импортга қўйган чекловларига жавобан, Брюссел Арманистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида шошилинч савдо чораларини ишлаб чиқмоқда. Айни пайтда Европа Иттифоқи ва Москва ўртасида Жанубий Кавказдаги таъсир доираси учун рақобат тобора кескинлашмоқда.

Савдо уруши: Россия Арманистонни чекловлар билан «бўғмоқчи», Европа эса ёрдамга шошмоқда

Брюссел ва Москва ўртасида Кавказ республикасининг келажагига таъсир ўтказиш борасидаги кураш кучайиб бораётган бир вақтда, Европа Иттифоқи Россия чекловларидан кўрилган зарарни қоплаш учун Арманистонга зудлик билан савдо имтиёзларини тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда.

«The Financial Times» (FT) газетасининг 17 июн куни хабар беришича, Европа комиссияси Арманистоннинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун белгиланган тарифларни пасайтиришни кўзда тутувчи махсус савдо чораларини ишлаб чиқмоқда.

Брюсселнинг бу ташаббуси Россия томонидан Арманистондаги сайловлар олдидан жорий қилинган импорт чекловларига жавоб ҳисобланади. Европа Иттифоқи ушбу чекловларни Еревандаги ғарбга мойил ҳукуматга босим ўтказиш уриниши деб ҳисобламоқда.

«Ҳозир уларни қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳамкор бўла олишимизни кўрсатишнинг айни вақти. Уларга дўстлар керак, биз эса ўз қўшниларимизни ҳимоя қилишимиз зарур», – деди нашр суҳбатдошларидан бири.

FT билан суҳбатлашган икки манбанинг қайд этишича, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг кўпчилиги ҳамда Европа Парламенти томонидан маъқулланиши лозим бўлган бу чоралар Россия тақиқига учраган 20 га яқин товар турларининг аксариятини қамраб олади. Бу товарларнинг умумий қиймати йилига қарийб 420 миллион еврога тенг. Шунингдек, Брюссел Москванинг ушбу собиқ Иттифоқ республикасига нисбатан савдо босимини янада кучайтириши мумкинлигидан хавотирда экани ҳам таъкидланди.

Вазирлар ва комиссарлар ишга киришди

FT нашри билан суҳбатлашган яна икки манбанинг таъкидлашича, тегишли таклифлар бир неча ҳафта ичида тақдим этилиши мумкин. 15 июн куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бу масалани Арманистон ташқи ишлар вазири билан муҳокама қилган. Шунингдек, Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос июл ойи бошида Арманистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.

 «Комиссия арман бизнесига Европа Иттифоқидаги янги бозор имкониятларига йўл очишга ёрдам берадиган ва мамлакат иқтисодиётининг энг кўп зарар кўрган тармоқларини қўллаб-қувватлайдиган махсус савдо чораларини таклиф қилади», — деди Европа комиссиясининг расмий вакили Олоф Гилл FT нашрига берган интервюсида.

Арманистоннинг Россия етакчилигидаги божхона иттифоқига аъзо экани Москвага бу мамлакатнинг импорт ва экспортини назорат қилиш имконини беради. Бу ҳолат, ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ереван билан имтиёзли савдо битимлари тузиш борасидаги ҳаракатларини қийинлаштиради.

Арманистон гуллари, шароби ва бошқа товарлари Россияда тақиқ остида

7 июн куни Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида Россия арман маҳсулотлари импортига тақиқ қўйишни бошлади. Дастлаб фитосанитария талаблари баҳона қилиниб, арман гулларига чеклов ўрнатилди. Шундан сўнг минерал сув, шароб, коняк, мева-сабзавот ва балиқ маҳсулотларига нисбатан ҳам шундай чоралар қўлланилди. Овоз бериш жараёнига уч кун қолганида эса Европа Иттифоқи Ереванга молиявий ёрдам ажратишини ва аввал Россияга жўнатилиши керак бўлган минглаб гулларни сотиб олишини эълон қилди.

Бундай босимларга қарамай, бош вазир Никол Пашиняннинг ғарбга мойил партияси сайловларда ғалаба қозонди. Еревандаги мустақил таҳлил муассасаси – Минтақавий тадқиқотлар маркази асосчиси Ричард Жирагосян бу ҳолатни шундай изоҳлади:

«Европа Иттифоқининг яқинда ажратган 50 миллион евролик ёрдами кўпроқ гуллар ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш воситаси бўлди. Бу жуда тез юз берди ва Россиянинг ташлаган қадами тескари натижа берганини кўрсатди. Энди Европа Иттифоқи экспортга кўмаклашишнинг ушбу йўналишини янада ривожлантирмоқчи».

Европа Иттифоқининг «чекланган чоралари»

Шу билан бирга, Жирагосян Арманистон савдо айланмасида Россиянинг улуши ниҳоятда катта эканини эслатиб, Европа Иттифоқи таклиф этаётган чоралар фақатгина «вақтинчалик ёки чекланган» аҳамиятга эга бўлишидан огоҳлантирди.

Унинг таъкидлашича: «Бу қадам Россиянинг бозордаги устунлиги ўрнини босишга камлик қилади, шу боис кўрилган чоралар кўпроқ вақтинчалик ечимдир».

FT нашрига интервю берган икки манбанинг қайд этишича, Арманистоннинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланган коняк масаласи ёрдам дастурини ишлаб чиқувчиларга бироз қийинчилик туғдирмоқда. Сабаби, Франция ўзининг миллий коняк саноатини ҳимоя қилишни ниҳоятда муҳим деб билади.

Бундан ташқари, денгизга чиқиш йўлларига эга бўлмаган бу мамлакатдан тез айнийдиган маҳсулотларни Туркия ёки Грузия орқали ташиш билан боғлиқ муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid