Ҳар бир китоб учун 3 кун: юзлаб китоб ўқиб, муддатдан аввал озодликка чиқиш мумкинми?
Ўзбекистонда маҳкумларни қайта тарбиялашга қаратилган янги тизим жорий этилди. Унга кўра, китоб ўқиб тест синовларини муваффақиятли топширган маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилади.

Ҳукумат маҳкумларнинг жазони ўташ даврида маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётларни ўқиганлиги фактини тасдиқлаш бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқлади.
Янги қоидаларга кўра, талабгорнинг жазо муддати ҳар бир ўқиган китоби учун уч кунга қисқартирилади.
Бироқ бу имтиёзнинг чегараси ҳам белгиланган. Маҳкум бир йил давомида кўпи билан 30 кунлик қисқартириш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун у ўқиган китоблари бўйича тест синовларини топшириши талаб этилади.
Тартибга мувофиқ, имтиҳон бир йилда икки марта ўтказилади. Ҳар бир адабиёт бўйича 25 та тест саволи шакллантирилади ва ҳар бир савол учун икки дақиқадан вақт ажратилади.
Қандай баҳоланади?
Махсус дастур орқали ташкил этиладиган тестлар 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 4 балл берилади.
Агар талабгор муайян адабиёт бўйича 70 ёки ундан юқори балл тўпласа, тестни муваффақиятли топширган деб ҳисобланади.
Махсус комиссия ташкил этилади
Маҳкумнинг тест синови топширишини назорат қилиб бориш ва натижаларини хулоса асосида тасдиқлаш учун муассасаларда муассаса ходимлари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия ташкил этилади.
Комиссия таркиби 7 нафар аъзо, комиссия раиси ва котибдан иборат бўлади.
Комиссия таркибига муассаса ходимлари, ҳудудий фаол жамоатчилик вакиллари, жумладан, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.





