БААда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
БАА ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига оид янги чекловларни жорий этди. Энди 15 ёшгача бўлганларга ижтимоий тармоқларда шахсий аккаунт очиш ва ундан фойдаланиш тақиқланади.
© sun'iy intelektБирлашган Араб Амирликлари ҳукумати ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш чегарасини 15 ёш этиб белгилади. Бу ҳақда Emirates ахборот агентлиги хабар берди.
Қарорга кўра, 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда шахсий аккаунт яратиш, ундан фойдаланиш ёки уни бошқариш, шунингдек платформаларнинг барча функцияларидан, жумладан пост жойлаштириш, изоҳ қолдириш, оммавий гуруҳларга қўшилиш ва очиқ каналларга киришдан фойдаланиш тақиқланади.
Платформалар ушбу чекловларни амалга ошириш учун зарур чораларни кўриши шарт. 15–16 ёшдаги ўсмирларга эса қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилган тақдирдагина ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат берилади. Бундай чоралар қаторига ёшга мос контентни таснифлаш ва чеклаш, платформадан фойдаланиш вақтини назорат қилиш ҳамда ота-она назорати воситаларини тақдим этиш киради.
Аввалроқ Австралия 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи қонунни қабул қилган эди. Шунингдек, Буюк Британияда ҳам шунга ўхшаш ёш чекловларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.





