Logo

1,4 млрд долларлик ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Германия муносабатлари таҳлили

Ўзбекистон–Германия ташқи савдоси 8 йил давомида 2 бараварга ўсди. Импортда юқори технологияли маҳсулотлар, экспортда эса хизматлар ва тайёр маҳсулотлар устунлик қилмоқда.

1,4 млрд долларлик ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Германия муносабатлари таҳлили © Foto: Prezident matbuot xizmati

17-18-июн кунлари Германия Федератив Республикасининг Президенти Франк-Валтер Штайнмаер бизнес делегацияси билан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Унинг ташрифи Тошкентда бешинчи бор ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми билан бир вақтда ташкил этилди.

Форумда мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва халқаро ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Шу ўринда, Vaqt.uz Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг сўнгги 3 ойлигини таҳлил қилди.

Савдо айланмаси 2 баробарга ўсди

Cтатистик маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 411 млн 600 долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 млн 200 долларга ошган.

Ташқи савдо айланмасида экспорт 52 млн 400 долларни, импорт эса 359 млн 2 долларни ташкил этди. Ўзбекистон ва Германия билан савдода импорт устунлиги сақланиб қолмоқда. Бироқ бу ҳолатни фақат савдо балансидаги фарқ сифатида кўриш тўғри эмас. Чунки Германиядан импорт қилинаётган маҳсулотларнинг катта қисми саноат ускуналари, техналогик жиҳозлар, транспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади.

2017-2025- йиллар давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳам сезиларли даражада ошди. 8 йил давомида савдо айланмаси 2,3 бараварга ўсиб, 1,4 млрд АҚШ долларига етди. Бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини ва Германия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шериги эканини кўрсатади.

Сўнгги 8 йил давомида савдо таркибида экспорт ҳажми 4,5 баравар ошиб, 145 млн 600 долларга етди. Экспорт таркибида энг катта улушни хизматлар бўлими ташкил этиб, у 36 фоизга тенг бўлди. Шунингдек, энг кам улушни ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2 фоиз билан эгаллаган.

 

1

Манба: Vaqt.uz

Шу даврда импорт эса 2,2 баравар кўпайиб, 1,3 млрд долларни ташкил этди. Импортнинг асосий қисми транспорт воситаларига тўғри келиб унинг ҳажми 56 фоизга етган. Бундан ташқари, кимё маҳсулотлари 17 фоиз, хизматлар 10 фоиз, саноат товарлари 5 фоиз, тайёр маҳсулотлар 4 фоиз ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари 3 фоиз улушга эга бўлди.

 

2

Манба: Vaqt.uz

Бу кўрсаткичлар Германиядан асосан юқори технологияли ва саноат ишлаб чиқаришига зарур бўлган маҳсулотлар импорт қилинаётганини, экспортда эса хизматлар ва тайёр маҳсулотлар устунлик қилаётганини кўрсатади.

Инвестиция ва бизнес

2025 йилда Германиядан жалб қилинган умумий хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 983 млн 500 долларини ташкил этди. Жорий йилнинг январь-март ойлари ҳисобида эса уларнинг ҳажми 205 млн 300 долларга етди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Германия капитали иштирокида 244 та корхона ташкил қилинди. Шулардан 111 таси қўшма корхона ва 133 таси Германия сармояси иштирокидаги корхоналардир. Корхоналар сони бўйича ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 тага кўпайган. Корхоналарнинг катта қисми эса Тошкент шаҳрида жойлашган.

Туризм 

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий, балки туризм соҳасида ҳам ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 10 минг 989 нафар Германия фуқароси ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,9 фоизга кўп. Ўзбекистондан Германияга эса 2 минг 981 нафар фуқаро саёҳат қилиш мақсадида борган.

Таълим

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Германиядан 190 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётган бўлса, Ўзбекистонга Германиядан 42 нафар талаба келган. Бу кўрсаткичлар икки давлат ўртасидаги гуманитар алоқалар ривожланаётганини билдиради.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги cавдо айланмаси ва инвестиция ҳажмининг ортиши, қўшма корхоналар сонининг кўпайиши ҳамда туризм ва таълимдаги фаоллик икки давлат ўртасидаги алоқалар амалий натижалар бераётганини кўрсатади. Йирик инвестиция форумлари ва юқори даражадаги ташрифлар эса ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid