Logo

Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди

Bugun 17:392 daqiqa

Инфляция 5,5 фоизгача пасайганига қарамай, ички талаб ва ташқи хатарлар сабаб қатъий пул-кредит сиёсати сақлаб қолинди.

Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Регуляторга кўра, инфляция пасайишда давом этаётган бўлса-да, иқтисодиётдаги юқори талаб ва ташқи ноаниқликлар пул-кредит шароитларини қатъий даражада сақлаб қолишни талаб қилмоқда.


Қайд этилишича, май ойида йиллик инфляция 5,5 фоизни ташкил этган. Инфляциянинг пасайишига асосан ўтган йили энергия тарифлари оширилиши таъсирининг статистик базадан чиқиб кетгани сабаб бўлган.
Шу билан бирга, нархлар ўсишининг асосий таркибий кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Хусусан, базавий инфляция 5,7 фоиз даражасида шаклланган. Хизматлар сегментида инфляция секинлашган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишида тезлашув кузатилган.


Марказий банк маълумотларига кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этмоқда. Молия бозори экспертларининг узоқ муддатли прогнозлари ҳам яхшиланган.
Иқтисодий фаоллик эса юқори суръатларда сақланиб қолмоқда. Чакана савдо, хизматлар соҳаси, туризм ва инвестициялардаги ўсиш ички талабнинг барқарор эканини кўрсатмоқда. Шунингдек, сўнгги ойларда бюджет харажатларининг фаоллашуви келгуси чоракларда ҳам иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.


Регулятор июнь ойидан энергия тарифларининг оширилиши инфляцияга қисқа муддатли босим кўрсатишини қайд этди. Бундан ташқари, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши билан боғлиқ иккиламчи омиллар ҳам нархлар динамикасига таъсир қилиши мумкин.


Марказий банк 2026 йил якунлари бўйича инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши, иқтисодий ўсиш эса 7–7,5 фоиз оралиғида бўлиши ҳақидаги прогнозини ўзгаришсиз қолдирди.


Шу билан бирга, жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги, логистика харажатлари ҳамда геосиёсий хатарлар ташқи инфляцион босимларни сақлаб қолмоқда. Айрим мамлакатлар марказий банкларининг қатъий пул-кредит сиёсати эса ташқи молиявий ресурслар қийматининг юқори даражада қолишига сабаб бўлмоқда.


Марказий банк инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш учун қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришини маълум қилди. Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 2026 йил 29 июль куни бўлиб ўтади.

Teglar

Mavzuga oid