Коммунал тўловлар ошишидан хавотирдаги аҳоли, Албания портига чиқаётган Ўзбекистон ва уй-жойларни қонунийлаштиришнинг соддалашган тартиби — 16 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонликлар ҳамон энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда
Марказий банкнинг май ойи сўровномаси натижаларига кўра, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этмоқда. Аҳолининг йиллик инфляция бўйича кутилмалари 10,1 фоизни, тадбиркорларники эса 10 фоизни ташкил этди. Бироқ респондентларнинг аксарияти ҳали ҳам коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг ошишидан энг катта хавотир билдирмоқда. Шунингдек, транспорт харажатлари ва айрим ҳолатларда нархларнинг сунъий оширилиши ҳам асосий хавотир омиллари сифатида қайд этилган.
Сўров натижаларига кўра, аҳоли орасида энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерларда, энг паст кўрсаткич эса талабаларда кузатилган. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри аҳолиси нархлар ўсишидан энг кўп хавотирланаётган бўлса, Наманган вилоятида бу кўрсаткич энг паст бўлган. Шу билан бирга, ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган респондентларда инфляцион кутилмалар 13,9 фоизга етиб, юқори даромадли аҳоли қатлами нархлар ўзгаришига нисбатан сезгирроқ экани намоён бўлган.
Сўнги 5 ойда 5 миллиондан ортиқ сайёҳ Ўзбекистонга ташриф буюрди
2026 йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистонга жами 5,35 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 миллион нафарга ёки 27,3 фоизга кўпдир. Туристлар оқимининг ўсиши мамлакатнинг халқаро туризм бозоридаги жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Энг кўп сайёҳлар қўшни давлатлардан келган. Рейтингда Қирғизистон биринчи ўринни эгаллаб, 1,54 миллион нафар фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрган. Кейинги ўринларда Қозоғистон (1,25 миллион) ва Тожикистон (1,21 миллион) қайд этилган. Шунингдек, Россия, Афғонистон, Хитой ва Туркия ҳам туристлар сони бўйича етакчи давлатлар қаторига кирган. ТОП-10 рўйхатдан Германия ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу мамлакатдан 18,3 минг нафар сайёҳ келган.
Тошкент кўчаларидан бирига Мустафо Камол Отатурк номи берилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 июнь куни «Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Мустафо Камол Отатурк номини бериш тўғрисида»ги қарорини имзолади.
Ушбу қарорга мувофиқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманида барпо этилаётган «Ўзбек-турк дўстлиги» хиёбонига ёндош бўлган Абдулла Қодирий кўчасининг бир қисмига Мустафо Камол Отатурк номи берилади.
Ушбу кўча Истиқбол, Фарғона йўли ва Нукус кўчалари кесишмасидан Абдулла Қодирий кўчаси ва Махтумқули шоҳкўчаси кесишмасигача бўлган масофани ташкил этади.
Ўзбекистон Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқишда Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиши мумкин
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Президенти Байрам Бегай ўртасидаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар агросаноат, «яшил» энергетика, геология, ахборот технологиялари, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришди.
Музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқариш учун Дуррес порти имкониятларидан фойдаланиш бўлди. Шунингдек, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкентда ўтказишга келишиб олинди. Томонлар маданий-гуманитар алоқаларни ҳам фаоллаштириш, жумладан маданият кунлари, кўргазмалар ва кино намойишларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни қонунийлаштириш тартиби соддалаштирилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган янги қонунга мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва уларда қурилган бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни қонунийлаштириш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Энди аризаларни кўриб чиқиш муддати аввалги 150 кун ўрнига 50 кунни ташкил этади. Шунингдек, қарздорлик миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган объектларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш имконияти яратилди.
Қонун фуқаролар учун қатор енгилликларни ҳам назарда тутади. Бир марталик тўловнинг 50 фоизи 20 иш куни ичида тўланса, қолган қисмига чегирма берилади. Тўловни бир йўла амалга ошириш имконияти бўлмаган шахслар эса солиқ органлари билан шартнома тузиб, маблағни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб тўлашлари мумкин. Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган давр учун жисмоний шахсларга оширилган ставкада ер солиғи ҳисобланмаслиги белгиланди ва низоларни судгача ҳал қилиш механизми жорий этилди.





