«Ҳар ўйиндан завқланиб, тажриба олишимиз керак» — Каннаваро ва Шомуродов Колумбия билан баҳс олдидан
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи ва сардори ЖЧ 1-тури олдидан расмий матбуот анжуманида қатнашди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ЖЧ-2026 1-туридан ўрин олган Колумбияга қарши ўйин олдидан расмий матбуот анжуманида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Хайрли кеч барчага. Бу биз учун илк Жаҳон чемпионати ҳисобланади. Эртага барча мухлисларимиз бизни томоша қилади. Барча футболчиларимиз эрртанги ўйинга тайёр.
Ҳусанов? Албатта, у — муҳим ҳимоячиларимиздан бири, ҳали янада юқори даражага чиқиш имконияти бор. У айни пайтда ҳам юқори даражада ўйинлар кўрсатиб келмоқда.
Ўйлайманки, бу ерда энг яхши фазилатларимизни, ўзбекларнинг менталитетини намойиш қилишга келганмиз. Жамоа билан ишлаганимда ўз тажрибамни улашишга ҳаракат қилдим. Чунки мен ҳам қачонлардир илк бор мундиалда дебют қилганман. Ўз тажрибаларимни етказиб боряпман.
Колумбия ва Португалия каби жамоалар юқори даражадаги ўйин намойиш этишади. Уларнинг таркибида кучли футболчилар бор. Уларга қарши баҳсда эхтиёткорлик билан ўйнаймиз. Колумбияда нафақат Хамес, балки кўплаб яхши дараждаги футболчилари бор.
Рақибни таҳлил қилдик, улар охиригача ўйнашади. Биз ҳам ўз имкониятимизни намойиш этиб, майдонга тушамиз.
«Ацтека» стадионига аввал ҳам келганман, бу ерда Марадона энг ёрқин голларини урган. Биз ҳам ушбу тарихий стадионда илк ўйинимизни ўтказаётганимиздан хурсандмиз.
Машғулотларнинг оғирлиги? Нимагадир эришмоқчи бўлсангиз, қийинчиликдан ўтишингиз керак, барчага буни исботлашингиз керак. Машғулотларда қийинчиликлар бўлиши бу — табиий ҳолат.
ЎФА академияларга, инфратузилмаларга жуда ҳам кўп эътибор қаратмоқда. Мамлакатда футбол ривожланиб боряпти. Бу — Ўзбекистон учун илк Жаҳон чемпионати ва унда бош мураббий сифатида иштирок этаётганимдан хурсандман.
Футболчи сифатида Жаҳон чемпионатида иштирок этганман, бироқ мураббий сифатида иштирок этиш барибир бошқача. Футболчи сифатида ва мураббий сифатида тайёргарлик — бошқа-бошқа нарса. Чунки сиз барча футболчиларингиз билан гаплашишингиз керак.
Бизни жуда ҳам қизиқ ва шиддатли ўйинлар кутиб турибди. Рақибларимиз ҳам юқори даражадаги жамоалар. Илк бор бу мусобақада иштирок этяпмиз. Ҳар ўйиндан завқланишимиз ва тажриба олишимиз керак», — дея Каннаваронинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.
Шунингдек, матбуот анжуманида жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам фикрлари билан ўртоқлашди.
«Барчанинг кайфияти аъло даражада, илк бор Жаҳон чемпионатида қатнашяпмиз. Ҳаяжон бор, лекин ҳеч қандай босим йўқ. Барча футболчиларимиз ушбу ўйинни интиқлик билан кутяпти.
Албатта, узоқ кутилган Жаҳон чемпионатида миллий жамоа сардори сифатида қатнашиш — мен учун катта ғурур. Эртага ижобий натижа қайд этишимизга умид қиламан. Халқимиздан эса бизни қўллаб-қувватлашини сўраб қоламан. Бизда босим йўқ, эртага жамоамиз билан биргаликда тўлиқ тайёр бўламиз», — дейди ҳужумчи.
Маълумот учун, Ўзбекистон — Колумбия баҳси Тошкент вақти билан 18 июн куни соат 07:00да старт олади ва ZoʼrTV телеканали орқали эфирга узатилади.





