
Ўзбекистон олтин даромадларини эҳтиёткорлик билан бошқариши керак — ХВЖ
ХВЖ Ўзбекистонга олтин нархи ўсишининг бюджет ва валюта курсини издан чиқармаслиги учун харажатларни чеклаш ва молиявий захираларни тўплашни тавсия қилди.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга олтин нархи ўсиши натижасида шаклланадиган қўшимча бюджет даромадларини эҳтиёткорлик билан бошқариш, давлат харажатлари ва валюта курсига босимни чеклашни тавсия қилди. ХВЖнинг миссия якуний баёнотига кўра, олтин қимматидаги тез суръатли ўсиш мамлакат молиявий барқарорлиги учун бир вақтнинг ўзида имконият ҳам, хатар ҳам бўлиши мумкин.
Жамғарма маълумотларига кўра, 2025 йилнинг тўққиз ойида юқори инвестициялар ва аҳоли истеъмоли ҳисобига реал ЯИМ 7,6 фоизга ўсди. Талабнинг кучайишига қарамай, умумий ва базавий инфляция пасайишда давом этди. Бу жараёнга маъмурий тартибда оширилган энергия нархларининг таъсири сусайиши, реал валюта курсининг мустаҳкамланиши ва чекловчи пул-кредит сиёсати ёрдам берди.
Айни вақтда чакана кредитлаш сезиларли суръатда кўпаймоқда: сентябр ҳолатига ўсиш 23 фоизни ташкил этди. Корпоратив секторда эса ўсиш мўътадил бўлиб қолмоқда. Олтин нархи юқорилиги ва пул ўтказмалари ҳажми катталашиши жорий операциялар ҳисоби дефицитини камайтиришга хизмат қилди. Халқаро резервлар ҳозирда 12 ойлик импортни қоплайдиган даражада сақланмоқда.
ХВЖ иқтисодиёт 2025–2026 йилларда 7 ва 6 фоиз атрофида ўсиши, 2027 йилга бориб инфляция 5 фоизлик мақсадга тушиши мумкинлигини қайд этди. Бироқ бюджетда режалаштирилганидан юқори даромадлар, имтиёзли ва директив кредитлаш дастурларининг кенгайиши инфляция хавфларини кучайтириши мумкин.
Шу боис, Жамғарма олтиндан тушаётган даврий даромадлар ҳисобига харажатларни тез оширишдан тийилиш, бюджетда буфер захиралар тўплаш, талаб босимини чеклаш ва валюта курсининг ортиқча мустаҳкамланишига йўл қўймасликни тавсия қилади. ХВЖ фикрича, жадал иқтисодий ўсиш ва юқори олтин нархи ислоҳотларни тезлаштириш учун қулай имконият яратади.





