Ўғирланган 2 трлн сўм, огоҳлантирилган монополистлар ва IPO орқали сотиладиган авиакомпания — 15 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

2026-йил охиригача «Uzbekistan Airways»нинг 15-20 фоиз акцияси IPO орқали сотилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Uzbekistan Airways»ни трансформация қилиш ва IPOга тайёрлаш ишлари билан танишди. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар миллий авиакомпания акцияларининг 15–20 фоизи халқаро IPO орқали сотилади. Компания учун ишлаб чиқилган 115 та трансформация чораси тўлиқ амалга оширилса, йиллик операцион даромадларни 120 млн долларга ошириш ва бозор қийматини 1,6 млрд доллардан 2,3 млрд долларгача етказиш мумкинлиги қайд этилган.
Трансформация дастури маршрутларни оптималлаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни кўпайтириш, рейслар кечикиши ва бекор қилинишини камайтириш ҳамда техник хизматлар самарадорлигини оширишни назарда тутади. Шу билан бирга, туристлар оқими тез ўсиб бораётган бир пайтда самолётлар паркини кенгайтириш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Ҳукумат Тошкентни Марказий Осиёнинг йирик авиахабига айлантириш мақсадида «Uzbekistan Airways», «Uzbekistan Airports» ва Янги Тошкент аэропорти ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда.
Май ойида Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони қисқарди
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш кўрсаткичлари пасаймоқда. АТТО маълумотларига кўра, 2026 йил май ойида автобусларда 33,3 миллион транзакция қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга кам. Метрополитенда ҳам пасайиш кузатилиб, тўловлар сони 16,8 миллионни ташкил қилди ва йиллик ҳисобда 3 фоизга қисқарди. Бу ҳолат пойтахт аҳолисининг жамоат транспортидан фойдаланиш фаоллиги сусайганини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, республика бўйича умумий динамика ижобий бўлиб қолмоқда. Май ойида АТТО тизими орқали 67,4 миллион транзакция амалга оширилиб, ўтган йилга нисбатан 10 фоиз ўсиш қайд этилди. Айниқса Самарқанд, Фарғона, Наманган, Қарши ва Андижон шаҳарларида жамоат транспортидан фойдаланиш сезиларли ошган. Банк карталари орқали тўловлар ҳам 42 фоизга кўпайиб, аҳоли рақамли тўлов усулларига тобора фаол ўтаётганини намоён қилди.
Рақобат қўмитаси монопол корхоналарни асоссиз нарх оширмасликка чақирди
Рақобат қўмитаси 1 июндан ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари 10 фоизга оширилганидан сўнг монопол ва табиий монополия корхоналарини маҳсулот ҳамда хизматлар нархларини асоссиз равишда оширмасликка чақирди. Қўмита маълум қилишича, энергия ресурслари қимматлашиши айрим соҳалар таннархига таъсир қилиши мумкин, аммо бу ҳолат нархларни иқтисодий жиҳатдан асосланмаган тарзда ошириш учун сабаб бўла олмайди.
Идора монопол корхоналар фаолияти ва улар қўллаётган нархларни доимий мониторинг қилиб бораётганини таъкидлади. Қўмита ёқилғи-энергетика ресурслари улушининг маҳсулот таннархига таъсирини олдиндан баҳолаганини ҳамда қонунчилик талабларини бузиб, нархларни сунъий оширган корхоналарга нисбатан чоралар кўрилганини маълум қилди. Шу билан бирга, ҳар қандай асоссиз нарх ошириш ҳолатлари аниқланса, молиявий жарималар ва бошқа таъсир чоралари қўлланиши огоҳлантирилди.
Германия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Осиё бўйлаб расмий сафари доирасида Ўзбекистонга ташриф буюради. Беш кунлик сафар дастурига Индонезия, Филиппин ва Ўзбекистон киритилган бўлиб, президентга турмуш ўртоғи ҳамда Германиянинг турли соҳалардаги компаниялари вакилларидан иборат бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилади. Ташриф икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Тошкентда Германия раҳбари GP Günter Papenburg компанияси филиали фаолияти билан танишиши режалаштирилган. Шунингдек, музокараларнинг асосий мавзуларидан бири меҳнат миграцияси бўлади. Германияда малакали мутахассисларга талаб ортиб бораётгани сабабли мамлакат Ўзбекистон билан кадрлар тайёрлаш ва меҳнат бозори соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Кибержиноятчилар 2 трлн сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилган — ИИВ
Ўзбекистонда кибержиноятлар кўлами кескин ошиб, 2025 йилда қайд этилган барча жиноятларнинг қарийб ярми — 49,6 фоизи кибержиноятлар ҳиссасига тўғри келган. Бу ҳақда Сенат мажлисида Мирзохон Зубайдуллаев маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда кибержиноят турлари 18 тадан 64 тагача кўпайган бўлиб, жиноятларнинг 96 фоизи электрон тўлов тизимлари орқали содир этилмоқда. Жами зарар миқдори эса 2 триллион сўмдан ошган.
Киберфирибгарликка қарши курашиш мақсадида Марказий банк, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ўртасида махсус ҳамкорлик механизми йўлга қўйилган. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, янги тизим орқали сўнгги беш ойда 1,7 триллион сўм маблағнинг ноқонуний равишда хорижга чиқарилишининг олди олинган ва жиноятларга алоқадор 10 минг 250 та банк картаси блокланган. Шунингдек, 2026 йилда кибержиноятларни фош этиш кўрсаткичлари 3,5 баробарга, уларни аниқлаш самарадорлиги эса 5 баробарга ошган.





