Logo

20 фоизлик бож, нол ставка ва 1,7 трлн сўмлик режа: божхонада нималар ўзгаради?

Bugun 17:5510 daqiqa

2027-йилдан Ўзбекистонда божхона тўловлари, имтиёзлар ва экспорт йиғимлари бўйича янги тартиблар жорий этилади. Ягона божхона тўлови 20 фоиз этиб белгиланади, айрим йиғимлар камаяди ва расмийлаштириш жараёнлари соддалаштирилади. Vaqt.uz фармонда белгиланган асосий ўзгаришларни таҳлил қилди.

20 фоизлик бож, нол ставка ва 1,7 трлн сўмлик режа: божхонада нималар ўзгаради? © Foto: Gazeta.uz

Ўзбекистонда 2027-йилдан бошлаб божхона соҳасида бир қатор янги тартиблар жорий этилади. Президентнинг 2026-йил 1-сентябрдаги фармони билан божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжатдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — 2027-йил 1-январдан ягона божхона тўлови ставкасининг 20 фоиз этиб белгиланиши. Бунда тўлов миқдори товарнинг божхона қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаслиги билан бирга, ҳар бир килограмм учун 3 доллардан 2 долларгача миқдорда ҳисобланиши назарда тутилган.

Бироқ фармон фақат божхона тўлови ставкасини ўзгартириш билан чекланмайди. Унда божхона имтиёзларини қайта кўриб чиқиш, импорт қилувчи тадбиркорлар учун янги тартибларни жорий этиш, божхона ва солиқ текширувларини ўтказиш амалиётини ўзгартириш, божхона расмийлаштирувини автоматик равишда амалга ошириш ҳамда хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлар учун енгилликлар яратиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.

Vaqt.uz ҳужжатда белгиланган асосий ўзгаришларни бирма-бир кўриб чиқиб, янги тартиблар тадбиркорлар ва импорт жараёнларига қандай тааллуқли эканини тушунтиради.

2027-йилдан ягона божхона тўлови 20 фоиз бўлади

Фармоннинг божхона тўловлари ва имтиёзлари ҳақидаги қисмида 2027-йил 1-январдан бошлаб ягона божхона тўлови ставкасини белгилаш назарда тутилган. Унга кўра, ягона божхона тўлови товарнинг божхона қийматининг 20 фоизи миқдорида белгиланади. Бироқ ҳисобланган тўлов ҳар бир килограмм учун 2 доллардан кам бўлмаслиги керак.

Масалан, божхона қиймати 1 500 доллар бўлган iPhone русумидаги телефон олиб кирилди, деб олайлик. Унинг божхона қийматининг 20 фоизи 300 долларни ташкил қилади. Агар телефоннинг оғирлиги шартли равишда 0,2 килограмм бўлса, килограммига камида 2 доллардан ҳисоблаганда 0,4 доллар чиқади. Бу ҳолатда 300 доллар юқори бўлгани учун 20 фоизлик ҳисоб асосида 300 доллар олинади.

Демак, ҳужжатдаги «ҳар бир килограмм учун 2 доллар» талаби алоҳида қўшимча тўлов эмас. Бу — божхона тўловининг энг кам чегараси. Товар қийматининг 20 фоизи бўйича ҳисобланган сумма шу чегарадан юқори бўлса, юқорироқ сумма қўлланади.

Амалдаги божхона имтиёзлари бирданига бекор қилинмайди

Шунингдек, фармонда божхона имтиёзлари билан боғлиқ айрим ўзгаришлар ҳам мавжуд, жумладан бождан озод қилиш, нол ставка қўллаш ва имтиёзлар назарда тутилган. Унга кўра, амалда берилган божхона имтиёзлари 2027-йил келиши билан бирданига бекор қилинмайди.

Биринчидан, амалда берилган божхона божидан озод қилиш ва нол ставкани қўллаш бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар сақлаб қолинади.

Иккинчидан, муддатсиз берилган божхона божи имтиёзлари учун ҳам муддат белгиланади. Уларнинг амал қилиш муддати 2029-йил 1-январгача этиб белгиланиши кўзда тутилган. Бунинг учун тегишли қонун лойиҳаси уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак. Яъни бу бандни «2027-йилдан барча божхона имтиёзлари бекор қилинади» деб тушуниш нотўғри. Ҳужжатда, аксинча, амалда берилган муддатли имтиёзларни уларнинг муддати тугагунча сақлаш, муддатсиз имтиёзларга эса аниқ якуний муддат белгилаш таклиф қилинмоқда.

ЖСТга аъзо бўлгач, бож ставкалари қонун билан белгиланади

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиши билан боғлиқ яна бир муҳим ўзгариш назарда тутилган. Гап импорт божхона божи ставкаларини келгусида қандай белгилаш ҳақида кетмоқда.

Фармон билан тасдиқланган «Ўзбекистоннинг янги божхонаси — 2030» стратегиясида Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлганидан сўнг ташқи савдодаги бож ставкаларини қонун билан белгилаш вазифаси қўйилган. Яъни стратегияга кўра, ягона ҳужжат тамойили асосида товарларнинг ТИФ ТН бўйича кодлари (товарларнинг ташқи савдода таснифланиши учун белгиланган махсус кодлар), улар бўйича ЖСТ доирасида келишилган максимал бож ставкалари (bound rate) ҳамда амалда қўлланаётган импорт божхона божи ставкалари қонун билан белгиланиши керак. Бунинг учун стратегияда 2027-йил декабр муддати кўрсатилган.

Бу ўзгаришнинг моҳияти шундаки, импорт божларининг ставкаларини белгилаш масаласи амалдаги маъмурий тартибдан қонунчилик даражасига олиб чиқилиши кўзда тутилмоқда. Яъни бож ставкалари солиқ ставкаларига ўхшаш тарзда қонун билан белгиланиши керак бўлади.

Бу ерда максимал бож ставкаларига ҳам эътибор бериш керак. Амалда қўлланадиган бож ставкаси эса ушбу чегарадан паст бўлиши мумкин. Шу сабабли стратегияда фақат амалдаги бож ставкаларини эмас, балки ЖСТ доирасида келишилган максимал ставкаларни ҳам ягона тизимда акс эттириш назарда тутилган.

Стратегияда белгиланган муддатдан келиб чиқиб, бу тизимни 2027-йил охиригача шакллантириш режалаштирилган. Бироқ ҳужжатнинг ўзида Ўзбекистоннинг ЖСТга айнан қайси санада аъзо бўлиши кўрсатилмаган. Шунинг учун аъзолик санасини олдиндан аниқ белгиланган сана сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди.

Бож ставкаларининг қонун билан белгиланиши эса уларни ўзгартириш ва қўллаш тартибини қонунчилик даражасида аниқроқ белгилашга олиб келиши мумкин. Натижада тадбиркорлар учун қайси товарларга қандай бож ставкаси қўлланишини олдиндан билиш имконияти ҳам ошади.

Шу билан бирга, фармоннинг ўзида ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг ташқи савдодаги тариф чораларини ЖСТ талаблари асосида вақтинча тартибга солиш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати 2028-йил 1-январгача сақлаб қолиниши белгиланган. Демак, ҳужжатда бир томондан бож ставкаларини келгусида қонун билан белгилашга ўтиш вазифаси қўйилган бўлса, иккинчи томондан ЖСТга қўшилиш жараёнидаги тариф масалаларини вақтинча тартибга солиш учун амалдаги ваколатлар 2028-йил 1-январгача сақлаб қолинмоқда.

Импорт ва экспортдаги айрим талаблар бекор қилинади

Фармонга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан ташқи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун айрим талаблар бекор қилинади.

Масалан, ташқи савдо шартномаси тузилмаган ҳолда, фақат инвойс (товарнинг аниқ номи, миқдори, нархи ва жами суммаси кўрсатилган ҳисоб ҳужжати) асосида товар импорт қилаётган тадбиркордан хорижий ҳамкорига олдиндан тўлов ўтказишни чеклаш талаби олиб ташланади. Экспортда эса худди шундай инвойс асосидаги операциялар учун олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш талаби бекор қилинади.

Товарларни экспорт қилишда миллий валютада олдиндан тўловни таъминлаш ёки аккредитив, банк кафолати ва суғурта полиси каби кафолатланган тўлов шаклларидан фойдаланишни талаб қилиш ҳам тўхтатилади.

Божхона расмийлаштирувида тақдим этиладиган айрим ҳужжатлар бўйича ҳам талаблар қисқаради. Жумладан, биологик активлар, янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер ва парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб киришда айрим рухсатномаларни, шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномани айнан божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этиш талаби бекор қилинади.

Бироқ бу ҳужжатлар умуман керак бўлмайди, дегани эмас. Уларнинг мавжудлиги мажбурий мувофиқликни баҳолаш ҳамда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш жараёнида назорат қилинади. Озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун намуна етарли бўлмаган ҳолатда санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириш талаби ҳам бекор қилинади. Бундай вазиятда ваколатли орган маҳсулот миқдори синов учун етарли эмаслиги ҳақида хат тақдим этади.

Умуман олганда, 2026-йил 1-сентябрдан бу ўзгаришлар ташқи савдо операцияларида тадбиркорлардан талаб қилинадиган айрим олдиндан тўловлар, кафолатлар ва ҳужжатларни божхона расмийлаштируви вақтида тақдим этиш билан боғлиқ талабларни қисқартирди.

Импортчилар тўланган ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин бўлади

2026-йил 1-октябрдан бошлаб паст хавф даражасига эга бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига импорт қилинган товарлар учун тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти берилади. Бунинг учун корхона солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган ва унинг ҚҚС бўйича гувоҳномаси фаол бўлиши керак. Яъни, янги тартиб барча импорт қилувчиларга эмас, балки паст хавф гуруҳига кирадиган ва фаол ҚҚС гувоҳномасига эга бўлган тадбиркорларга тааллуқли бўлади. Масалан, тадбиркор хориждан маҳсулот олиб киришда божхонада ҚҚС тўлайди. Янги тартиб унга ушбу суммани ҚҚС бўйича кейинги ҳисоб-китобларда ҳисобга олиш имконини беради. Шу орқали импорт вақтида тўланган ҚҚСнинг солиқ ҳисобида акс эттирилиши учун алоҳида имконият яратилади.

Муҳими, фармонда бу имкониятнинг 2026-йил 1-октябрдан жорий этилиши белгиланган ва у паст хавф даражасидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига нисбатан қўлланади.

Экспортдаги айрим йиғимлар 30 фоизга камаяди

2026-йил 1-октябрдан экспорт билан боғлиқ айрим хизматлар учун ундириладиган йиғим ва тўловлар 30 фоизга камайтирилади. Бу ўзгариш экспорт жараёнларини рақамлаштириш ва соддалаштириш билан боғлиқ.

30 фоизга камайтириладиган тўловлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • божхона расмийлаштируви;

  • фитосанитария сертификатини олиш (ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларининг зараркунанда ҳамда касалликлардан холи эканини тасдиқловчи ҳужжат);

  • фумигация хизматлари (маҳсулотдаги зараркунанда ва ҳашаротларни махсус газ ёрдамида йўқ қилиш жараёни);

  • товарнинг келиб чиқиш сертификатини олиш.

Бунда экспортчи ушбу хизматлардан фойдаланишда аввалгига қараганда камроқ тўлов қилади.

Божхона қийматини аниқлаш тартиби ўзгаради

2027-йил 1-январдан паст хавф даражасидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона қийматини текшириш товар божхонадан чиқарилгандан кейин амалга оширилади. Яъни, бундай тадбиркорнинг товари аввал чиқариб юборилади, божхона қиймати эса кейинчалик назорат қилинади.

Яна бир муҳим ўзгариш — божхона қийматини назорат қилишда товарга олдиндан қатъий қиймат белгилаш тақиқланади. Бу божхона органи импорт қилинаётган товар учун ўзича битта аниқ нарх белгилаб, ҳисоб-китобни фақат шу нархдан келиб чиқиб амалга ошира олмайди, деганидир.

Шунингдек, божхона қийматини аниқлашда ишлаб чиқарувчининг расмий дилерлари ва дистрибюторлари тақдим этган нарх маълумотларидан ҳам фойдаланилади.

Фармонда бундан ташқари, тадбиркорларга божхона қиймати бўйича олдиндан қарор олиш амалиётини жорий этиш ҳам белгиланган. Бу импорт қилувчи учун товар божхонадан ўтказилмасидан олдин унинг божхона қиймати бўйича масалани аниқлаштириш имконини беради.

2027-йилдан божхона расмийлаштируви соддалашади

2027-йил 1-июндан божхона расмийлаштирувида тадбиркорлар учун бир нечта янги енгилликлар жорий этилади. Улар ҳужжатларни расмийлаштириш, ортиқча тўловларни қайтариш, транзит ва товарларни тезроқ чиқариш жараёнларига тааллуқли.

Биринчидан, келиб чиқиш сертификати билан бошқа ҳужжатлар ўртасида товарнинг хусусиятига таъсир қилмайдиган кичик тафовутлар аниқланса, фақат шу сабаб билан сертификатни рад этишга йўл қўйилмайди.

Экспорт қилувчилар учун экологик сертификатни мажбурий олиш талаби ҳам бекор қилинади. У экспортчининг ихтиёрий мурожаатига асосан расмийлаштирилади.

Божхонада ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш жараёни ҳам соддалашади. Бунинг учун ариза топшириш, уни кўриб чиқиш ва жавоб юбориш жараёнлари марказлашган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.

Яна бир муҳим ўзгариш — айрим ҳолатларда божхона декларациясини тўғридан-тўғри қайта расмийлаштириш орқали аввал тўланган бож ва солиқларни қайтариш ҳамда тариф имтиёзларини тиклаш имконияти берилади.

Масалан, реэкспорт (товарни қайта сотиш) вақтида қонунчиликдаги талаблар бажарилиб, чегара божхона постидаги назорат якунланган бўлса, аввал тўланган божхона божи ва солиқлар қайтарилади.

Шунингдек, товар божхона тўловлари тўланиши керак бўлган режимга қабул қилинган кундан бошлаб бир йил ичида тегишли тарзда расмийлаштирилган келиб чиқиш сертификати тақдим этилса, энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими тикланади.

Бундан ташқари, товар эркин муомалага чиқарилгандан кейинги божхона назоратида келиб чиқиш сертификати нотўғри расмийлаштирилгани аниқланса, божхона расмийлаштируви санасидан бошлаб уч йил ичида тўғри сертификат тақдим этиш орқали тариф преференцияларини тиклаш ҳуқуқи берилади. Бунда халқаро нормаларда назарда тутилган истиснолар сақланиб қолинади.

Транзит юклари бўйича ҳам янги имконият пайдо бўлади: транзит декларациясини транспорт воситаси чегара божхона постига етиб келишидан олдин топшириш мумкин бўлади.

Божхона декларациясини олдиндан топшириш тартиби ҳам соддалаштирилади. Дастлабки божхона юк декларацияси ваколатли идоралардан товар учун керакли сертификат ва рухсатномаларни олишга ариза сифатида қабул қилинади.

Паст хавф даражасидаги товарлар бўйича ваколатли идоралар ушбу ҳужжатларни олдиндан расмийлаштириши мумкин бўлади. Шундан кейин якуний декларацияда мазкур сертификат ва рухсатномаларни алоҳида кўрсатиш талаби бекор қилинади. Товар чегара божхона постига етиб келгач, унинг хавф даражасига қараб тезлаштирилган тартибда чиқарилади. Ушбу тартибни қўллаш босқичлари ва тартибини Божхона қўмитаси белгилайди.

Яна бир енгиллик ваколатли иқтисодий операторлар учун берилади. Уларнинг экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса, бунинг учун молиявий жарималар қўлланмайди.

Содда қилиб айтганда, 2027-йил 1-июндан божхона расмийлаштирувида ҳужжатлардаги кичик тафовутлар сабабли сертификатни рад этиш чекланади, айрим сертификатлар ихтиёрий бўлади, ортиқча тўловларни қайтариш электронлаштирилади, транзит декларациясини олдиндан топшириш ва паст хавфли товарларни тезлаштирилган тартибда чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Божхона стратегиясини амалга ошириш учун 1,7 трлн сўм сарфланади

«Ўзбекистоннинг янги божхонаси — 2030» стратегиясини 2026–2030-йилларда амалга ошириш учун жами 1,7 трлн сўм капитал қўйилма режалаштирилган. Ҳужжатда бу маблағлар бир неча манба ҳисобидан молиялаштирилиши кўрсатилган.

Жами маблағнинг 1,5 трлн сўми Божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан йўналтирилади. Яна 109 млрд сўм давлат бюджетидан, 78 млрд сўм эса Рақамли технологиялар маркази маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Маблағларни йиллар кесимида тақсимлаш қуйидагича:

  • 2026 йил — 175 млрд сўм

  • 2027 йил — 387 млрд сўм

  • 2028 йил — 352 млрд сўм

  • 2029 йил — 405 млрд сўм

  • 2030 йил — 397 млрд сўм

Шундай қилиб, стратегияни амалга ошириш учун беш йил давомида жами 1 трлн 716 млрд сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 205

Barchasi

Mavzuga oid