Аёллар эркакларга қараганда ўртача 18 фоиз кам маош олади — БМТ
Сўнгги икки йилда гендер тенглиги масалалари билан шуғулланувчи ҳар тўртта давлат тузилмасидан бири операцион бюджетининг қисқаришига дуч келган, ҳар учтадан бири эса институционал ваколатларининг бир қисмидан маҳрум бўлган.
© Ijtimoiy tarmoqlarДунё бўйича аёллар ўртача ҳисобда эркакларга қараганда 18 фоиз кам даромад олади. Бу ҳақда ҳар йили 18-сентябрда нишонланадиган Халқаро тенг меҳнат ҳақи куни арафасида Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жилбер Унгбо ўз мурожаатида маълум қилди.
Ташкилот матбуот хизматининг хабар беришича, у «оддий, аммо асосий тамойил»ни эслатган: бир хил қийматга эга меҳнат учун тенг ҳақ тўланиши керак.
«Гап меҳнати оилалар, корхоналар, жамоалар ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлайдиган, аммо ҳанузгача адолатли ҳақ олмаётган миллионлаб аёллар ҳақида кетмоқда. Бу ўзгариши керак», — деди у.
Унгбонинг сўзларига кўра, ҳукуматлар, иш берувчилар ва ходимлар биргаликда ҳаракат қилиб, мавжуд адолатсизликнинг асосида ётган тизимли тўсиқларни бартараф этиши, шунингдек, тенг меҳнат ҳақини таъминлашга хизмат қиладиган қонунчилик ва институтларни мустаҳкамлаши мумкин. Ижтимоий мулоқот, жумладан, жамоавий музокаралар орқали аёллар меҳнатининг етарлича баҳоланмаслиги муаммосини ҳал қилиш, иш ҳақи шаффофлигини ошириш, янада адолатли маош тизимларини яратиш ва аёлларга ўз иқтисодий ҳаётини шакллантиришда тенг овоз бериш имконини таъминлаш мумкин.
«Меҳнат соҳаси чуқур ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, аммо бизнинг тамойилларимиз ўзгаришсиз қолмоқда. Тенг меҳнат ҳақи — бу ҳуқуқлар, тамойиллар, қадр-қиммат ва ижтимоий адолат масаласидир — қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ходим учун», — деди Жилбер Унгбо.
Гендер тафовутини бартараф этиш
«БМТ-Аёллар» тузилмасининг таъкидлашича, тенг қийматли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойили нафақат адолат масаласи, балки иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳам ҳисобланади. Иш ҳақидаги гендер тафовути аёлларнинг бутун ҳаёти давомидаги даромадларининг камайишига, пенсия жамғармаларининг қисқаришига ва ижтимоий тенгсизликнинг кучайишига олиб келади.
«БМТ-Аёллар» тузилмаси энг заиф гуруҳлар, жумладан, мигрантлар, ногиронлиги бўлган аёллар ҳамда ирқий ва этник озчилик вакилларининг ҳолатига алоҳида эътибор қаратди. Улар учун иш ҳақидаги тафовут кўпинча янада каттароқ бўлади.
Ташкилот баёнотида қайд этилишича, 2026-йилда тенг меҳнат ҳақи масаласини илгари суриш борасида маълум тараққиётга эришилган. БМТ Аёллар мақоми бўйича комиссиясининг 70-сессиясида ҳукуматлар, иш берувчилар ва ходимлар вакиллари аёлларнинг меҳнат бозорида тўлиқ иштирок этишига тўсқинлик қилаётган тизимли барерларни бартараф этишга тайёр эканини тасдиқлаган.
«БМТ-Аёллар» тузилмаси гендер тафовутини бартараф этиш мумкинлиги, аммо бунинг учун ҳар бир аёл меҳнатини адолатли баҳолашни таъминлайдиган қатъий чоралар зарурлигини таъкидлади.
БМТ ҳисоботига кўра, ҳозирги тараққиёт суръати сақланиб қолса, гендер тенглигига эришиш учун 171 йил талаб этилади.
Шу билан бирга, мазкур муаммоларни ҳал қилиш масаласи аста-секин энг устувор вазифалар қаторидаги ўрнини йўқотмоқда. Халқаро ёрдам дастурларини молиялаштириш кенг кўламда қисқариб бораётган бир пайтда, гендер тенгсизлигига қарши курашишга қаратилган лойиҳалар энг кўп зарар кўрган йўналишлар қаторига кирди.
Бундай ташаббусларни молиялаштириш ҳажми 2021-йилдан бери энг паст даражага тушди. Сўнгги икки йилда гендер тенглиги масалалари билан шуғулланувчи ҳар тўртта давлат тузилмасидан бири операцион бюджетининг қисқаришига дуч келган, ҳар учтадан бири эса институционал ваколатларининг бир қисмидан маҳрум бўлган.
Шу билан бирга, БМТнинг 42 та тузилмаси молиялаштириш қисқариши сабабли гендер тенглигини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини мажбуран сусайтиришга тўғри келганини маълум қилди.
«Ҳисоботда қайд этилган маълумотлар бундай ҳолат муқаррар эмаслигини кўрсатмоқда. Гендер тенглигига, тегишли институтларга ва ҳисобдорликни таъминлайдиган статистик тизимларга сармоя киритиш харажат эмас, балки 2030-йилгача барча учун тенг имкониятларни таъминлаш ваъдасини амалга оширишнинг энг тезкор йўлидир», — деди БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Цзюнхуа.
