«Барча раҳбарлар иш услуби, ёндашуви, керак бўлса, дунёқарашини мутлақо ўзгартириши зарур» — Президент
Президент глобал беқарорлик шароитида эскича ишлаш хато эканини таъкидлаб, банк тизимида сунъий интеллект орқали самарадорликни оширишни талаб қилди.
© Президент матбуот хизматиШавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида глобал зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда дунё аввалгидек сокин бўлмаслигини таъкидлади.
«Бундай вазиятда барча раҳбарлар ўзи одатланиб қолган иш услуби, ёндашуви, керак бўлса, дунёқарашини мутлақо ўзгартириши зарур», – деди Президент.
Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилган маблағ
Маълум қилинишича, жорий йилда банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 140 триллион сўм йўналтирилмоқда. Айрим ҳудудларда бу маблағлар юқори самара берган. Хусусан, Ширин шаҳрида ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида 13 та доимий иш ўрни яратилган
Паст натижа кўрсатган ҳудудлар
Бироқ айрим туманларда натижалар пастлиги танқид қилинди. Учкўприк, Пискент, Бўстонлиқ, Кармана ва Қўрғонтепа туманларида 1 миллиард сўм кредитга ўртача атиги 3 та иш ўрни тўғри келмоқда. Таъкидланишича, агар маблағлар самарали лойиҳаларга йўналтирилганда, қўшимча 36 минг иш ўрни яратиш ва яна 60 минг кишини норасмий иқтисодиётдан чиқариш имкони бўларди.
Президент кредит ажратиш жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳудудий банк ходимларини ушбу технологияларга ўқитиш ишлари суст кечаётгани қайд этилди.
Соҳадаги масъулларга туман банк ходимларини сунъий интеллектга ўқитишни бошлаш ва банкларда «Сунъий интеллект маслаҳатчиси» платформасини ишга тушириш топширилди. Ушбу тизим тадбиркорларга лойиҳаларни баҳолаш, рискларни таҳлил қилиш ва бозор талабини аниқлашда амалий ёрдам кўрсатиши кутилмоқда.





