Logo

Доллар 2026-йилдаги энг паст даражага тушиб кетди

Bugun 16:512 daqiqa

Сўмга нисбатан доллар курси 8 ойлик энг паст кўрсаткични кўрсатмоқда.

Доллар 2026-йилдаги энг паст даражага тушиб кетди © Foto: Bloomberg

Марказий банк томонидан Ўзбекистонда 6-август куни амал қиладиган АҚШ долларининг расмий курси 55,49 сўмга пасайиб, 11 минг 886,72 сўм этиб белгиланди.

Долларнинг бу курси 2025-йилнинг 3-декабрь санасидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Июль ойида доллар курси сўмга нисбатан деярли ўзгаришсиз қолганди. Июн ойида эса мустаҳкамланиш кузатилганди.

Бироқ августда доллар курси қадрсизланишни бошлади. Дастлабки 4 иш куни ичида курс қарийб 120 сўмга тушиб кетди.

Умуман олганда, доллар йил бошидан бери 12 минг 4,41 сўмлик даражадан 1,2 фоизга қадрсизланди.

Доллар курси Ўзбекистонда қандай шаклланади?

Ўзбекистонда доллар курси Республика валута биржасидаги савдолар асосида шаклланади. Бу ерда банклар хорижий валутани сотиб олади ва сотади, курс эса талаб ва таклиф мувозанатига қараб белгиланади.

Импорт тўловлари ортса харид кучайиб, курс кўтарилиши мумкин, экспорт тушумлари ва валута таклифи ошса эса аксинча босим камаяди.

Савдолар якунларига кўра Марказий банк расмий доллар курсини эълон қилади. Банклардаги сотиб олиш ва сотиш курслари эса хизмат харажатлари ҳамда валута хатарлари ҳисобига расмий курсдан фарқ қилади.

Сўм нега долларга нисбатан кучли бўлиб қолмоқда?

Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳолати, экспорт тушумлари ва биржадаги талаб-таклиф омилига боғлиқ.

2026-йил биринчи ярим йиллигида мамлакат иқтисодиёти 8,5 фоизлик ўсишни қайд этди. Бу ярим йил учун сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Январ—май ойларида жисмоний шахсларнинг чет эл валутасига бўлган таклифи талабдан деярли икки баробар юқори бўлди.

5 ойда аҳоли банкларга 10,2 млрд долларлик хорижий валута сотган бўлса, уларнинг банклардан сотиб олган валута миқдори 5,5 млрд долларни ташкил қилди.

Бундан ташқари, геосиёсий кескинликлар, глобал нотинчлик ва хавотирли иқтисодий вазият фонида долларнинг глобал мавқеи аввалгидек эмас. Бу ҳам сўнгги йилларда сўмнинг долларга нисбатан бардошли бўлишига ҳисса қўшмоқда.

Teglar

Mavzuga oid