Эрон билан уруш дунёда янги ядровий пойгани бошлаб беради — «Bloomberg»

Bugun 09:013 daqiqa

Трампнинг Эрон сиёсати ва Саудия Арабистонига ядровий технологиялар берилиши ядровий қуролланишнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин. Қиёмат соати 85 сонияга яқинлашди.

Эрон билан уруш дунёда янги ядровий пойгани бошлаб беради — «Bloomberg»

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари ва зиддиятли ташқи сиёсати дунёда ядровий пойганинг қайта тикланишига сабаб бўлиши мумкин. «Bloomberg» таҳлилларига кўра, АҚШ маъмурияти Саудия Арабистонига уранни бойитиш ва қайта ишлаш технологияларини топширгани маълум бўлди. Бу воқеа Трампнинг Эронга ядровий дастурдан воз кечиш бўйича ултиматум қўйган бир пайтда содир бўлмоқда, бу эса минтақадаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Халқаро тарангликнинг ортиши кўплаб мамлакатларни ўз ядровий позициясини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Илгари Американинг «ядровий соябони»га таянган Германия ва Полша буёғига Франциянинг стратегик тийиб туриш тизимини кенгайтириш таклифини кўриб чиқмоқда. Осиёда эса вазият янада жиддий: Жанубий Корея аҳолисининг 75 фоиздан ортиғи ўз ядровий салоҳиятини яратишни қўллаб-қувватламоқда, Японияда эса Хитой билан муносабатлар ёмонлашуви фонида ядровий қуролга эга бўлиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда.

Инқироз қуроллар устидан назорат тизимининг кучсизланиши билан янада чуқурлашмоқда. Жорий йилнинг январь ойида «Қиёмат соати» (Doomsday Clock) миллари ярим тунгача 85 сония қолганини кўрсатди — бу лойиҳа тарихидаги энг хавфли нуқтадир. Бунга Эрон ядровий объектларига ҳужумлар, АҚШнинг 30 йиллик танаффусдан сўнг ядровий синовларни қайта бошлаш режалари ва Россия билан қуролларни назорат қилиш бўйича сўнгги шартнома муддати тугагани асосий сабаб бўлди.

 

Ядровий каскад хавфи

Экспертлар ядровий қуролнинг «каскадли тарқалиши» хавфидан огоҳлантирмоқдалар. Агар Жанубий Корея ядровий қурол яратса, унинг ортидан Япония ва Тайван ҳам худди шу йўлни танлаши мумкин, бу эса Хитойда саросима уйғотади. Худди шундай хавотирлар Яқин Шарқ учун ҳам амал қилади: Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ядровий рақобат бутун минтақани хавф остига қўяди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гроссининг таъкидлашича, ядровий давлатлар сонининг кўпайиши дунёни хавфсизроқ қилмайди, аксинча, глобал хавфларни геометрик прогрессияда оширади. Ядровий тийиб туриш тизими ўрнига ядровий хаос юзага келиши эҳтимоли кучаймоқда, бу эса ҳар қандай локал можарони глобал ҳалокатга айлантириши мумкин.

 

Буюк давлатларнинг салоҳияти

Ядровий давлатларнинг ҳарбий қуввати ўсишда давом этмоқда. Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Хитойда ҳозирда 600 дан ортиқ ядровий каллаклар мавжуд ва 2030 йилга бориб уларнинг сони 1000 тага етиши мумкин. Пекин қитъалараро баллистик ракеталар ва ҳипертовушли қуролларни жадал ривожлантирмоқда. Шимолий Корея эса ядровий каллаклар ўрнатиш имкониятига эга баллистик ракеталарни мунтазам равишда синовдан ўтказмоқда.

АҚШ ва Россия ўртасидаги ядровий қуролларни чеклаш бўйича сўнгги келишувларнинг амал қилиш муддати тугаши қуролланиш пойгаси учун «яшил чироқ» бўлиб хизмат қилмоқда. Янги шароитда халқаро хавфсизлик архитектураси бутунлай парчаланиб кетган кўринади. Дунё ҳамжамияти яқин йилларда ядровий қуролсизланиш эмас, балки унинг янги ва янада хавфлироқ босқичига гувоҳ бўлиши башорат қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid