Эрон Саудия Арабистонидаги нефт заводига зарба берди
Эрон зарбаси сабаб «Aramco» нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини тўхтатди.
© Foto: Bloomberg.comЭрон 2-март куни Саудия Арабистонидаги «Aramco» компаниясига қарашли нефтни қайта ишлаш заводига дрон орқали зарба берди. «Bloomberg» хабарига кўра, ҳужум дунёдаги энг йирик нефт экспорт марказларидан бири саналган Рас Танура шаҳрида содир бўлган.
Корхона кунига 550 минг баррел нефт хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга эди. Дрон зарбасидан сўнг завод фаолияти тўхтатилди. Манбаларга кўра, ҳудудда юзага келган ёнғин назоратга олинган, ҳозирда етказилган зарар миқдори баҳоланмоқда.
Саудия Арабистони ҳукумати ва «Aramco» матбуот хизмати ҳозирча расмий изоҳ бермади.
Қескин бозор реакцияси
Ҳодисадан кейин халқаро бозорларда нефт нархи кескин ошди. Лондон шаҳридаги «ICE Futures Europe» биржаси маълумотларига кўра, «Brent» нефтининг май ойи учун фючерс шартномалари 13,04 фоизга қимматлашган.
1 март кечқурун бир баррел нархи 82,37 долларга етиб, 2024 йил июлидан буён энг юқори даражани қайд этди. Илк сакрашдан кейин нарх бироз пасайган бўлса-да, ўсиш суръати тахминан 9 фоиз атрофида сақланиб қолди.
Таҳлилчилар фикрича, бозор иштирокчилари минтақадаги ҳарбий хатарлар узоқ муддатли таъминот узилишларига олиб келишидан хавотирда.
Ҳўрмуз омили
Эрон 28 феврал куни ўз ҳудудига берилган зарбалардан сўнг Ҳўрмуз бўғози орқали савдони тўхтатишини эълон қилди. Мазкур стратегик йўлак орқали жаҳон нефт таъминотининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган газ етказиб беришнинг 30 фоизигача қисми ўтади.
Теҳрон қарори ортидан камида 150 та нефт танкери бўғоз яқинида тўпланиб қолди. Агар кемалар ҳаракати тўлиқ тўхтатилса, кунига 10 миллион баррелгача нефт танқислиги юзага келиши мумкин. Бу эса глобал истеъмолнинг қарийб 10 фоизига тенг бўлиб, энергия бозорида янада катта беқарорлик хавфини кучайтиради.





