Мирзамаҳмудовнинг Бакиров устидан аризаси: муаммони ҳал қилиш ўрнига энергоцензурами?

Bugun 18:159 daqiqa

Энергетика вазирининг Отабек Бакировга қарши шикояти жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Фаоллар вазирликни муаммоларни ечиш ўрнига, танқидчиларни таъқиб қилиш ва «энергоцензура» ўрнатишга уринишда айблаб, сўз эркинлиги бўйича жиддий хавотир билдирмоқда.

Мирзамаҳмудовнинг Бакиров устидан аризаси: муаммони ҳал қилиш ўрнига энергоцензурами?

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов томонидан берилган шикоят юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган қарор бекор қилинди. Маълумотларга кўра, иш ҳозирда қайта кўриб чиқиш жараёнига киритилган.

Вазир аввалги аризаси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилганидан сўнг, 2024-йил 26-декабр куни «Bakiroo» телеграм каналида эълон қилинган бир неча серияли постларга ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилган эди.

Шундан сўнг, қарийб 14 ой давомида мазкур иш бўйича текширув олиб борилди. 2026-йил 23-январ куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бироқ, 2026 йил 25 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси мазкур қарорни бекор қилди. Натижада иш қайта кўриб чиқиш учун Яшнобод тумани ИИБга юборилди.

«Мирзамаҳмудов шикоятининг мазмуни 2024 йил декабр ойида метан заправкаларда газ бор-йўқлиги ва навбатлар ҳақида маълумот беради, дея тақдим этилган Avto24 иловасига билдирилган эътирозлар, шунингдек Тошкент туманида «режага чиқиш учун» пайдар-пай газ ва электр ўчирилишлари билан боғлиқ», — деб ёзади Бакиров ўз блогида.

Бакировга кўра, шикоят ва қайта очилган иш қарийб 1,5 йил аввалги ҳолатлар билан боғлиқ бўлиб, вазият деярли ўзгармаган: у пост ёзаётган кунда ҳам электр таъминоти уч марта узилиб, жами қарийб 4 соат давом этган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганидан сўнг, жамоатчилик орасида кескин муҳокамалар ва турли муносабатларга сабаб бўлмоқда.


Жамоатчилик фаоллари нима дейди?

«Асосий эътибор муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки блогерни таъқиб қилишга қаратилмоқда»

Журналист Илёс Сафаров ушбу ҳолатни сўз эркинлиги билан боғлиқ умумий фон билан изоҳлайди. У «Чегара билмас мухбирлар» баҳосини эслатиб, вазият рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлайди.

«Айнан шу рамзий кунда иқтисодчи Отабек Бакировнинг энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг аризаси билан терговга чақирилгани тизимнинг бугунги қиёфасини яққол кўрсатиб берадигандек», — деб ёзмоқда Илёс Сафаров Telegram каналида.

Сафаровнинг фикрича, энг катта муаммо — соҳада реал муаммолар мавжуд бўлиб турган бир пайтда устуворликлар нотўғри қўйилаётганида. Унинг айтишича, газ ва электр узилишлари, метан заправкалардаги узун навбатлар ҳамда бажарилмаган ваъдалар фонида муаммони ёритган шахсларга босим ўтказилиши нотўғри ёндашув ҳисобланади.

«Соҳада узилишлар, метан шохобчаларидаги турнақатор навбатлар ва бажарилмаган ваъдалар қалашиб ётган бир пайтда, асосий эътибор муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки уларни ёзган блогерни ҳуқуқий таъқиб қилишга қаратилмоқда», — деб ёзмоқда Сафаров.

Шунингдек, у ишнинг аввал рад этилиб, орадан вақт ўтиб қайта тикланишини ҳам хавотирли тенденция сифатида баҳолайди. Бу ҳолат, унинг фикрича, мустақил фикр билдирувчиларга нисбатан босим сақланиб қолаётганини кўрсатади ва муаммони ҳал қилиш ўрнига ундан қочиш сифатида талқин қилинади.

«Бакировга нисбатан жиноят иши қўзғатиш аввал рад этилган бўлса-да, орадан шунча вақт ўтиб прокуратура қарори билан қайта тикланмоқда. Бу эса мустақил овозларга нисбатан ҳуқуқий босим давом этаётганидан далолат беради», дейди у.

Сафаровга кўра, соҳасида ислоҳотларни охирига етказмаган, аҳолини барқарор энергия билан таъминлашдек стратегик вазифада оқсаётган мулозимларнинг танқидчиларни судга бериши — бу ўз айбини жамоатчилик билан бўлишишдан қочиш, холос.

Сафаров фикри якунида вазиятни кескин баҳолайди: «Қизиқ, шундай усуллар ва матбуот харитасининг тобора қизариб бориши билан ўрнимиз ўз-ўзидан яхшиланишини кутишяптими? Ҳеч қачон! Ҳақиқатни айтиш ҳуқуқбузарлик саналадиган жамиятда эркинлик кўрсаткичлари «тўқ қизил» ҳудуддан ҳеч қачон чиқиб кета олмайди».

Журналист таъкидлашича, давлат хизматлари сифатини таҳлил қилиш ва танқидий баҳолаш — бу шу мамлакатда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг ажралмас, конституциявий ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Асосий қонун билан кафолатланган. Бакиров айнан шу ҳуқуққа таяниб фаолият юритмоқда. Аммо тизим мавжуд муаммоларни бартараф этиш ўрнига, таҳлилчининг ўзига қарши чиқишни танлаётгани хавотир уйғотади. Бу эса амалда сифатни оширишдан кўра, танқидни чеклаш устувор йўналишга айланиб бораётганини кўрсатади.

Фикри сўнггида Илёс Сафаров Отабек Бакировни қўллаб-қувватлашини билдирган.

«Бу иш матбуотга босим сифатида тарихда қолади»

BBC журналисти Ибрат Сафо мазкур ҳолатга муносабат билдириб, уни сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги нуқтайи назаридан баҳолайди.

«“Шонли энергетик” ларимизнинг бошлиғи бўлмиш Энергетика вазири Отабек Бакировни судга бергани Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтингда янада камроқ балл тўплагани билан бир вақтга тўғри келаётганида бир ҳикмат бордек. Суд экспресс тарзда эртага белгиланибди, айблов — ёлғон маълумот тарқатиш. Бу суд иши, қандай якун топишидан қатъий назар, ҳукумат томонидан матбуотга қилинаётган босим сифатида тарихда қолади».

У халқаро тажрибани мисол қилиб келтириб, сўз эркинлиги ривожланган давлатларда бундай ишлар қандай кўрилишини таъкидлайди:

«Сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги қадрланадиган давлатларда бу суд иши ё бекор қилинади ё журналист ёки блогер фойдасига ҳал бўлади. Масалан, АҚШда Трамп қанча журналистлар ва ОАВни судга бериш билан таҳдид қилган бўлса ҳам, муваффақиятли бўлмаган. Чунки 1960 йилда New York Times Sullivan ишида шундай прецедент яратилганки, журналист «қасддан хусумат» билан чиқиш қилмаган бўлса, унинг хабари учун жазолаш жуда қийин».

Ибрат Сафо, шунингдек. Ўзбекистонда судлар ҳар қандай давлат тараққиёти учун ўта-ўта муҳим ва бир куни ўзлари учун ҳам асқотиши мумкин бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишни исташса, журналист ва блогерлар ҳисобига ҳукмлар чиқаришни бошлашлари кераклигини таъкидлайди.

«Бакировнинг хабар ва таҳлиллари катта контекстда олиб қаралса, ундан жамиятга қанча фойда бор? Фойда чексиз, бу шубҳасиз. Яна ким мамлакатдаги энергетика тизимини у каби яхши билади ва сўроққа тута олади? Ҳеч ким. Унда қасддан хусумат ё адоват борми? Йўқ. Мақсади нима? Мақсади – Ўзбекистонда энергетика шаффоф бўлиши ва халқ учун ишлаши».

«Муаммо ҳақида гапирганлар билан эмас, муаммонинг ўзи билан шуғулланиш керак»

Таълим эксперти Комил Жалилов ҳам мазкур вазият юзасидан кескин фикр билдирган ва Отабек Бакировни қўллаб-қувватлашини очиқ баён қилган. Унинг таъкидлашича, давлат амалдорлари танқидга муносабатини қайта кўриб чиқиши зарур.

«Давлат тепасидагилар муаммо ҳақида гапирганлар билан эмас, муаммонинг ўзи билан шуғулланганларида бошқачароқ, яхшироқ Ўзбекистон бўларди, балки», дейди Комил Жалилов.

Шунингдек, Комил Жалилов амалдорларнинг жавобгарлиги ва очиқлиги масаласига алоҳида урғу беради:

«Агар халқ, солиқ тўловчилар тўлаётган пуллар ҳисобидан ойлик олаётган ва мана шу солиқ тўловчиларга ҳисобдор бўлиши керак бўлган амалдорларимиз — ким ва қайси лавозимда бўлишидан қатъи назар — агар танқидга тоқатсиз, салга «шаънлари, обрўлари азият чекадиган» бўлса — давлат ишини йиғиштириб қўйиб бошқа иш билан шуғулланишлари керак, менимча», — дейди у.

У, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтади:

«Ҳуқуқ-тартибот органларига эса шундоқ ҳам сўз эркинлиги чегаралари муттасил тораяётган Ўзбекистонда сўз айтишга журъат қилганлар эмас, ҳақиқий жиноятчилар, масалан, бюджетни «туя» қилаётганлар билан шуғулланишни маслаҳат берган бўлардим», — дея ёзган Жалилов.

«Илова ўшанда ишламагани, ҳамон бир йилдан буён янгиланмаётгани — факт-ку?»

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ижтимоий тармоқда энергетика вазири муаммони ҳал қилиш ўрнига уни тилга олганларнинг овозини ўчиришга уринаётганини таъкидлаган.

Унинг ёзишича, Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қайта-қайта мурожаатлари асосида ички ишлар органлари ҳар сафар жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ деб, иш очишни рад этган. Бироқ сўнгги аризага кўра, прокуратура қарори билан иш яна тикланган. Бунга экспертлар томонидан «обрўсизлантириш аломатлари бор» деган хулоса берилгани сабаб бўлган.

Энди Яшнобод тумани ИИБ ушбу хулосага таянган ҳолда Отабек Бакиров устидан маъмурий иш қўзғаб, ишни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига оширган.

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси «ёлғон ахборот тарқатиш» деб аталади. Унга кўра, шахснинг қадр-қимматини камситишга ёки уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни (жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки интернетда) тарқатиш учун БҲМнинг 50 баравари — 20 млн 600 минг сўм миқдорида жарима назарда тутилган.

«Ўзи бу модда 2020 йилдаги коронавирус пандемияси ва карантин чоғида ваҳимали ёлғон хабарлар урчиган пайтда МЖТКга тиркалувди. Қаранг, энди бу мақсадларда ҳам фойдаланилмоқда экан», — дея қўшимча қилган журналист.

Шокиржоновга кўра, Бакиров томонидан билдирилган танқидлар реал ҳолатларга — газ ва электр узилишлари ҳамда Avto24 иловасидаги камчиликларга асосланган бўлиб, бундан ёлғон ахборот сифатида хулоса қилиш нотўғри.

«Модомики Ж. Мирзамаҳмудов танқидлардан ўзини обрўсизлантирилган деб ҳис қилган тақдирда ҳам, О.Бакиров буни ёлғон ахборот тарқатиш орқали амалга оширгани йўқ-ку? Илова ўшанда ишламагани, ҳамон бир йилдан буён янгиланмасдан келаётгани факт-ку?»

Шунингдек, у давлат маблағи ҳисобидан яратилган илованинг самарадорлиги юзасидан савол қўяди:
«Давлатнинг пулига яратилган илова нега рисоладагидек ишламаяпти, халқнинг оғирини енгил қилмаяпти — бу ҳеч кимни қизиқтирмаяптими? Масалан, энергоаризани қониқтирган ўша прокуратурани?»

Шокиржонов кейинги постида МЖтКнинг 36-моддасига кўра, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкинлигина урғу берган.

«Модомики, ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилган тақдирда ҳам, Мирзамаҳмудовнинг аризасида обрўсизлантирди, деб топилган постларнинг сўнггиси 2024 йилнинг 9 декабрида ёзилган.

Демак, маъмурий жазо қўллаш мумкин бўлган бир йиллик муддат 2025 йилнинг 9 декабрида ўтиб бўлган. Суд ҳам эртага буни инобатга олса керак», деб хулосалаган у.

Шунингдек, One Nexus Group асосчиси Нодир Рузматов эса давлат арбобининг ҳақиқий маҳорати фуқаролар билан баҳслашишда эмас, балки тизимдаги муаммоларни ҳал қилишда намоён бўлишини қайд этган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда мазкур вазият энергетика тарифлари оширилиши мумкинлиги фонида юз бераётгани ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Айрим фойдаланувчилар воқеа ортидан тарифлар оширилиши эҳтимоли борлигини ҳам тахмин қилмоқда.

Аввалги можаро: «Сағбон» подстанцияси атрофидаги баҳслар

Бу Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг Отабек Бакировга қарши ёзган биринчи аризаси эмас. Аввалроқ ҳам вазир прокуратура ва ИИВга иқтисодчига нисбатан шикоят аризаси киритганини Бакировнинг ўзи маълум қилган.

Унинг айтишича, шикоят берилишига Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманига электр энергияси етказиб берувчи «Сағбон» подстанцияси билан боғлиқ мақола сабаб бўлган. Иқтисодчи ушбу нимстанциядаги доимий таъмирлаш ишлари ва трансформаторлар тез-тез алмаштирилаётганига бир неча бор эътибор қаратган. Жумладан, февралдан май ойигача Энергетика вазирлиги бу ерда юзага келган муаммолар ҳақида 6 марта хабар берган.

Бакиров «Сағбон» нимстанциясини «Мирзамаҳмудовнинг энергетиклари зерикса, трансформаторларини алмаштирадиган ёки таъмирлайдиган станция» дея таърифлаган. Шунингдек, у вазирдан «Кремл ва «Газпром»даги оғаларга оид вазифалардан бўшаб», шахсан ушбу подстанцияга келишни сўраган. «У ерда ё миллиардларни «ютaётган» қора ўпқон бор ё иккита туманнинг ювилмас қарғиши теккан», деб ёзган эди у.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур пост 2023-йил 5-июнда эълон қилинган бўлса, шикоят 2024-йил 10-октябрда — деярли бир ярим йил ўтиб берилган. Шу билан бирга, ариза беришдан олти кун олдин Мирзамаҳмудов Бакиров ҳам бошловчилардан бири бўлган «Лолазор» подкасти меҳмони бўлган.

«Вазир Мирзамаҳмудовга кўра, пост мазмунида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд ва бу бўйича менга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши лозим», — дейилади хабарда.

Бакировнинг таъкидлашича, «Лолазор» подкастининг биринчи сони учун энергетикларнинг таклифига кўра лойиҳа иштирокчилари вазир ташрифи кутилаётган «Сағбон» нимстанциясида бўлиб, кичик репортаж тайёрлашган.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шундан кейин бизнинг Тошкент тумани «Сағбон»дан узилган ва электр энергиясини бошқа — туманимиздаги подстанциялардан олмоқдамиз», — дейди у. Иқтисодчи шикоят «фуқаро Мирзамаҳмудов томонидан эмас, балки вазир Мирзамаҳмудов томонидан берилган»ини алоҳида таъкидлайди.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам, вазирнинг бу ҳаракатини энергоцензурага уриниш деб қабул қилдим. Қисқача айтганда, аҳволи тобора оғирлашаётган энергетика соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, танқидни тўхтатишга ва ёпиқ муҳитни кучайтиришга уриниш деб баҳолайман», — деган эди у.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эса энергетика вазирининг мазкур шикояти асосида Бакировга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этган.

«Бошқарма қарорига, хусусан, АОКА томонидан ўтказилган экспертиза хулосасида вазир шикоятида кўрсатилган важлар тасдиқланмагани, шунингдек, шикоятга сабаб бўлган пост ёзилганига 1,5 йилдан ортиқ вақт ўтганлиги асос қилиб олинган. Ички ишлар органларига мазкур иш юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ва ҳаракатлар учун фуқаровий ташаккур билдираман», — деб ёзган Отабек Бакиров.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 117

Barchasi

Mavzuga oid