Нега йирик СИ лабораториялари шунчалик кўп файласуфларни ишга ёллаяпти?
Улар сунъий интеллект учун ўзига хос «конституциялар» ишлаб чиқишда ёрдам беряпти
© Illustratsiya: Simon BaillyСунъий интеллект соҳасидаги энг йирик компаниялар тобора кўпроқ файласуфларни ишга олмоқда. «The Economist» нашри бу энди ноодатий ҳолат эмас, балки яққол кузатилаётган янги тенденция эканини ёзмоқда.
«Агар бундан ўн йил аввал гуманитар йўналиш талабаларига зудлик билан дастурлашни ўрганиш тавсия этилган бўлса, бугун вазият ўзгаряпти: дастурчиларнинг ўзи сунъий интеллект уларнинг айрим вазифаларини ўз зиммасига олиши мумкинлигидан хавотирда, файласуфларга эса талаб тобора ортиб боряпти», — дея ёзган нашр.
Бунинг сабаби шундаки, нейрон тармоқлар ривожи энди фақат технологик масалаларга эмас, балки ахлоқ, мантиқ ва қарор қабул қилиш билан боғлиқ саволларга ҳам тақалмоқда. Сунъий интеллект моделини қандай қилиб янада ҳалол ва ишончли қилиш мумкин? Унинг нотўғри ёки асоссиз жавоблар бериш эҳтимолини қандай камайтириш мумкин? Машина хавфсизлиги билан унинг эркин ҳаракат қилиши ўртасидаги чегара қаерда? Бугунги кунда бундай саволларни нафақат муҳандислар, балки этика ва фалсафа мутахассислари ҳам муҳокама қиляпти.
Файласуфлар компанияларга сунъий интеллект учун ўзига хос «конституциялар» — модел амал қилиши керак бўлган қоидалар мажмуасини ишлаб чиқишда ёрдам беряпти. Масалан, «Anthropic» компанияси Claude модели тамойилларини яратишда Иммануил Кант ғоялари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда айрим технологик компанияларнинг фойдаланувчи келишувларига таянган. Бундай ҳужжатлар сунъий интеллект нималарни қилиши мумкинлиги ва мумкин эмаслигини, хавфли сўровларга қандай жавоб бериши ҳамда ахлоқий меъёрларга қанчалик қатъий риоя қилиши кераклигини белгилайди.
Ҳозирги кунда сунъий интеллект саноатида асосан икки йирик ахлоқий ёндашув ўртасида баҳс кетяпти. Биринчиси — деонтология бўлиб, унда қатъий қоидаларга амал қилиш муҳим ҳисобланади: ёлғон гапирмаслик, зарар етказмаслик ва инсондан восита сифатида фойдаланмаслик. Иккинчиси эса консеквенциализм бўлиб, унда қарорлар уларнинг оқибатлари ҳамда фойда ва зарар мувозанатига қараб баҳоланади. Айнан шу икки ёндашув бугунги кунда чат-ботлар, учувчисиз автомобиллар ва ҳатто ҳарбий сунъий интеллект тизимларини яратишда асосий мезонлардан бири бўлиб хизмат қиляпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фалсафий тайёргарлик нафақат ахлоқий масалаларни ҳал қилишда, балки сунъий интеллектнинг фикрлаш сифатини яхшилашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, Суқрот усули моделга аниқлаштирувчи саволлар беришни, қарама-қаршиликларни пайқашни ва ўзига ортиқча ишонч билан жавоб бермасликни ўргатади.
Шу тариқа, фалсафа кутилмаганда сунъий интеллект даврининг энг истиқболли йўналишларидан бирига айланяпти. Баъзи одамлар машиналар инсонларни иш ўринларидан сиқиб чиқаришидан хавотир олаётган бир пайтда, бошқалар эса айнан шу машиналарга қандай фикрлаши ва қандай қарор қабул қилиши кераклигини тушунтириш орқали янги касб ва имкониятларга эга бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Claude ишлаб чиқувчиси сунъий интеллект ривожини секинлаштиришга чақирганди.