Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчиси 14 йиллик миссиясини якунлади
Дипломат икки давлат муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.
© Foto: t.me/bakhtiyor_saidovОзарбойжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев мамлакатдаги 14 йиллик дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов дипломат билан ўтказилган хайрлашув учрашувида маълум қилди.
Элчининг хизматлари эътирофи
Учрашув давомида Гусейн Гулиевнинг Ўзбекистондаги самарали фаолияти ҳамда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди. Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, элчи ушбу йиллар давомида нафақат Озарбойжоннинг муносиб вакили, балки дипломатик корпус дуайени сифатида ҳам юксак ҳурмат ва эътирофга сазовор бўлган.
Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги дўстлик ҳамда биродарлик алоқаларини ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун Гусейн Гулиев Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган. Вазир дипломатга миннатдорлик билдириб, унинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Бундан аввалроқ, 22 июн куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам дипломатик миссиясини якунлаётган Гусейн Гулиевни қабул қилган эди. Ушбу қабул доирасида давлат раҳбари озарбойжонлик дипломатни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлаган.




