Logo

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ХВЖдан қанча қарздор?

Bugun 12:485 daqiqa

Ҳозир Қозоғистоннинг жамғарма олдида қайтарилмаган кредити мавжуд эмас. Қозоғистондан фарқли равишда, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон кейинги йилларда ХВЖнинг кредит ёрдамидан фойдаланишда давом этди. Айниқса, 2020-йилда пандемия сабаб уларнинг ХВЖ олдидаги қарзи кескин ошди. Ўша пайтда жамғарма давлатларга тўлов баланси ва бюджетдаги шошилинч эҳтиёжларни қоплаш учун тезкор молиявий ёрдам кўрсатган. Туркманистон бошиданоқ ХВЖ билан ҳеч қандай молиявий операция амалга оширмаган.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ХВЖдан қанча қарздор? © Ijtimoiy tarmoqlar

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) инқирозга дуч келган, ташқи молиялаштириш етишмаётган ёки иқтисодиётида бошқа муаммолар юзага келган давлатларга молиявий ёрдам берувчи энг йирик ташкилотлардан бири бўлиб қолмоқда. 2026-йил 8-сентябр ҳолатига кўра, ХВЖнинг қайтарилмаган кредитлари умумий ҳажми 124,3 миллиард SDRни ташкил қилган.

SDR — махсус қарз олиш ҳуқуқи бўлиб, ХВЖ ҳисоб-китобларида ишлатиладиган бирликдир. Унинг қиймати дунёнинг асосий валюталаридан ташкил топган сават асосида белгиланади. Шу санада 1 SDR 1,37 АҚШ долларига тенг бўлган. Шунга кўра, ХВЖнинг қайтарилмаган кредитлари умумий миқдорини тахминан 170,6 миллиард доллар деб баҳолаш мумкин.

ХВЖдан энг кўп қарздор давлат — Аргентина. Унинг қарзи 42,6 миллиард SDR ёки 58,4 миллиард долларни ташкил қилади. Кейинги ўринларда Украина — 10,9 миллиард SDR ёки 14,9 миллиард доллар, Покистон — 8 миллиард SDR ёки 11 миллиард доллар, Миср — 7,9 миллиард SDR ёки 10,8 миллиард доллар ва Эквадор — 7,1 миллиард SDR ёки 9,8 миллиард доллар билан турибди.

Кейинги бешликка Кот-д’Ивуар — 4,1 миллиард SDR, Гана — 3 миллиард SDR, Бангладеш — 2,9 миллиард SDR, Кения — 2,8 миллиард SDR ва Конго — 2,4 миллиард SDR билан киради.

Энг кўп қарздор бўлган 10 та давлатнинг умумий қарзи ХВЖдаги барча қайтарилмаган кредитларнинг қарийб 74 фоизини ташкил қилади. Шундан 61 фоиздан кўпроғи фақат дастлабки беш давлат ҳиссасига тўғри келади. Энг йирик қарздор давлатларнинг катта миқдордаги қарзлари, жумладан, сўнгги йилларда амалга оширилган йирик молиявий барқарорлаштириш дастурлари билан боғлиқ. 2025-йилнинг апрел ойида ХВЖ Аргентина учун 20 миллиард долларлик дастурни тасдиқлаган. 2026-йилнинг феврал ойида эса Украина учун 8,1 миллиард долларлик дастур маъқулланган.

Миср учун амалдаги дастур ҳажми 2024-йилнинг март ойида 3 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача оширилган. Покистонга эса ўша йил сентябр ойида 7 миллиард долларлик молиялаштириш тасдиқланган. Бу дастурларнинг асосий мақсади — мамлакатларда иқтисодий барқарорликни сақлаш ва ташқи молиялаштиришга бўлган эҳтиёжни қоплаш.

1



Шундай қилиб, ХВЖнинг йирик кредитлари асосан мамлакатларда жиддий ички ёки ташқи муаммолар юзага келганидан кейин иқтисодиётни барқарорлаштириш зарурати билан боғлиқ.

Марказий Осиёда эса COVID-19 пандемияси даврида қарздорлик кескин ошган бўлса-да, кейинги йилларда вазият тескари томонга ўзгарди: минтақа давлатларининг ХВЖ олдидаги қарзи босқичма-босқич камайиб бормоқда. Узоқ муддатли даврга қарайдиган бўлсак, Марказий Осиё давлатларининг ХВЖ олдидаги қарзи сезиларли даражада камайган. 1999-йил охирида минтақанинг ХВЖ олдидаги қарзи 693,9 миллион SDR бўлган. 2008-йилга келиб бу кўрсаткич 116,6 миллион SDRгача тушган. Кейинчалик қарз яна ошиб, 2013-йилда 236 миллион SDRга етган. Шундан сўнг яна камайиб, 2019-йил охирига келиб 123,7 миллион SDRни ташкил қилган.

2020-йилда эса кескин ўсиш кузатилди. Пандемия сабаб минтақанинг ХВЖ олдидаги қарзи 684 миллион SDRга етди. Шундан кейин қарз ҳар йили камайиб борди ва 2025-йил охирига келиб 271,9 миллион SDRни ташкил этди. Бу 2020-йилга нисбатан 60,2 фоизга кам. Бу ерда Қозоғистон алоҳида ўрин тутади.

Қозоғистон ХВЖ олдидаги қарзини 2000-йил 24-майдаёқ тўлиқ ёпган. Охирги муддатидан олдинги тўлов 295,8 миллион SDRни ёки ўша даврдаги курс бўйича тахминан 385 миллион долларни ташкил қилган. ХВЖнинг ўзи таъкидлаганидек, қарзни муддатидан олдин тўлашга мамлакатнинг ташқи иқтисодий аҳволи яхшилангани сабаб бўлган. Бунда Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулотлари, биринчи навбатда, нефть нархларининг ошиши ҳамда 1998–1999-йиллардаги Осиё ва Россия инқирозларидан кейин иқтисодиётнинг тикланиши муҳим роль ўйнаган.

Шу билан бирга, 1999-йил декабр ойида ХВЖ Қозоғистон учун 329,1 миллион SDR миқдорида кенгайтирилган молиялаштириш дастурини тасдиқлаган эди. Аммо Қозоғистон бу маблағлардан фойдаланмаган. Мамлакат ушбу дастурни эҳтиёт чораси сифатида кўрган. 2000-йил май ойида қарзини тўлиқ ёпгач, Қозоғистон ХВЖдан бошқа кредит олмаган. ХВЖ маълумотларига кўра, ҳозир Қозоғистоннинг жамғарма олдида қайтарилмаган кредити мавжуд эмас.

Қозоғистондан фарқли равишда, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон кейинги йилларда ХВЖнинг кредит ёрдамидан фойдаланишда давом этди. Айниқса, 2020-йилда пандемия сабаб уларнинг ХВЖ олдидаги қарзи кескин ошди. Ўша пайтда жамғарма давлатларга тўлов баланси ва бюджетдаги шошилинч эҳтиёжларни қоплаш учун тезкор молиявий ёрдам кўрсатган. Ўзбекистон 275,6 миллион SDR, яъни ўша даврдаги курс бўйича тахминан 375 миллион доллар олган. Тожикистонга 139,2 миллион SDR ёки тахминан 189,5 миллион доллар ажратилган. Қирғизистонга эса жами қарийб 242 миллион долларлик иккита тезкор молиявий ёрдам пакети берилган. Шундай қилиб, 2020-йилнинг охирида минтақа қарзининг катта қисми пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун берилган фавқулодда ёрдам билан боғлиқ бўлган.

«Коронавирус инқирози» давридаги кескин ўсишдан кейин минтақа давлатларининг ХВЖ олдидаги қарзи тез суръатда камайишни бошлади.

2



Айниқса, Ўзбекистонда қарз сезиларли даражада қисқарди. 2020-йил охирида Ўзбекистоннинг ХВЖ олдидаги қарзи 275,6 миллион SDR бўлган ва бу миқдор 2022-йилгача сақланиб қолган. Кейинчалик қарз:

2023-йилда — 229,7 миллион SDR;
2024-йилда — 137,9 миллион SDR;
2025-йил охирида — 82,8 миллион SDRни ташкил қилган.

Демак, беш йил ичида Ўзбекистоннинг ХВЖ олдидаги қарзи қарийб 70 фоизга камайган. 2026-йил 8-сентябр ҳолатига кўра, Марказий Осиёда фақат Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ХВЖ олдида қайтарилмаган қарзи мавжуд эди. Уларнинг жами қарзи 239 миллион SDR ёки тахминан 328 миллион долларни ташкил қилган. 2020-йил охирига нисбатан минтақанинг умумий қарзи қарийб 65 фоизга камайган. Қозоғистоннинг эса, юқорида айтганимиздек, ХВЖ олдида қайтарилмаган кредити йўқ.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Туркманистон бошиданоқ ХВЖ билан ҳеч қандай молиявий операция амалга оширмаган. Шу сабабли жамғармада бу мамлакат бўйича тегишли кредит маълумотлари мавжуд эмас ва ХВЖ бундай маълумотларни келтирмайди.

Марказий Осиёда ХВЖ олдидаги энг катта қарз Тожикистонга тегишли:

Тожикистон — 111,4 миллион SDR ёки тахминан 152,9 миллион доллар;
Ўзбекистон — 73,6 миллион SDR ёки тахминан 101,1 миллион доллар;
Қирғизистон — 54 миллион SDR ёки тахминан 74,2 миллион доллар.

Қозоғистоннинг ХВЖдан кредитлари бўлмаса-да, бу мамлакат фонд билан ҳамкорликни тўхтатган дегани эмас. Қозоғистон ХВЖ аъзоси бўлиб қолмоқда. ХВЖ мунтазам равишда мамлакат иқтисодиётининг ҳолатини баҳолаб боради. Бунинг учун одатда ХВЖ низомининг 4-моддаси доирасида иқтисодий маслаҳатлашувлар ўтказилади. Қозоғистон бўйича охирги шундай маслаҳатлашув ХВЖ Ижроия кенгаши томонидан 2026-йил январ ойида якунланган.

3

Умуман олганда, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари аввалги йиллардаги инқироз даврларига қараганда ХВЖ кредитларига анча кам эҳтиёж сезмоқда. Бироқ минтақадаги вазият барча давлатларда бир хил эмас: айрим мамлакатлар илгари олган кредитларини ҳали ҳам қайтармоқда, Қозоғистон эса кўп йиллардан бери ХВЖ билан кредит олмасдан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу маънода, қарздорлик динамикаси давлатларнинг ХВЖ билан қанчалик кўп ёки кам ҳамкорлик қилаётганини эмас, балки уларнинг молиявий ёрдамга қанчалик эҳтиёж сезаётганини кўпроқ кўрсатади.

Teglar

Mavzuga oid