Logo

Ўзбекистонда пулли автомобил йўлларини ташкил қилиш тартиби белгиланди

Bugun 12:251 daqiqa

Қонунга мувофиқ, пулли йўллар фақат ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги муқобил бепул автомобил йўли мавжуд бўлган тақдирдагина ташкил этилиши мумкин.

Ўзбекистонда пулли автомобил йўлларини ташкил қилиш тартиби белгиланди

Президент томонидан имзоланган янги таҳрирдаги «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонунда пулли автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби белгиланди.

Қонунга кўра, пулли автомобил йўлларини ташкил этиш тўғрисидаги қарор президент ёки ўз ваколатлари доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Бунда режалаштирилаётган пулли йўл билан бирга ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги ва фойдаланишга яроқли муқобил бепул автомобил йўли мавжуд бўлиши шарт.

Қандай тўлов қилинади?

Қонунга мувофиқ, фойдаланувчи транспорт воситасида пулли йўлдан ҳаракатланиш учун қуйидаги усуллардан бири орқали оператор билан оммавий шартнома тузади:
 
▪️ пулли автомобил йўлига кириш;
▪️ ҳаракатланиш учун тўловни тўлов пунктида тўлаш;
▪️ йўл талонини сотиб олиш.

Шунингдек, автомобил йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов транспорт воситаларининг юқори тезлик режимини ва бутун йўналиш бўйлаб юқори даражадаги сервис хизматини таъминлаш шарти билан жорий этилади.

Бошқа ўзгаришлар

Қонунга кўра, автомобил йўлларини сақлаш ва таъмирлаш ишлари йўл эгалари томонидан, заруратга қараб ихтисослаштирилган йўл ташкилотлари жалб қилинган ҳолда амалга оширилади.

Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобил йўлларида ҳаракатланиши эса фақат махсус ваколатли орган ёки унинг тизимидаги идоралар томонидан берилган махсус рухсатнома асосида мумкин бўлади.

Teglar

Mavzuga oid