Ўзбекистонликларга хориждаги компаниялар акцияларини сотиб олиш осонлашади
Фуқаролар йиллик 10 минг долларгача бўлган маблағни алоҳида рухсатсиз хорижий акциялар ва бошқа инвестицияларга йўналтириши мумкин бўлади.

Ўзбекистонда капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операциялари тартиби соддалаштирилди. Марказий банкнинг тегишли қарори 2026 йил 17 сентябрдан кучга киради.
Янги тартибга мувофиқ, жисмоний шахслар бир календарь йил давомида 10 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган маблағни чет элдаги компаниялар устав капиталига киритиш, уларнинг акцияларини сотиб олиш ёки бошқа инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ўтказиши мумкин.
Бироқ хориждаги брокерлик ва инвестиция ҳисобварақларини тўлдириш бўйича операциялар фақат лицензияга эга инвестиция воситачилари орқали амалга оширилади.
Қарор юридик шахслар учун ҳам имкониятларни кенгайтиради. Унга кўра, давлат улуши мавжуд бўлмаган корхоналар йил давомида 200 минг долларгача, давлат иштирокидаги корхоналар эса 100 минг долларгача маблағни хориждаги компанияларга инвестиция сифатида йўналтириши мумкин бўлади.
Шунингдек, давлат улуши мавжуд бўлмаган компанияларга хориждаги филиал ва ваколатхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш учун йилига 100 минг долларгача, давлат иштирокидаги корхоналарга эса 50 минг долларгача маблағ ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Марказий банк талабига кўра, резидентлар хориждаги инвестиция фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда хизмат кўрсатувчи бангга тақдим этиши шарт.
Маълумотлар ўз вақтида берилмаган тақдирда, бундай операциялар вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.





