Samsung янги Galaxy S26 ва S26 Ultra смартфонларини расман тақдим этди

26.02.2026 | 15:203 daqiqa

Янги серия дизайн жиҳатидан кескин ўзгармаган бўлса-да, техник имкониятлари сезиларли янгиланди ва базавий Galaxy S26 ва S26+ нархи 100 долларга оширилди.

Samsung янги Galaxy S26 ва S26 Ultra смартфонларини расман тақдим этди

Samsung 25 феврал куни Сан-Франсискода ўтган Galaxy Unpacked тадбирида Galaxy S26, S26+ ва S26 Ultra флагман смартфонларини расман намойиш қилди. Компания янги авлодни «AI телефонлар» сифатида тақдим этмоқда. Барча моделлар янги Snapdragon 8 Elite Gen 5 процессори билан жиҳозланган. Ultra версиясида эса дунёда илк бор мобил Privacy Display технологияси жорий этилди.

Samsung Galaxy S26 Ultra

Дисплей ва корпус

Galaxy S26 Ultra 6,9 дюймли Dynamic AMOLED 2X дисплей билан жиҳозланган. Экран юқори аниқлик, равонлик ва ёрқинликни таъминлайди. Privacy Display функцияси экранга ён томондан қаралганда тасвирни чеклаб, фойдаланувчи махфийлигини ҳимоя қилади.

Компания бу йил титаниум рамкадан воз кечиб, мустаҳкам Armor Aluminum материалини қўллаган. Қурилма ичида S Pen стилуси сақланиб қолган. Ultra модели 3 нанометрли Snapdragon 8 Elite Gen 5 чипи билан ишлайди. Янги процессор аввалги авлодга нисбатан CPU унумдорлигини 19 фоизга, NPU қувватини 39 фоизга ва GPU ишлашини 24 фоизга оширади.

Хотира ва зарядлаш

Смартфон 12GB ёки 16GB оператив хотира вариантларида тақдим этилади. Ички хотира 256GB, 512GB ёки 1TB. 5000 мА/соат батарея 60W симли тезкор зарядлаш орқали 30 дақиқада 75 фоизгача қувватланади. 25W Qi2 симсиз зарядлаш ҳам мавжуд.

Камера ва видео

Асосий камера 200MP (f/1.4) сенсор билан жиҳозланган бўлиб, паст ёруғликда 47 фоизга кўпроқ ёруғлик қабул қилади. Телефото блок 50MP перископ (5 карра зум) ва 10MP (3 карра зум) модуллардан иборат. Ultra-wide камера 50MP, олд камера 12MP.

1

Видео 8K 30fps ва 4K 120fps форматда ёзилади. Super Steady Horizontal Lock функцияси 360 даража айланишда ҳам горизонтни барқарор сақлайди.

Дастурий таъминот

Қурилма Android 16 ва One UI 8.5 билан ишлайди. Samsung 7 йил давомида операцион тизим ва хавфсизлик янгиланишларини тақдим этишни ваъда қилган. Wi-Fi 7, Bluetooth 6.0, Ultra Wideband ва 5G қўллаб-қувватланади.

Samsung Galaxy S26 ва S26+

Хотира сиёсати

Samsung 128GB базавий версияни бекор қилди. Эндиликда ҳар икки модел 12GB RAM ва 256GB ички хотира билан бошланади.

Дисплей ва ўлчамлар

Galaxy S26 6,3 дюймли FHD+ Dynamic AMOLED 2X дисплейга эга. Вазни 167 грамм, қалинлиги 7,2 мм.

Galaxy S26+ 6,7 дюймли дисплей билан жиҳозланган. Вазни 190 грамм, қалинлиги 7,3 мм.

Ҳар икки модел 1–120 Hz адаптив янгиланиш частотаси ва 2 600 нит ёрқинликни қўллаб-қувватлайди. Орқа панел Corning Gorilla Glass Victus 2 билан ҳимояланган.

2

Процессор ва батарея

Шимолий Америка, Хитой ва Японияда Snapdragon 8 Elite Gen 5 for Galaxy ишлатилади. Бошқа бозорларда Exynos 2600 чипи қўлланилади.

S26 батареяси 4 300 мА/соат (300 мА/соатга оширилган).

S26+ — 4 900 мА/соат.

S26 — 25W симли ва 15W симсиз зарядлаш.

S26+ — 45W симли ва 20W Qi2.2 симсиз зарядлаш.

S26+ Bluetooth 6.0, базавий S26 эса Bluetooth 5.4 билан жиҳозланган.

Камера

Иккала модель ҳам 50MP асосий, 12MP ултра кенг ва 10MP телефото (3 карра оптик зум) камералар билан таъминланган. Олд камера 12MP. Object Aware Engine технологияси тери ранглари ва соч текстурасини табиийроқ кўрсатади.

Нарх ва сотув

Олдиндан буюртмалар бошланган. Расмий савдо 2026 йил 11 мартдан старт олади.

Galaxy S26 — 899,99 доллардан.

Galaxy S26+ — 1 099,99 доллардан.

Аввалроқ Galaxy S26 Ultra қора, оқ, кўк ва бинафша ранг вариантларида сотувга чиқиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid