Сурхондарёда ходимни таътилда мажбуран ишлатган мулозим жавобгарликка тортилди
Меҳнат таътилида экани ва соғлиғи сабабли шифокор назоратида турганини айтган ходимга раҳбар расмий чақирув қоғозисиз дўқ-пўписа қилиб, «Мендан прав сўрама», «Ёқмаса сур», «Қонингни ичаман» деган таҳдидли гаплар билан босим ўтказгани ўз исботини топди.
© Ijtimoiy tarmoqlarСурхондарё вилояти Узун тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг янги тайинланган директори А. Абдусатторов ходимни таътилда мажбуран ишлатгани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Олдинроқ тармоқларда ташкилот раҳбарига 10-15 нафар амалдаги ходимларни «заказ» бўйича мажбурий равишда ишдан бўшатиш топшириғи берилгани ва у ҳозирда шуни амалга оширишга киришгани ҳақидаги маълумотлар тарқалганди.
Меҳнат таътилида экани ва соғлиғи сабабли шифокор назоратида турганини айтган ходимга раҳбар расмий чақирув қоғозисиз дўқ-пўписа қилиб, «Мендан прав сўрама», «Ёқмаса сур», «Қонингни ичаман» деган таҳдидли гаплар билан босим ўтказган. Инспекция томонидан ўтказилган текширув давомида меҳнат қонунчилиги бузилгани ва қонуний таътилда бўлган ходим унинг хоҳиш-иродасига зид равишда мажбурий равишда ишга жалб этилгани ва унга нисбатан таҳдидли муносабатда бўлингани ўз тасдиғини топди.
Аниқланган қонунбузилиш юзасидан муассаса раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосида маъмурий жавобгарлик чораси қўлланди.





