1 ноябрдан бизнеснинг электр ва газга олдиндан тўлови 15 фоизга туширилади
Бу қоида автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларига уланган ҳамда масофадан ўчириш ёки ёқиш имкониятига эга ҳисоблагичи бор тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланади.

Ўзбекистонда 2026 йилнинг 1 ноябридан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси ва табиий газ бўйича мажбурий олдиндан тўлов миқдори 15 фоиз этиб белгиланади. Бу ҳақда Президентнинг тадбиркорлар харажатларини камайтиришга қаратилган янги фармонида маълум қилинди.
Кимларга татбиқ этилади ва истиснолар
Янги тартиб фақатгина замонавий ҳисоблагичларга эга бўлган бизнес вакиллари учун амал қилади.
«Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) ҳамда Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига (ТГНҲАТ) уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгилансин», — дейилади расмий ҳужжатда.
Шу билан бирга, сўнгги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган истеъмолчилар ушбу имтиёздан мустасно эканлиги таъкидланган.
Ёзма ҳисоботлар ва қоғоз шартномалар бекор қилинмоқда
Фармонга кўра, соҳадаги бюрократик тўсиқларни камайтириш мақсадида тадбиркорлар учун бир қатор мажбуриятлар бекор қилинмоқда.
Маълум қилинишича, электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти тўлиқ бекор қилинган.
Бундан ташқари, тизимда шаффофликни таъминлаш ва жараёнларни рақамлаштириш орқали қоғозбозликка чек қўйилади.
Истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.





