Тожикистон меҳнат бозорида янги муаммо: миллионлаб одамлар иш қидирмаяпти

Bugun 17:304 daqiqa

Тожикистонда сўнгги 21 йилда меҳнатга лаёқатли аҳоли кескин ошган бўлса-да, мамлакатнинг асосий муаммоси энди ишсизлик эмас, балки миллионлаб фуқароларнинг меҳнат бозорида умуман иштирок этмаётганидир.

Тожикистон меҳнат бозорида янги муаммо: миллионлаб одамлар иш қидирмаяпти © Foto: Asia-Plus

Тожикистон меҳнат бозори сўнгги 21 йилда сон жиҳатидан ўсди, аммо асосий муаммо ўзгарди: бугунги кунда нафақат ишсизликни камайтириш, балки меҳнатга лаёқатли миллионлаб аҳолини, айниқса аёллар ва ишчи кучи етарлича жалб этилмаган ҳудудлар аҳолисини меҳнат бозорига жалб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳақда Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги 2025-йил учун меҳнат кучи бўйича эълон қилган тадқиқотда сўз боради.

Тадқиқот маълумотларига кўра, 2004-йилдан 2025-йилгача Тожикистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 2,9 миллион кишига ошган. Агар 2004-йилда бундай аҳоли сони тахминан 4 миллион нафар бўлган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 6,9 миллион нафарга етган.

Шу билан бирга, 3 миллиондан бироз ортиқ киши ишлаган ёки иш қидирган. Банд аҳоли сони 2,8 миллион нафарни, ишсизлар сони эса 191,2 минг нафарни ташкил этган. Мамлакат бўйича ишсизлик даражаси 6,3 фоиз бўлган.

Бироқ аҳолининг катта қисми меҳнат бозорида иштирок этмайди. Бундайлар сони 3,8 миллион нафарни ташкил этади, бу эса меҳнат кучи сонидан ҳам кўпроқдир.

Аёллар меҳнат бозорида камроқ иштирок этмоқда

Тадқиқот маълумотлари аёллар меҳнат бозоридан ташқарида кўпроқ қолишини кўрсатмоқда.

Эркаклар орасида меҳнат кучи иштирок даражаси 57,1 фоизни ташкил этса, аёлларда бу кўрсаткич 30,9 фоизга тенг. Бандлик бўйича ҳам катта фарқ сақланиб қолмоқда: эркакларнинг 54,1 фоизи ишлайди, аёлларда эса бу кўрсаткич 28,3 фоизни ташкил қилади.

Шу билан бирга, аёллар орасида ишсизлик даражаси юқорироқ – 8,5 фоиз. Эркакларда эса бу кўрсаткич 5,2 фоизни ташкил этади. Меҳнат бозори таркибига кирмайдиган аҳоли орасида аёллар улуши қарийб 62 фоизга тенг.

Меҳнат ресурсларининг асосий қисми қишлоқларга тўғри келади

Тожикистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми қишлоқ жойларда яшайди – 70,7 фоиз. Шаҳарлар ҳиссаси эса 29,3 фоизни ташкил этади.

Шунга ўхшаш ҳолат меҳнат кучи таркибида ҳам кузатилади: унинг 71,3 фоизи қишлоқларга, 28,7 фоизи шаҳарларга тўғри келади. Банд аҳоли орасида қишлоқ аҳолиси улуши 71,6 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, ишсизларнинг ҳам учдан икки қисми қишлоқ жойларда яшайди – 66,7 фоиз. Меҳнат бозори таркибига кирмайдиган аҳоли орасида қишлоқ аҳолиси улуши 70,2 фоизга тенг.

Ҳудудларда меҳнат бозори нотекис ривожланмоқда

2025-йилги меҳнат кучи тадқиқоти маълумотлари кўрсатишича, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Суғд вилоятида аҳоли меҳнат бозорига фаолроқ жалб қилинган. Айни пайтда Хатлон вилояти ва Республикага бўйсунувчи туманларда бандлик ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиш муаммолари кучлироқ сезилмоқда.
Меҳнатга лаёқатли аҳолининг энг катта қисми Хатлон вилоятида яшайди –тахминан 2,5 миллион киши.
Меҳнат кучи ва банд аҳоли сони бўйича Суғд вилояти етакчилик қилмоқда. У ерда тахминан 1,1 миллион киши ишлайди ёки иш қидиради, банд аҳоли сони эса 1 миллиондан ошади.

Аҳолининг меҳнат кучи таркибида иштирок этиш даражаси энг юқори кўрсаткич Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида – 59 фоиз ва Суғд вилоятида – 54,8 фоиз қайд этилган.

Энг паст кўрсаткичлар Республикага бўйсунувчи туманлар, Хатлон вилояти ва Душанбе шаҳрида кузатилган.
Ишсизлик даражаси энг юқори Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида – 8,6 фоиз ва Республикага бўйсунувчи туманларда – 7,4 фоизни ташкил этган.

Энг паст ишсизлик даражаси Суғд вилоятида қайд этилган – 5,9 фоиз.

Меҳнат ресурсларидан тўлиқ фойдаланмаслик даражаси энг юқори кўрсаткич Республикага бўйсунувчи туманларда кузатилган – 14,5 фоиз.

Сўнгги 21 йилда меҳнат бозорида нималар ўзгарди

Тадқиқотда 2004–2025-йиллар давомида меҳнат кучи билан боғлиқ асосий кўрсаткичлар динамикаси ҳам келтирилган. Бу давр мобайнида Тожикистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли, меҳнат кучи ва банд аҳоли сони ошган.
Меҳнат кучи сони 2,3 миллион нафардан 3 миллиондан ортиқ кишигача кўпайган. Банд аҳоли сони эса 2,1 миллион нафардан 2,8 миллион нафарга етган.

rasm


Энг катта ўзгариш – меҳнат бозори таркибига кирмайдиган аҳоли сонининг ўсиши бўлган. Агар 2004-йилда бундайлар сони тахминан 1,3 миллион нафар бўлган бўлса, 2025-йилга келиб 3,8 миллион нафарга етган. Яъни 21 йил ичида уларнинг сони қарийб уч баравар ошган.

Бу эса меҳнатга лаёқатли аҳолининг тобора кўпроқ қисми ишламаётгани ва иш ҳам қидирмаётганини англатади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бугунги кундаги асосий муаммо фақат ишсизлик эмас, балки меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми меҳнат бозорида иштирок этмаётганидир. Уларнинг аксарияти умуман меҳнат бозорига чиқмайди ва иш қидирмайди.

Сабаблар орасида, айниқса, уй-рўзғор ишлари ва оила парвариши туфайли аёлларнинг бандликда кам иштирок этиши, шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми яшайдиган қишлоқ жойларда барқарор иш ўринларининг етишмаслиги қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid