Тожикистоннинг олтин-валюта захиралари 6,8 млрд долларга етди
Ушбу ҳажм мамлакатнинг ташқи тўловларини 8,5 ой давомида қоплаш учун етарли.
© BloombergТожикистоннинг олтин-валюта захиралари 2026-йил май ойи охирига келиб рекорд даражадаги 6,8 миллиард долларга етди. «S&P Global Ratings»нинг янги шарҳига кўра, захираларнинг ўсишига жорий ҳисобдаги доимий профицит, пул ўтказмаларининг катта ҳажми ва олтин активларининг кўпайиши сабаб бўлган.
S&P баҳолашига кўра, захираларнинг тўпланиши жорий ҳисобдаги барқарор профицит, мигрантлардан келаётган пул ўтказмаларининг ўсиши ҳамда Тожикистон Миллий банкининг олтин билан боғлиқ операциялари фонида давом этган. Май ойи охиридаги захира ҳажми 2026-йил учун прогноз қилинган жорий ҳисоб тўловларининг 8,6 ойини қоплашга етади. Шуни таъкидлаш керакки, журналистлар мамлакатнинг халқаро захиралари бўйича энг сўнгги маълумотларни бевосита Тожикистон Миллий банкидан олиш имконига эга бўлмаган. Регулятор бундай маълумотларнинг махфий эканини билдиради.
Тожикистон Миллий банки сайтида «Халқаро захира активлари» деб номланган алоҳида бўлим мавжуд. Бироқ ҳозирда у ерда жорий кўрсаткичлар эълон қилинмаган. Шу билан бирга, Миллий банк аввалроқ статистик материалларида захира активлари бўйича маълумотларни эълон қилиб келган. Жумладан, 2025-йил 31-март ҳолатига кўра, захира активлари 4,63 миллиард долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, халқаро захиралар ҳақидаги барча маълумотларни давлат сири деб аташ ҳам тўғри эмас. Бунинг учун муайян қонуний нормага асосланиш керак. Очиқ манбаларда Миллий банкнинг халқаро захиралари ҳақидаги барча маълумотларни тўлиқ давлат сири сифатида белгилайдиган аниқ ҳуқуқий норма топилмаган. Шу сабабли S&P маълумотлари алоҳида аҳамиятга эга. Агентлик захираларнинг рекорд даражага етганини маълум қилмоқда ва ҳисоб-китобларини Миллий банк ҳамда бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида амалга оширган.
Пул ўтказмалари ва олтин захираларни оширмоқда
S&P маълумотларига кўра, 2025-йилда Тожикистонга келган пул ўтказмалари 48 фоизга ошиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил қилган. Пул оқимларининг 90 фоиздан ортиғи МДҲ давлатларидан, биринчи навбатда, Россиядан келган.
2026-йилнинг биринчи чорагида ҳам пул ўтказмалари ўсишда давом этди — улар йиллик ҳисобда тахминан 4 фоизга кўпайди. S&P буни Россияда ишчи кучига бўлган талабнинг юқорилиги ва Россия рублининг мустаҳкамланиши билан изоҳламоқда. Захираларнинг ўсишига яна бир муҳим омил — олтин бўлди. Сўнгги йилларда Тожикистон Миллий банки ўзининг олтин захираларини ошириб келмоқда. Бунинг учун, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олтин сотиб олинмоқда ва кейинчалик ушбу олтиннинг бир қисми пулга айлантирилмоқда.
Шу билан бирга, монетар бўлмаган олтиннинг катта қисми ҳали ҳам Миллий банк балансида сақланмоқда. S&P келгусида ушбу захираларнинг бир қисми монетар олтинга айлантирилишини кутмоқда. Дунёда олтин нархларининг юқори бўлиб тургани эса Тожикистон захиралари қийматининг янада ошишига қўшимча ёрдам бермоқда.





