Logo

Сўм курси, инфляция ва капитал эркинлиги: Марказий банк режаларини очиқлади

Bugun 09:244 daqiqa

Марказий банк келгуси йил инфляцияни 5 фоизга туширишни мақсад қилмоқда. Айни пайтда регулятор сўмнинг бозорга мослашувчан курсини сақлаб қолиш, капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ва банк тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришни режалаштирмоқда.

Сўм курси, инфляция ва капитал эркинлиги: Марказий банк режаларини очиқлади

Марказий банк сўмнинг мослашувчан ва бозорга йўналтирилган курсини сақлаб қолиш, инфляцияни 5 фоизгача тушириш ҳамда капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Silk Road Finance & Technology Forum» доирасида Марказий банк раиси Тимур Ишметов ва раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов 24-август куни маълум қилди, дея Vaqt.uz мухбири хабар берди.

Тимур Ишметов: инфляцияни 5 фоизга тушириш давом эттирилади

temur ishmetov


Марказий банк раиси Тимур Ишметов «Silk Road Finance & Technology Forum»нинг панел муҳокамасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш инвесторлар учун регулятор фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк келгуси йилда инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача пасайтириш бўйича ишларни давом эттириш ниятида.

«Биз келгуси йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага туширишни давом эттирамиз», — деди Марказий банк раҳбари.

Аввалроқ, бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам маълум қилган эди.

Мослашувчан курс ва капитални эркинлаштириш

Марказий банк, шунингдек, мослашувчан ва бозорга йўналтирилган валюта курсини сақлаб қолиш ниятида. Регулятор раиси яқинда Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон валюта режимини сузувчи режимга қайта таснифлаганини ва Марказий банк ушбу ёндашувга амал қилиш ниятида эканини таъкидлади.

Яна бир йўналиш капитал ҳаракати ҳисобварағи бўйича операцияларни янада эркинлаштириш бўлади. Шу билан бирга, ислоҳотлар «аста-секин ва маълум бир кетма-кетликда» амалга оширилади.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, ислоҳотларни тайёрлашда мослашувчанликни ошириш ва бир вақтнинг ўзида институтларни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва хатарларни бошқариш талаблари ҳисобга олинади. Халқаро валюта жамғармаси кўмагида ушбу ислоҳотлар кетма-кетлиги бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

«Мақсадимиз кўпроқ мослашувчанликни таъминлаш, шу билан бирга барқарорликни хавф остига қўймаслик учун институтлар, ҳимоя талаблари ва хатарларни бошқаришни такомиллаштиришдир», — деди Тимур Ишметов.

Аброр Мирзо Олимов: валюта бозорида сўмга босим кузатилмаяпти

2



Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов инвесторларни жалб қилиш учун макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик энг муҳим эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик сақланиб қолмоқда, валюта бозорида босим кузатилмаяпти. Бу ҳақда у «Silk Road Finance & Technology Forum»нинг Тошкент халқаро молия марказига бағишланган панел муҳокамасида маълум қилди.

Аброр Мирзо Олимовнинг таъкидлашича, айнан макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик халқаро инвесторларни жалб қилишнинг асосий шартларидан биридир. Инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳам хорижий, ҳам ички инвесторларга ўз фаолиятини яхшироқ режалаштириш имконини беради.

Олимовнинг таъкидлашича, пандемия даврида ва ундан кейин Ўзбекистонда инфляция икки хонали даражада сақланиб қолган, бироқ ҳозир у пасаймоқда. Марказий банк 2026 йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлишини, келгуси йилда эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга эришишни мўлжалламоқда.

«Бир томонда юқори иқтисодий ўсиш. Иккинчи томонда эса пасаяётган паст инфляция. Бу йил охирига келиб инфляция тахминан 6,5 фоиз бўлишини кутяпмиз. Умид қиламизки, келгуси йилда биз ўз мақсадимизга — 5 фоиз инфляцияга эришамиз. Шундан сўнг инфляцияни таргетимизга яқин даражада ушлаб туришга ҳаракат қиламиз», — деди Аброр Мирзо Олимов.

Сузувчи курсга ўтиш

Аброр Мирзо Олимов Ўзбекистоннинг тўлиқ сузувчи валюта курсига ўтишини инвестициявий жозибадорликнинг яна бир омили деб атади. У жорий йилда Халқаро валюта жамғармаси ҳам мамлакатнинг ушбу режимга ўтишини тан олганини қайд этди.

Энди айирбошлаш курси ташқи зарбаларни ютиш механизми сифатида қўлланилмоқда. Марказий банкка кўра, бу халқаро инвесторларнинг Ўзбекистонга сармоя киритиш тўғрисида қарор қабул қилишдаги ишончини оширади.

Олимовнинг таъкидлашича, ўтган йили миллий валюта тарихда биринчи марта долларга нисбатан тахминан 7 фоизга мустаҳкамланган. Шу билан бирга, 2026 йилда регулятор валюта бозорида босим кўрмаяпти.

3

«Бу йил валюта бозоримизда ҳеч қандай босимни кўрмаяпмиз, у анча барқарор», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш, инфляциянинг пасайиши ва мослашувчан валюта курсининг уйғунлиги ҳам хорижий, ҳам ички инвесторларнинг ишончини ошириши керак.

Банк тизими халқаро талабларга мослаштирилади

Аброр Мирзо Олимов форумда банк секторини тартибга солиш тизимидаги навбатдаги ўзгаришлар ҳақида ҳам тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўтган йили Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда молия секторини комплекс баҳолаш жараёнини якунлади.

Энди Марказий банк мазкур баҳолаш натижалари асосида банк тизимига қўйиладиган талабларни халқаро амалиёт ва «Базел III» стандартларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиришни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, банклар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари — МҲХС бўйича тўлиқ ҳисоботга ўтади.

Марказий банк раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу ислоҳотларнинг умумий мақсади Ўзбекистон молия тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро инвесторлар учун барқарор муҳит яратишдан иборат.

«Бизнинг томонимиз, Марказий банк томонидан, халқаро инвесторларни иқтисодиётимизга жалб қилиш учун молиявий ва макроиқтисодий барқарорлик энг муҳими, деб ўйлайман», — дея хулоса қилди Аброр Мирзо Олимов.

Silk Road Finance & Technology Forum» 25–26 август кунлари ҳам давом этади. Форум доирасида молия технологиялари, инвестициялар, банк тизими ва Тошкент халқаро молия марказини ривожлантиришга оид қатор муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid