Сингапур ота-оналарга фарзанд кўриш учун 55 минг доллар таклиф қилмоқда
Бироқ бу пул бола туғилганда бирданига берилмайди. Катта миқдордаги ёрдам нақд тўловлар, мақсадли жамғармалар ва таълим харажатлари кўринишида 17 йилга тақсимланади.
© BloombergСингапур ҳукумати ҳар бир фуқароси бўлган бола учун туғилишидан 17 ёшгача қарийб 70 минг Сингапур доллари миқдорида молиявий ёрдам беради. Бу 55,1 минг АҚШ долларига тенг.
Янги ёрдам чораларини мамлакат бош вазири Лоуренс Вонг 23 август куни Миллий кун муносабати билан қилган мурожаатида эълон қилди. Ҳукумат шу орқали фарзанд кўриш ва уни вояга етказиш харажатларининг каттароқ қисмини ўз зиммасига олишни режалаштирмоқда.
Ҳукумат фарзанд кўрган ота-оналар учун пулни бирданига нақд шаклда тўламайди. Маблағлар бола 17 ёшга тўлгунга қадар бўлган даврга тақсимланади.
Янги SG Child Support Package доирасидаги ёрдамнинг ўзи 62 минг Сингапур долларигача етади. У қуйидагилардан иборат:
бола туғилгач бир йил ичида икки қисмга бўлиб бериладиган 10 минг Сингапур доллари;
бола бир ёшдан 16 ёшгача бўлган даврда ҳар йили 2 минг доллардан тўланадиган жами 32 минг Сингапур доллари;
боланинг ривожланиш ҳисобварағига ўтказиладиган 5 минг долларлик бошланғич грант;
ота-она шу ҳисобварақда пул жамғарса, давлат томонидан қўшиб бериладиган 5 минг долларгача маблағ;
бола 17 ёшга тўлганида унинг олий таълим ҳисобварағига ўтказиладиган 10 минг доллар.
Бундан ташқари, ҳар бир чақалоқ учун амалдаги 5 минг долларлик тиббий жамғарма ҳамда мактаб йилларида жами қарийб 2,5 минг долларлик таълим тўловлари сақлаб қолинади. Натижада умумий ёрдам қарийб 70 минг Сингапур долларига етади. Расмий ҳисоб-китоб шунга асосланган.
Демак, 70 минг долларнинг 42 минг доллари нақд тўловлардан иборат. Унинг ҳам асосий қисми 16 йил давомида берилади. Қолган маблағ тиббиёт ва таълим учун мўлжалланган ҳисобварақларга ўтказилади. Яна 5 минг долларлик ёрдамни тўлиқ олиш учун ота-онанинг ўзи ҳам шунча пул жамғариши керак.
10 минг долларлик туғилиш пули 2027 йил 1 апрелдан кейин туғилган болаларга берилади. Бироқ пакет фақат янги туғиладиган чақалоқлар билан чекланмайди. 2026 йилда 1 ёшдан 17 ёшгача бўлган Сингапур фуқаролари ҳам ёшига мос тўловларни олади.
Ҳукумат молиявий ёрдам билан бирга ота-оналар учун таътилни ҳам кенгайтирмоқчи. Ишлайдиган ота ва онанинг ҳар бири 12 ёшгача бир нафар фарзанди бўлса йилига 8 кун, икки нафар фарзанди бўлса 10 кун, уч ва ундан ортиқ фарзанди бўлса 12 кунлик бола парвариши таътилига эга бўлади. Бу таътил харажатларини давлат иш берувчиларга тўлиқ қоплаб беради.
Давлат қўллаб-қувватлайдиган марказларда боғча тўлови ойига 150 Сингапур долларигача, чақалоқлар парвариши эса 300 долларгача туширилади. Ҳозирги нархларнинг ярмидан кам бўлган янги тарифларга 2030 йилгача босқичма-босқич ўтилади. Фарзандли оилаларга субсидияланган уй-жой олишда ҳам қўшимча имконият берилади.
Бундай катта пакетнинг сабаби — Сингапурдаги туғилиш даражаси тарихий минимумга тушганидир. 2025 йилда мамлакатда 29,9 минг бола туғилган. Бу бир йил олдингидан 11,4 фоизга кам.
Бир аёлга тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони эса 0,97 тадан 0,87 тагача камайган. Аҳоли сони миграциясиз барқарор қолиши учун бу кўрсаткич тахминан 2,1 бўлиши керак. Сингапур статистика департаменти маълумотларига кўра, туғилиш коэффициенти 1976 йилдан бери энг паст даражада.
Натижада мамлакат аҳолиси тез қаримоқда. 2025 йилда Сингапур фуқароларининг 20,7 фоизи 65 ёшдан катта эди. Бу улуш 2026 йилда 21 фоиздан ошиб, мамлакат «ўта қариган жамият»га айланди. 2030 йилга бориб эса ҳар тўрт фуқародан бири 65 ёшдан катта бўлиши кутилмоқда.
Бироқ кўпроқ пулнинг ўзи туғилиш даражасини ошириши кафолатланмаган. Сингапур «Baby Bonus» дастурини 2001 йилдаёқ бошлаган. Оилаларни қўллаб-қувватлаш учун йиллик бюджет 2001—2017 йилларда 500 млн доллардан 2,5 млрд долларгача оширилган, аммо шу даврда туғилиш коэффициенти пасайишда давом этган.
Ҳукуматнинг ўзи ҳам жорий йил февралида аввалги туғилиш пуллари ва ота-оналар таътилининг туғилиш даражасига таъсирини бошқа омиллардан ажратиб баҳолаш қийинлигини тан олган.
Лоуренс Вонг ҳам янги ёрдамга қарамай, туғилиш коэффициенти аҳоли ўрнини тўлдириш даражасидан анча пастлигича қолишини айтди.
Шу сабабли Сингапур ишчи кучи ва фуқаролар сонини назорат қилинадиган иммиграция орқали ҳам тўлдиришда давом этади. 2024 йилда мамлакат 35,3 минг кишига доимий яшаш ҳуқуқи, яна 22,8 минг кишига фуқаролик берган.
Маълумот учун, туғилиш кўрсаткичи Ўзбекистонда ҳам йилдан йилга камайиб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотлари таҳлил қилинганда, 2026 йилнинг биринчи ярмида 373,4 мингта туғилиш қайд этилгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,9 фоизга камлиги маълум бўлди.
Йил бошида пасайиш нисбатан кичикроқ эди. Январь—март ойларида туғилишлар 3,5 фоизга қисқарган бўлса, апрель—июнь ойларида бу кўрсаткич 12,1 фоизга етди.





