Тошкент ҳокимлиги пулли парковка учун яшил ҳудудларни сотмоқчи
Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов чиқарган қарорда бу объектлардаги ер участкаларининг аукциондаги нархи қанча бўлиши белгиланди. Автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан олиниши лозим бўлган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса «Пулли тўхташ жойи» операторига ўтказиб берилади.
© Ijtimoiy tarmoqlarТошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қоқ марказида — Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа ҳудудида жойлашган 1,3 гектарлик ер участкасида (яшил зонада) давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ қуришни режалаштирмоқда. Бу бўйича пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов тегишли қарор чиқарди.
Қарорда 3 та объект тилга олинган. Биринчи объект Юнусобод туманининг «Қашқар» МФЙ Истиқлол кўчасида жойлашган ер майдони бўлса, иккинчиси Чилонзор тумани «Катта Дўмбиробод» МФЙ Гавҳар кўчаси, учинчиси Чилонзор тумани «Бешқўрғон» МФЙ Бунёдкор шоҳкўчасида жойлашган.
Биринчи объект Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа ҳудудида жойлашган ва ана шу ер участкаси 514 млн 228 минг сўм билан электрон аукционга чиқарилади. Бу жой Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мутаносиб равишда ўралган ҳудуддир. У ер тўлиқ кўкаламзорлаштирилган. Ер участкасини 10 йил муддатга оладиган хусусий шерик 10 млрд сўмлик инвестиция киритиши керак бўлади. Шартларга кўра, автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан олиниши лозим бўлган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса «Пулли тўхташ жойи» операторига ўтказиб берилади.
Ҳокимнинг қарорига жамоатчилик фаоли Қобил Хидиров шундай муносабат билдирди:
«Техник шартларда автотураргоҳ билан бирга, «хиёбон ташкил қилиш» режаси ҳам кўзда тутилган бўлса-да, бу шунчаки кўзни шамғала қилишдан бошқа нарса эмас, деб ўйлаймиз. Шундоқ ҳам хиёбон у ерлар».
Иккинчи ва учинчи объектлардаги ер участкалари эса 932 млн 867 минг сўмлик бошланғич қийматда ягона лот асосида «E-auksion» электрон савдо платформасида оммавий савдоларга чиқарилади. Бу жойларни 10 йилга ижарага оладиган эса 5 млрд сўм инвестиция киритиши лозим.
Лойиҳани амалга оширишда «Тошкент Инвест компанияси» АЖ давлат шериги ҳисобланади ва унда давлат хусусий шериклик объектини ҳокимлик номидан битимга мувофиқ хусусий шерикка вақтинча фойдаланишга бериш бўйича ваколат бўлади. Тушадиган пуллар ҳокимлик ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.





