17 та олийгоҳ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилди
Ўзбекистонда 14 та педагогика олийгоҳи ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 3 та ОТМ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасарруфига ўтди.

«Айрим давлат олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–358-сон, 02.10.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 14 та педагогика олий таълим муассасаси ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги 3 та ОТМ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Ўзбекистон миллий педагогика университети Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети деб қайта номланди.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига педагог кадрлар тайёрлаш соҳасидаги қуйидаги вазифалар юкланди:
— ягона консептуал ёндашув асосида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш сиёсатини юритиш;
— педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
— педагогик таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини, таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этилишини таъминлаш;
— педагогика соҳасида илмий-тадқиқот ва инноватсион фаолиятни ривожлантириш;
— педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг бошқарув тизимини такомиллаштириб бориш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов Ўзбекистонда ҳозирча янги университетлар очилмаслигини маълум қилганди.





