
2025 йилда «103» хизматига 3,2 мингдан ортиқ ёлғон чақириқ бўлган
Энг кўп ёлғон чақириқ Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилган.

Ўзбекистонда 2025 йил давомида «103» тез тиббий ёрдам хизматига жами 3 244 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилда эса 2 713 тани 2023 йилда 3 505 тани ташкил этган.
Ҳудудлар бўйича таҳлиллар энг кўп ёлғон чақириқ Қашқадарё вилоятида кузатилганини кўрсатди — 784 та. Кейинги ўринда Сурхондарё вилояти бўлиб, у ерда 499 та шундай ҳолат қайд этилган. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 394 та, Самарқанд вилоятидан эса 337 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилиб, атиги 48 тани ташкил этган.
Мутахассислар таъкидлашича, ёлғон чақириқлар ҳақиқий шошилинч ҳолатда ёрдамга муҳтож беморларга хизмат кўрсатишни кечиктиради. Шу сабабли қонунчиликда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, махсус хизматларни қасддан алдаб чақирган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1–3 бараваригача, яъни 412 минг сўмдан 1 миллион 236 минг сўмгача жарима солиниши мумкин.
Маълум қилинишича, 2025 йилда «103» хизматига жами 14,3 миллионга яқин чақирув келиб тушган. Бу 2024 йилга нисбатан 763 мингтага кўп. Чақирувларнинг асосий қисми шошилинч ҳолатлар ва сурункали касалликлар билан боғлиқ бўлган. Энг кўп мурожаат Тошкент шаҳрида, энг ками эса Навоий вилоятида қайд этилган.





