add

АҚШ Озарбойжонга Ғазога қўшин юборишни таклиф қилди

Озарбойжон Президенти ёрдамчиси Ғазога тинчликпарвар қўшин юбориш таклифи ва Бокунинг иккиланишлари ҳақида Япония нашрига интервю берди.

АҚШ Озарбойжонга Ғазога қўшин юборишни таклиф қилди

​АҚШ воситачилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш режаси доирасида тузилаётган кучларда Бокунинг иштирок этиши мандат кўлами билан боғлиқ масалалар туфайли қийин кечади, деди Озарбойжон Президенти ёрдамчиси — Президент Администрацияси Ташқи сиёсат масалалари бўлими мудири Ҳикмат Ҳожиев Япониянинг Nikkei нашрига берган интервюсида.

​Президент ёрдамчисининг маълум қилишича, Вашингтон Бокуга Озарбойжон қўшинларини «Халқаро барқарорлаштириш кучлари» таркибига киритиш таклифи билан мурожаат қилган.

«Ҳозирча якуний қарор қабул қилингани йўқ», — деган Ҳожиев.

​У Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси «Ғазода амалиётлар ўтказишнинг аниқ қоидалари, ҳаракат усуллари ва миссия мандати ҳажмига оид саволларга жавоб бермаётганидан» хавотир билдирган.

​Президент ёрдамчиси Озарбойжон 2023 йилгача қўшни Арманистон билан низода бўлганини ва ҳукумат учун аҳолига қўшимча қўшинлар сафарбар қилинишини тушунтириш қийин бўлишини эслатиб ўтди.

​БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтган ойда «Халқаро барқарорлаштириш кучлари»ни тузиш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади ва Туркия, Қатар, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Индонезия, Покистон ҳамда Иорданиядан расмий қўллаб-қувватлов олди. Ушбу кучлар Ғазода хавфсизликни таъминлаш, минтақани демилитаризация қилиш ва келажакдаги Фаластин полиция кучларини тайёрлаш учун масъул бўлади.

​Музокаралар жараёнидан хабардор манбаларнинг шу ой бошида Middle East Eye (MEE) нашрига маълум қилишича, Исроилнинг Ғазога Туркия қўшинларини киритишни рад этгани Озарбойжон, Покистон, Саудия Арабистони ва Индонезия каби ҳамкорларни узоқлаштирган.

​Секторда гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш ва кучлар тузиш вазифаси юкланган АҚШ Марказий қўмондонлиги ой бошида Доҳада саммит ўтказди. Унга кўплаб давлатлар таклиф қилинди, бироқ Исроилнинг илтимосига биноан Туркия четлаштирилди.

​Иордания қироли Абдулла октябрь охирида BBC’га берган интервюсида Иордания Ғазога қўшин юбормаслигини айтган эди. БААнинг юқори мартабали мулозими ҳам ноябрь ойида мамлакат учун ушбу босқичда иштирок этиш қийин бўлишини билдирган.

​Мавзунинг нозиклиги сабабли исми сир қолишини истаган Туркия расмийлари MEE нашрига Туркиянинг ушбу кучларда иштирок этиши бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини айтишди.

Шунга қарамай, Анқара эҳтимолий жойлаштириш учун ҳарбий бригадани тайёрлаб қўйган. Анқарадаги манбаларнинг фикрича, Туркия ҳукумати Ғазога қўшин юбормаслиги ҳам мумкин, бироқ улар ҲАМАС бошқа давлатларга Туркияга бўлгандек ишонч билдирмаслигидан ва бутун тизим тез орада тартибсизликка (хаосга) юз тутишидан хавотирда.

Teglar

Mavzuga oid

АҚШ Озарбойжонга Ғазога қўшин юборишни таклиф қилди | Vaqt.uz