Аукционга қўйилган ерларнинг бошланғич нархи қандай белгиланиши маълум қилинди
Йирик инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида қиймати камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар учун қишлоқ хўжалиги ерлари аукционсиз, тўғридан-тўғри 49 йилга ижарага берилиши белгиланди.
© ok-t.ruПрезидентнинг ПФ–68-сон фармонига кўра, 2026 йил 1 майдан бошлаб барча ҳудудларда ер участкалари янги тизим асосида аукцион орқали тақсимланади. Бу ер ресурсларидан фойдаланишда шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган.
Такрорий савдо нархи
Янги тартибга мувофиқ, 50 гектардан 500 гектаргача бўлган ер участкалари саноат усулидаги плантациялар ташкил этиш ва чорвачилик мақсадлари учун аукционга чиқарилади. Бошланғич нарх ернинг норматив қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Агар лот сотилмаса, ҳар бир такрорий савдода унинг нархи босқичма-босқич 10 фоизга пасайтириб борилади.
Яйлов, пичанзор ва лалми ерлар учун белгиланган қоидалар
Шунингдек, яйлов, пичанзор ва лалми ерлар учун алоҳида енгил шартлар жорий этилган. Бундай ерлар аукционга чиқарилганда бошланғич нарх норматив қийматнинг атиги 1 фоизи миқдорида белгиланади. Бу эса кам харажат билан ердан фойдаланиш имконини кенгайтиради.
Йирик инвестиция лойиҳалари учун ер ажратиш
Фармонда инвесторлар учун ҳам қатор қулайликлар назарда тутилган. Хусусан, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида ер олган субъектлар ернинг ярмидан ихтиёрий воз кечса, қолган қисми учун янги шартлар асосида 49 йиллик ижара ҳуқуқини сақлаб қолади. Бунда уларнинг банк кредитлари ва солиқлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги шарт.
Йирик инвестиция лойиҳалари учун ер ажратиш тартиби янада соддалаштирилди. Қиймати камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар учун ерлар аукционсиз, тўғридан-тўғри 49 йилга ижарага берилиши белгиланди. Бу қарор аграр секторга катта сармояларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.





