Logo

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобиль йўли қурилади

Bugun 08:051 daqiqa

Янги пулли автомобиль йўли икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда.

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобиль йўли қурилади © Prezident matbuot xizmati

Самарқанд ва Бухоро ўртасида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўли ҳамда тезюрар поезд учун янги темирйўл линияси барпо этилади. Бу ҳақда 4 ноябрь куни Бухоро вилоятида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда сўз борди.

Янги пулли автомобиль йўли икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу йўналишда тезюрар поездлар ҳаракати учун алоҳида янги темирйўл тармоғини барпо этиш ҳам режалаштирилган.

Вилоятнинг транспорт алоқаларини яхшилаш доирасида жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари якунланади.

Келаси йилдан эса М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрлик қисмини янгилаш бошланади. Умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик янги айланма йўл қурилади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини тўлиқ якунлаш ҳамда халқаро ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Маълумот учун, 2024 йил 30 августда қабул қилинган президент қарори билан 2027–2030 йилларда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида пулли автомобиль йўли қуриш белгиланган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, йўл Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудидан ўтиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобиль йўли қурилади | Vaqt.uz