Бизнесдаги ўзбек футболчилари: улар футболдан ташқари қандай пул топади?
Улар асосан кўчмас мулк, ресторан, таълим ва озиқ-овқат соҳаларига пул тиккан.

Футболчилар фақат тўп тепиб пул топади, деб ўйласангиз, адашасиз. Ҳозир деярли кўпчилик футболчилар бизнес ҳам қилади. Кимдир ресторан очган, яна қайсидирлари қурилиш қиляпти. Айримлари эса чўнтагидаги пулларини реклама ортидан кўпайтиради. Хўш, ўзбек футболчилари майдондан ташқарида қандай пул топади? Келинг, буни биргаликда кўриб чиқамиз.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари фаол карьераси давомидаёқ турли соҳаларга пул тикиб, спортдан ташқари даромад манбаларини шакллантиряпти. Масалан, Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров ва Абдуқодир Ҳусанов каби футболчиларни олайлик. Улар кўчмас мулк, хизмат кўрсатиш, таълим ҳамда озиқ-овқат саноати йўналишларида ўз лойиҳаларини йўлга қўйган.
Жаҳон тажрибасида ҳам футболчиларнинг спортдан кейинги ҳаётини таъминлаш мақсадида уларнинг тижоратга қўл уриши одатий ҳол саналади. Криштиану Роналдунинг «CR7» меҳмонхоналар тармоғи ёки Дэвид Бекхэмнинг «Интер Миами» клубига эгалик қилиши бунга яққол мисолдир. Профессионал футболчилик фаолияти нисбатан қисқа бўлгани сабабли ўзбекистонлик чарм тўп усталари ҳам топган маблағларини фақатгина битта йўналишда сақлаб қолмай, турли соҳаларга йўналтиришни бошлаган.
Жалолиддин Машарипов
Жароҳати туфайли жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган бу футболчи сўнгги йилларда хориж клубларидаги сермаҳсул фаолияти ортидан асосий эътиборни Хоразм ва Тошкентдаги кўчмас мулк ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига қаратиб келмоқда.
Девелоперлик ва кўчмас мулк: Машарипов Хоразм вилоятида «ЖМ евро» номли 2 қаватли замонавий коттежлар қурилиши ҳамда аҳолига хизмат кўрсатувчи 3 қаватли йирик савдо маркази лойиҳаларига сармоя киритган.
Шунингдек, Тошкент вилоятида харид қилиниб, 400 минг доллар эвазига таъмирланган «Оқ уй» номли дача ҳам унинг мулки саналади.

Хизмат кўрсатиш ва ресторанлар: Урганч шаҳридаги «Тokyo» ресторани ва яна бир нечта овқатланиш шохобчалари унга қарашли.
Бундан ташқари, Машариповга тегишли 5 та гўзаллик салони ижара асосида барқарор пассив даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Отабек Шукуров
Мундиалнинг гуруҳ босқичида жами 238 дақиқа тўп сурган ярим ҳимоячи ўз сармояларини бир-биридан фарқ қилувчи, шу билан бирга, жамият учун фойдали бўлган соҳаларга йўналтиришни маъқул кўрган:
Таълим соҳаси: давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган «Chicco-29» мактабгача таълим ташкилоти. Бу Шукуровнинг бизнесда ижтимоий масъулиятга ҳам эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Тижорат кўчмас мулки: футболчида Бирлашган Араб Амирликларидаги фаолиятидан илҳомланиб номланган «Sharjah» савдо мажмуаси ҳам бор.
Озиқ-овқат саноати: «Goal» мохито салқинлаштирувчи ичимликлар бренди унинг ишлаб чиқариш соҳасидаги илк қадамларидандир.

Абдуқодир Ҳусанов
Англия Премьер-лигасидаги илк ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ўз исмини брендлаштириш орқали соғлом овқатланиш ва спорт озуқалари йўналишида ўз бизнесини ривожлантирмоқда:
«АК45» витаминли ичимликлари: спортчилар ва фаол ҳаёт тарзини олиб борувчиларга мўлжалланган лойиҳа. Ном Ҳусановнинг исм-шарифи бош ҳарфлари ҳамда унинг майдондаги рақами (45) комбинациясидан келиб чиққан.

«AK45.snack»: соғлом ва енгил тамаддилар (снеклар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. (Ушбу брендлар бозорга яқин йилларда кириб келган бўлиб, ҳозирда ўз харидорларини топиш босқичида турибди).
Рустамжон Ашурматов
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва Россиянинг «Рубин» клуби ҳимоячиси Рустамжон Ашурматов ҳам жорий йилнинг май ойида тадбиркорлик соҳасига қадам қўйди:
«AJ full level dry» бренди: терлашга қарши махсус восита ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу лойиҳа истеъмолчиларни 7 кун давомида терлашдан самарали ҳимоя қилади.

Маҳсулот универсал бўлиб, аёллар ва эркакларга бирдек мос келади.
Бу бизнесларни ким юритади?
Профессионал футболчиларнинг йиллик тақвими ўта тиғиз: доимий йиғинлар, мусобақалар ва хориж сафарлари уларга ўз бизнесини бевосита ва мунтазам бошқариш имконини бермайди. Шу сабабли, Ҳусанов, Ашурматов, Шукуров ва Машариповларнинг тижорат объектлари асосан уларнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳамда ишончли менежерлари томонидан юритилади. Бу амалиёт бизнес хавфсизлигини таъминлаш ва бошқарувни барқарор ушлаб туришнинг энг анъанавий усули ҳисобланади.
Умуман олганда, ўзбекистонлик спортчиларнинг топган пулларини мамлакат ичкарисидаги турли тадбиркорлик соҳаларига тикиши ижобий иқтисодий тенденция саналади. Бу орқали улар нафақат спортдан кейинги ўз келажагини молиявий жиҳатдан ҳимоялаяпти, балки янги иш ўринлари яратиб, мамлакат иқтисодиётига ҳам бевосита ҳисса қўшяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидан қанча даромад олиши ҳақида ёзган эдик. 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун ажратилган умумий молиявий маблағ 727 миллион долларни ташкил этади. Бу 2022 йилги Қатар мундиалига нисбатан 50 фоизга кўп.
Teglar






