«Real Sanjik» ишида кутилмаган бурилиш: суд тергови қайта бошланди
Автоблогер ва тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши Тошкент шаҳар судининг ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда. 21-август куни судланувчига сўнгги сўз берилди, бироқ мажлис якунида кутилмаган қарор қабул қилинди — суд тергови қайтадан бошланди.

Санжар Каримов сўнгги сўзида ўзига қўйилган айбловлар бўйича эътирозларини билдирди. У суддан ишдаги далилларни қайта кўриб чиқиш, тинтув жараёнининг қонунийлигига баҳо бериш ва ўзининг айбсизлиги ҳақидаги важларини инобатга олишни сўради.
Судланувчи, хусусан, иш бўйича муҳим деб ҳисоблаган аудиоёзувлар, ҳужжатлар ва бошқа далилларга эътибор қаратди. У тинтувлар ўтказилиши жараёнида конституциявий ҳуқуқлари бузилганини таъкидлаб, айрим далилларни номақбул деб топишни сўради. Каримов судга мурожаатида ўзининг гиёҳвандлик воситаларини сотиш ёки тарқатиш билан шуғулланмаганини, бундай нияти бўлмаганини айтди. У айбловнинг айрим қисми тахминларга асосланганини билдирди.
Сўнгги сўзда флешка тақдим этилди
Суд мажлисининг энг муҳим жиҳати эса Санжар Каримов сўнгги сўзида судлов ҳайъатига иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган янги далил — флеш-хотира қурилмаси ва ундаги маълумотларга оид стенограммани тақдим этгани бўлди.

Судя маълум қилишича, янги далиллар билан бир қаторда, суд музокараларида иштирок этган 10 нафар адвокат томонидан билдирилган важларни ҳам ушбу далиллар билан боғлиқ ҳолда қўшимча равишда, ҳар томонлама ва холисона ўрганиш зарурати юзага келган.
Шундан сўнг судлов ҳайъати Жиноят-процессуал кодексининг 452-моддасига асосан суд терговини янгидан бошлаш ҳақида ажрим чиқарди. Яъни, иш бўйича суд музокаралари якунланган, судланувчи сўнгги сўзини айтган бўлса-да, янги далил тақдим этилгани сабабли иш яна суд тергови босқичига қайтди.
Суд мажлисида танаффус эълон қилинди
Судя янги далилларни текшириш, улардаги маълумотларни ишда мавжуд бошқа далиллар билан солиштириш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш учун қўшимча вақт кераклигини маълум қилди. Шу сабабли суд мажлисида номаълум муддатга танаффус эълон қилинди. Шундай қилиб, «Реал Санжик» иши бўйича апелляция суди якунланиши кутилган пайтда жараён яна бир босқичга қайтди. Энди судлов ҳайъати янги тақдим этилган флеш-хотира ва ундаги маълумотларни текширади ҳамда уларнинг ишдаги бошқа далиллар билан боғлиқлигига ҳуқуқий баҳо беради.






