Бўстонлиқда 5 ака-уканинг хонадонидан 9 кило наркотик топилди
10.10.2025 | 10:204 daqiqa
Тезкор тадбирлар натижасида катта миқдорда гиёҳвандлик воситалари, қурол-аслаҳалар ва ноқонуний дорилар топилиб, бир нечта шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тезкор тадбирларда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ва у билан боғлиқ ноқонуний қурол сақлаш ҳолатлари фош этилди ва бир нечта шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар органларининг Бўстонлиқ туманида ўтказган текширувида беш ака-ука хонадонлари холислар иштирокида кўздан кечирилиб, жами 9 кг 14 грамм марихуана, 1 туп каннабис ўсимлиги, 1 дона пневматик қурол, 21 дона патрон, 19 дона гилза, резина таёқча ва бошқа ашёвий далиллар топилган. Ушбу фуқаролар муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган. Энг ачинарлиси, улар 2003 й.т. 2 нафар фарзандларини ҳам ўзларининг қабиҳ ишларига жалб қилишган.
Тошкент шаҳрида Хавфсизлик хизматининг Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Юнусободда «Cobalt» автомашинаси салонидан 967 граммга яқин гашиш моддаси топилган. Текширув давомида ушбу шахснинг шериги ва яна бир нафардан 1 кг 992 грамм гашиш олинди. Уларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов қўйилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фарғона вилоятидаги тезкор тадбирда бир хонадондан 6880 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дорилар топилди; текширув маълумотларига кўра, ушбу воситалар Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган ва умумий қиймати 412 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳолат чегара қўшинлари, божхона ва ички ишлар идораларининг ўзаро ҳамкорлиги билан аниқланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, далиллар муайян қилинган ва айбланувчиларгa нисбатан судгача ва суд жараёнларида қонуний чоралар қўлланади. Прокуратура ва тергов органлари контрабанда ва гиёҳвандлик моддалари айланмасини қисқартириш учун қўшимча чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда.





