Logo

Тошкентда йўловчиларнинг 85 фоизи жамоат транспортидаги тиқилинчдан шикоят қилган

Bugun 15:165 daqiqa

Йўловчиларнинг қарийб ярми автобус ва метрода тиқилинчга дуч келмоқда. Бундан ташқари, транспортни 20 дақиқадан ортиқ кутадиганлар ҳам бор.

Тошкентда йўловчиларнинг 85 фоизи жамоат транспортидаги тиқилинчдан шикоят қилган © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкентда жамоат транспорти хизматлари бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 85,4 фоизи эрталаб ва кечки тиғиз вақтларда автобус ҳамда метрода ҳаддан ташқари тиқилинч юзага келишини қайд этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши қарорида келтирилган маълумотларда маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2026 йил октябрь ойида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан ижтимоий тармоқлар орқали қарийб 3 минг респондент иштирокида сўров ўтказилган.

Сўровда қатнашганларнинг 60,5 фоизи жамоат транспортидан ҳар куни фойдаланишини билдирган. Респондентларнинг 52 фоизи сўнгги икки йил ичида пойтахт транспорт тизимида амалга оширилган ишларни юқори баҳолаган. Иштирокчиларнинг 79 фоизи эса жамоат транспорти тизимини умуман олганда «қулай» ёки «жуда қулай» деб ҳисоблаган.

Шу билан бирга, сўров натижалари йўловчилар дуч келаётган қатор муаммоларни ҳам кўрсатган.

Хусусан, эрталабки соат 07:00 дан 09:30 гача ҳамда кечки 17:00 дан 19:30 гача автобус ва метро йўналишларида йўловчилар оқими кескин ортиши қайд этилган.

Автобус йўловчиларининг 47,5 фоизи, метродан фойдаланувчиларнинг эса 50,6 фоизи эшиклар зўрға ёпилиши ва йўловчиларнинг бир қисми бекатларда қолиб кетиши ҳолатларига дуч келган.

Бундай муаммолар энг кўп Янгиҳаёт (91,3 фоиз), Яшнобод (89,8 фоиз), Сергели (88,3 фоиз) ва Учтепа (87,5 фоиз) туманларида қайд этилган.

Яна бир муаммо — транспортни кутиш вақти. Респондентларнинг 32 фоизи жамоат транспортини 20 дақиқадан ортиқ кутишини билдирган.

Шунингдек, қатнов жадвалларига риоя қилинмаслиги, автобусларнинг кечикиши, бир нечта автобуснинг кетма-кет келиши ва диспетчерлик назоратининг сустлиги ҳам йўловчилар томонидан кўтарилган муаммолар қаторидан жой олган.

Иштирокчиларнинг 46,9 фоизи бундай камчиликлар Учтепа ва Яшнобод туманларида кўпроқ учрашини қайд этган.

Автобуслар кечикишига транспорт вазирлиги изоҳи

Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаровнинг айтишича, 2022 йилда янги тизим жорий этилган пайтда автобуслар оралиғидаги интервални 13 дақиқа атрофида ушлаб туришга ҳаракат қилинган бўлса, ҳозир ўртача интервал 8–10 дақиқани ташкил этмоқда.

 «Баъзи йўналишларда 12–14 дақиқа бўлиши мумкин, баъзи йўналишларда эса 6–8 дақиқа. Ўртача интервал 8–10 дақиқани ташкил этади. Аввалги даврдаги 20 дақиқа ёки ярим соатлаб кутиш ҳолатларидан воз кечилди», — деди Омаров.

 Бироқ матбуот анжуманида айрим йўналишларда автобусларни узоқ кутиш ва бир нечта автобуснинг бир вақтда етиб келиши ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди. 

Vaqt.uz мухбири Тошкентнинг марказий ҳудудларидан узоқлашган сари автобуслар оралиғидаги интервал узайиши, айрим йўналишларда кутиш вақти 13–15 дақиқага етиши, ҳатто автобусни 23 дақиқа кутишга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида савол берди.

 

Автобуслар оралиғидаги интерваллар нимага боғлиқ?

Омаровнинг айтишича, автобуслар оралиғидаги интервал йўналишнинг умумий масофаси ва унга ажратилган автобуслар сонига боғлиқ. Автобуслар сони эса йўловчилар оқимидан келиб чиқиб белгиланади.

 «Интервал нимадан шаклланади? Умумий масофани ўлчаймиз ва шу йўналишга қўйилган автобуслар сонини ҳисобга оламиз. Автобуслар сони эса йўловчилар оқимидан келиб чиқиб белгиланади», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, Тошкентдаги 170 та йўналиш орасида автобуслар 15–16 дақиқада бир келадиганлари ҳам бор. Шу билан бирга, у 23 дақиқалик интервалга эга йўналиш мавжудлигини тасдиқламади.

 

Эски автобуслар ва тирбандликлар ҳам таъсир қилади

Вазир ўринбосари автобуслар кечикишининг сабабларидан бири сифатида транспорт воситаларининг техник ҳолатини кўрсатди. Унинг айтишича, «Тошшаҳартрансхизмат» тасарруфида турли йилларда ишлаб чиқарилган автобуслар бор. Айримларининг фойдаланиш муддати тугагани сабабли уларда носозликлар юзага келиши мумкин.

«Эски автобусларда, масалан, битта йўналишга 10 та автобус қўйилган бўлса, уларнинг орасида бузилиш ҳолатлари бўлиши мумкин», — деди Омаров.

Унинг маълум қилишича, аввал автобусларда ташилган йўловчилар сони 600–900 минг атрофида бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллионга етган. Йўловчилар оқимининг ортиши ҳам жамоат транспортига бўлган талабни оширмоқда.

 Автобуслар ҳаракатига йўллардаги тирбандликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, авариядан кейин транспорт воситалари ҳодиса жойида туриб қолса, бу автобусларнинг ҳаракат жадвали бузилишига олиб келади.

 

Тошкентга 200 та янги электробус олиб келиш режалаштирилган

Омаров автобуслар паркини янгилаш ишлари давом этаётганини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, 2026 йил охиригача ёки 2027 йилнинг биринчи чорагида Тошкентга 200 та янги электробус олиб келиш режаси бор.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, янги автобусларнинг олиб келиниши техник носозликлар сабабли юзага келадиган кечикишларни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

 

Нега бир бекатга бир нечта автобус бир вақтда келади?

Айрим ҳолатларда бир бекатга икки ёки трита автобуснинг бир вақтда етиб келиши ҳам кузатилади. Омаров буни автобуслардан бирининг кечикиши билан изоҳлади.

«Биринчи автобус турли сабабларга кўра ўз интервалига кеч қолиши мумкин. Иккинчи автобус эса белгиланган интервал бўйича ҳаракатланаверади. У биринчи автобусни кутиб туриши шарт эмас, акс ҳолда кейинги интерваллар ҳам бузилиши мумкин», — деди у.

Вазир ўринбосарининг тушунтиришича, шу сабабли айрим бекатларда бир нечта автобус бир вақтда тўхташи мумкин. Унинг қайд этишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

 

Автобуслар ҳаракати қандай назорат қилинади?

Омаровнинг айтишича, автобусларнинг ҳаракати GPS тизими орқали кузатиб борилади. Мониторинг маркази ходимлари йўналишлардаги автобусларни назорат қилади. Агар автобус тўхтаб қолса, ташувчи билан боғланиб, бунинг сабаби аниқланади. Техник носозлик юза галганда эса захира автобусини йўналишга чиқариш чоралари кўрилиши керак.

«Барча автобуслар GPS билан жиҳозланган. Агар автобус бекатга кеч борса, бу ташувчига давлат томонидан тўланадиган маблағдан чегирма қилишга сабаб бўлиши мумкин. Бу сифат кўрсаткичларидан бири ҳисобланади», — деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, назорат фақат ҳаракат интерваллари билан чекланмайди. Автобуснинг тозалиги ва ҳайдовчининг белгиланган формада бўлиши каби талаблар ҳам ҳисобга олинади.

Омаров айрим йўналишларда интерваллар бузилаётганини инкор этмади ва бу ҳолатларни қўшимча ўрганиш бўйича топшириқ беришини билдирди. Ҳозирча интервалларни барча йўналишларда қисқартириш бўйича аниқ муддатлар маълум қилинмади.

Teglar

Mavzuga oid