Давлетов лавозимидан олинди, 8 ўзбекистонлик ҳалок бўлди, «Шармандали маҳалла» тамғасига изоҳ берилди, ҳоким транспорт қатновини танқид қилди — ҳафта дайжести
Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.
Ўзбекистонлик 8 қурбон
Якунланаётган ҳафта Россия–Украина уруши билан боғлиқ оғир фожиа билан бошланди. 10-август куни Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига уюштирилган кенг кўламли дрон ҳужуми оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Энг ачинарлиси, уларнинг 8 нафари — Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар эди.
Ҳужум шаҳарнинг бир қанча объектларига жиддий зарар етказди, ёнғин юзага келди, ўнлаб одамлар тиббий ёрдамга мурожаат қилди. Воқеа ортидан Татаристонда мотам эълон қилинди.
Мудҳиш ҳодисадан сўнг, Ўзбекистон президенти топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилиб, Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Россияга борди ва 12-август куни ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга олиб келди. Бу комиссиянинг вазифасига жабрланган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш ва марҳумларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ҳам киради.
Геосиёсий нуқтаи назардан, Нижнекамскдаги воқеа Россия–Украина уруши доирасидаги дрон ҳужумлари географияси тобора кенгайиб бораётгани ва улар нафақат ҳарбий ва стратегик объектлар, балки тинч аҳоли ҳамда фуқаролик инфратузилмаларига ҳам жиддий хавф солаётганини кўрсатади.
Марҳумларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Давлетов ўрнига Давлатов
Бу ҳафта ҳукуматда кадрлар алмашинуви кузатилди. 13-август куни президент қарори билан Русланбек Давлетов президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Бундан 3 ой олдин президент олдида нутқ қилган адабиётшунос ва навоийшунос Олим Давлатов эса давлат раҳбарининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У май ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланганди.
«Айбимиз бўлса, узримизни сўраймиз» — Чиноз ҳокими
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда анчагина баҳс-мунозарага сабаб бўлган «Шармандали маҳалла» плакати билан боғлиқ ҳолат бу ҳафта яна муҳокама марказида бўлди. Сабаби, вазиятга Чиноз тумани ҳокимининг шахсан ўзи изоҳ берди.
Шерзод Солиҳовга кўра, маҳаллаларни «Шармандали маҳалла», уйларни эса «Уятли хонадон» деб белгилаш бўйича унга юқоридан ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Бу унинг шахсий ташаббуси бўлган.
Гап шундаки, «Бирлик» маҳалласидаги ободонлаштириш ва санитария ҳолати танқид қилингач, йиғилишда маҳаллани рамзий маънода «Шармандали маҳалла» деб аташ ва ҳатто айрим жойларга шу мазмундаги ёзувлар илиш таклифи билдирилган.
Ҳокимнинг тушунтиришича, баннер фақат видеотасвир учун илинган ва кейинчалик дарҳол олиб ташланган. Яъни, амалда бирор маҳалла ёки хонадонга бундай ёзувлар осилмаган.
Солиҳов бу усулдан мақсад маҳалла фаолларини шарманда қилиш эмас, аксинча, уларни муаммоларга жиддийроқ ёндашишга ундаш бўлганини айтди. Шу билан бирга, у ўз ҳаракатини ҳам танқидий баҳолаб, «Балки қайсидир жойда сал қўполлашиб кетгандирман» деб, айби бўлса, узр сўрашини билдирди.
«Чиққан одам касал бўлади, таниш-билишсиз билет ололмайсан» — Сурхондарё ҳокими
Ҳеч сизда поездга билет олишда муаммо бўлганми? Ёки таниш-билишларсиз ўзингизга қулай вақтга осонгина чипта ололганмисиз?
Бугун Ўзбекистонда транспорт ва қатнов масаласи кўпчиликни ўйлантирадиган мавзулардан бирига айланган. Билет топиш, нархлар, поездларнинг кечикиши ёки йўловчилар учун шароитларнинг етарли эмаслиги одамларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилмоқда.
Сурхондарёда транспорт масаласи яна муҳокама мавзусига айланди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Тошкент билан боғловчи поезд ва автомобил қатновидаги муаммоларни кескин танқид қилди.
Гап оддий йўловчи ҳар куни дуч келадиган муаммолар ҳақида, яъни поездларда совитиш тизими ишламаслиги, вагонларнинг ҳаддан ташқари гавжумлиги, вокзаллардаги шароитнинг талабга жавоб бермаслиги ва энг муҳими — билет топиш қийинлиги ҳақида кетмоқда.
Ҳокимнинг таъкидлашича, айрим ҳолларда билетни таниш-билишсиз топиш қийин. Шу боис у билет нархлари ва устамаларни текшириш, онлайн савдони шаффоф қилиш ҳамда воситачиликка йўл қўймасликни талаб қилди.
Масъулларга эса бир ҳафта муддат берилди. Поездлар, вокзаллар, аэропорт ва бошқа транспорт инфратузилмаси текширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилиши керак. Қисқаси, ҳоким берган топшириқларнинг амалдаги натижасини яқин орада кўрамиз, деган умиддамиз.
Ўзбекистонда болага отасининг исмини фамилия сифатида қўйишга рухсат берилди
Энди фарзандингизга ўз исмингизни фамилия сифатида беришингиз мумкин. Бу ҳафта айнан шу мавзуга оид муҳим янгилик эълон қилинди.
Президент томонидан имзоланган қонунга кўра, фарзандга отасининг исми асосида фамилия беришга рухсат этилди. Шунингдек, ота-оналар хоҳласа, болага бобосининг исми асосида ҳам фамилия бериши мумкин. Яъни, фамилия танлашда оилаларга яна бир имконият қўшилди.
Бу ўзгариш айрим оилалар учун айниқса муҳим. Масалан, отасининг фамилиясини олишни истамайдиган ёки турли сабаблар билан бошқа вариантни танламоқчи бўлган болалар учун энди муқобил йўл бор.
Шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигида «диний экстремизм» атамаси «экстремизм» атамаси билан алмаштирилади. Қайд этилишича, бугунги кунда экстремизмнинг шакл ва кўринишлари тобора ўзгариб, унинг хавфи нафақат диний, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлмоқда. Шу муносабат билан экстремизмнинг барча кўринишларига қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Роналдо уйланди
Ниҳоят, Криштиану Роналду қарийб 10 йилдан бери бирга яшаб келаётган Жоржина Родригес билан расман оила қурди.
8-август куни Португалиянинг Мадейра оролида Роналдунинг тўйи бўлиши ҳақидаги хабарлар тарқалиб, минглаб мухлислар собор олдига йиғилди. Ҳатто келинни олиб келган «Rolls-Royce» машинаси пайдо бўлганида, мухлислар ниҳоят Роналду ва Жоржинанинг тўйини кўрамиз, деб ўйлади. Аммо келин машинадан тушгач, унинг Жоржина эмаслиги маълум бўлди.
Аниқланишича, ўша куни соборда Францияда яшовчи мадейралик Фабио Рамос ва Фотима Никол Куня Тейшейранинг никоҳ маросими бўлаётган экан. Роналду мухлислари эса шунчаки бошқа тўйга келиб қолган.
Қизиғи, орадан кўп ўтмай, Роналду ва Жоржина ҳақиқатан ҳам турмуш қурганини маълум қилди. Афтидан, улар дабдабали тўй қилмаган. 41 ёшли Роналду ва Жоржина 2016-йилдан бери бирга. Энди эса уларнинг узоқ йиллик муносабати никоҳ билан мустаҳкамланди.
Маълумот учун, у беш карра Чемпионлар лигаси ғолиби, Европа чемпиони ва икки карра Миллатлар Лигаси ғолиби. У миллий жамоалар, Европа чемпионатлари, Чемпионлар лигаси ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати тарихида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади.
340 млн сўмлик олтин савдоси фош этилди
Орамизда тезда бойиб кетиш хаёлида юрадиганлар талайгина, шундайми? Аммо осон пул топиш илинжида қонунни четлаб ўтишга уринганлар ҳам топиляпти.
Бу ҳафта Навоийда ноқонуний олтин савдоси билан шуғулланган икки киши қўлга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 212,9 грамм қуйма олтинни катта пулга сотишга уриниш фош этилди.
Маълумотларга кўра, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи икки шахс 212,9 грамм олтинни харидорга 340 миллион сўмга сотишга келишган. Улар харидорга 999 пробали 26,3 грамм олтинни бериб, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришни ваъда қилган. Улар 20 минг доллар ва 100 миллион сўмни олаётган вақтида қўлга тушган.
Текширув давомида улардан бирининг уйида қумдан олтин ажратиб олишга мўлжалланган яширин цех ҳам аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Teglar






