Logo

Тошкентдаги айрим шифохоналар хавфли тиббиёт чиқиндиларини ахлатга аралаштиргани аниқланди

Bugun 18:092 daqiqa

Айрим муассасаларда хавфли чиқиндилар ноқонуний равишда маиший чиқиндилар билан аралаштирилиб, полигонларга ёки белгиланмаган жойларга ташланган.

Тошкентдаги айрим шифохоналар хавфли тиббиёт чиқиндиларини ахлатга аралаштиргани аниқланди

Тошкент шаҳридаги айрим тиббиёт муассасалари хавфли чиқиндиларни маиший чиқиндилар билан аралаштириб, полигонлар ёки белгиланмаган жойларга ташлаган. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки олти ойида пойтахтда жами 3 239,05 м³ тиббиёт чиқиндиси олиб чиқилган. Уларнинг катта қисми бир нечта йирик шифохона ҳисобига тўғри келган.

Пойтахтда энг кўп чиқинди чиқарган муассасалар қаторига 16-сонли клиник шифохонаси (1795,40 м³), 3-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси (445,44 м³) ва Вирусология ИТИ клиникаси (382 м³) кирди.

Шунингдек, республика болалар фтизиатрия ва таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази, дерматовенерология ва косметология маркази Тошкент шаҳри филиали, 1-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси, фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда тери-таносил касалликлари шифохонасида хизматлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилмаган.

Утилизациядаги муаммолар

Муаммонинг яна бир томони мавжуд утилизация қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаётганидир. 2024-йил 17-июлдаги 263-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида АҚШнинг «SAYAR LLC» компанияси томонидан «Sayar green» хорижий корхонаси таъсис этилиб, умумий қиймати 115 млн АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бироқ тиббиёт муассасалари хавфли чиқиндиларни инвесторга етказмаётгани сабабли механизм тўлиқ ишламаяпти.

Тошкентда ўрнатилган икки ускунанинг умумий кунлик қуввати 12 тоннани ташкил этади. Бироқ амалда уларга кунига атиги 3 тонна чиқинди етказиб берилмоқда. Натижада мажмуалар 25 фоиз қувватда ишлаяпти.

Агентликка кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича масъулларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, Махсус комиссия ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу каби назорат тадбирлари бутун республика бўйича ўтказилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid