Электр ҳисоблагичлар ҳонадондан ташқарига ўрнатиш талабига расмий изоҳ берилди
Бу тартиб назоратчиларнинг ҳисоблагичларни кўздан кечириши осон бўлиши учун йўлга қўйилаётгани маълум қилинди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими — ASKUEга мос электрон ҳисоблагичлар уйларнинг ташқи фасади ёки симёғочларга ўрнатилиши ҳақида хабарлар тарқалди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий изоҳига кўра, мазкур амалиёт янги тартиб эмас. У Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майда қабул қилинган «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан бир неча йилдан буён қўлланиб келинмоқда.
Қарорнинг 63-бандига мувофиқ, кўп квартирали уйларда ҳар бир хонадон учун ҳисоблагичлар махсус ажратилган жойларга ўрнатилиши шарт. Шунингдек, якка тартибдаги уй-жойларда ҳисоблагичлар бинодан ташқарида — фасад, таянч устунлар ёки бошқа қулай нуқталарга жойлаштирилиши мумкин.
Қонун ва талаблар
Бу тартибнинг асосий мақсади — электр таъминоти корхонаси ходимлари учун ҳисоблагичларни тўсиқсиз кўздан кечириш имконини яратишдан иборат.
Яъни, назорат жараёнини соддалаштириш, инсон омилини камайтириш ва ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш кўзда тутилган.
Айрим истеъмолчилар бу амалиёт қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан саволлар уйғотаётганини билдирмоқда.
Бироқ компания ушбу талаб амалдаги қонунчиликка мувофиқ эканини ва барча ўрнатиш ишлари белгиланган техник меъёрлар асосида амалга оширилишини таъкидлади.





