Ҳарбийлар пенсиясининг энг юқори миқдори 100 фоизгача оширилади
Шу вақтга қадар мазкур соҳадаги муносабатлар асосан СССР даврида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда айрим халқаро келишувлар асосида тартибга солиб келинган. Илк бор пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, хизмат йиллари учун, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш шартлари, уларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ягона қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
© Foto: Mudofaa vazirligiЎзбекистонда 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 100 фоизгача оширилмоқда. Сенатнинг ялпи мажлисида ана шу масалалар назарда тутилган «Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун маъқулланди.
Мажлисда шу вақтга қадар мазкур соҳадаги муносабатлар асосан СССР даврида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда айрим халқаро келишувлар асосида тартибга солиб келингани айтилди. Энди янги қонун билан бу масалалар Ўзбекистон конституцияси ва миллий қонунчилик талаблари асосида ягона ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади.
Қонунда илк бор давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлган шахслар доираси, хизмат йиллари учун пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш шартлари, уларни ҳисоблаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ягона қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда. Қолаверса, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган шахслар учун пенсияни ҳисоблашнинг энг юқори миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ижтимоий кафолатлар фақат келгусида пенсияга чиқадиган ҳарбий хизматчиларга эмас, балки бугунги кунда пенсия олаётган, календарь ҳисобида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, қонунда ватан ҳимояси йўлида хизмат қилган инсонларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, ҳарбий хизматчи хизматни ўташ даврида ҳалок бўлган ёки хизмат даврида олган жароҳати ёки касаллиги оқибатида вафот этган ҳолларда унинг оила аъзоларининг давлат томонидан пенсия билан таъминланишига оид кафолатлар мустаҳкамланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пенсия учун минимал суғурта стажини 15 йилгача ошириш таклиф қилинганди.