
Ҳокимларнинг яширин қарорлари: ёпиқ маълумотлар нега кўпаймоқда?
2021–2025 йилларда ҳудудлар кесимида ҳокимларнинг яширин қарорлари қанча эканини биласизми? Бу борадаги рақамлар вазият йилдан-йилга оғирлашганини, Хоразм вилояти эса энг юқори кўрсаткичга чиққанини кўрсатмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2026 йилнинг дастлабки ойининг маълум бир даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари чиқарган қарорларнинг 386 таси асоссиз яширилгани маълум қилинган эди.
Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.
Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та ёки 44 фоиз), Хоразм (32 та ёки 39 фоиз), Бухоро (58 та ёки 37 фоиз), Қашқадарё (41 та ёки 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та ёки 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.
Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларига асоссиз яширилган 68 та қарор ва фармойишларни очиқлаш ҳамда мазкур қонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган масъул ходимларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан тақдимномалар киритилган, холос.
Vaqt.uz ҳолатни янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида 2021–2025 йилларда эълон қилинган яширилган ҳоким қарорларини ҳудудлар кесимида ўрганди.
Суриштирувлар давомида барча ҳудудларда яширин ҳоким қарорлари бўйича 2021–2024 йилларда ўсиш тенденцияси кузатилган, аммо 2025 йилга келиб эса вилоятларда рақамлар кўрсаткичи бироз пасайганини гувоҳи бўлдик.
Ҳудудлар кесимида ким етакчи?
Hudud nomi | Hujjat turi | 2021 | 2022 | 2023 | 2024 | 2025 |
Qoraqalpog’iston Respublikasi | Hokim qarori | |||||
Andijon | Hokim qarori | |||||
Buxoro | Hokim qarori | |||||
Jizzax | Hokim qarori | |||||
Qashqadaryo | Hokim qarori | |||||
Navoiy | Hokim qarori | |||||
Namangan | Hokim qarori | |||||
Samarqand | Hokim qarori | |||||
Sirdaryo | Hokim qarori | |||||
Surxondaryo | Hokim qarori | |||||
Farg’ona | Hokim qarori | |||||
Xorazm | Hokim qarori | |||||
Toshkent viloyati | Hokim qarori | |||||
Toshkent shahri | Hokim qarori |
E-qaror маълумотлари асосида ўрганилди
2021–2025 йиллар таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда яширин ҳолда қабул қилинган ҳоким қарорлари айрим ҳудудларда жуда катта ҳажмга чиққан. Айниқса, учта ҳудуд абсолют рақамлар бўйича бошқалардан кескин ажралиб туради.
Энг кўп яширин қарор қабул қилинган ҳудуд — Хоразм вилояти. Бу ерда 2024 йилда рекорд даражадаги кўрсаткич қайд этилган: 5366 та ҳоким қарори очиқ эълон қилинмаган. Бу нафақат вилоят, балки бутун Ўзбекистон бўйича сўнгги беш йилдаги энг юқори рақам ҳисобланади. Солиштириш учун, 2021 йилда Хоразмда яширилган қарорлар сони 1151 та эди. Тўрт йил ичида бу кўрсаткич 4,7 баробар ошган. Яъни очиқлик ҳақида кўп гапирилган сари, қарорлар тобора «ёпиқроқ» бўлиб борган.
Иккинчи ўринда Самарқанд вилояти туради. 2024 йилда бу ҳудудда 5239 та ҳоким қарори очиқ эълон қилинмаган. 2021 йилда эса бу рақам атиги 901 тани ташкил этган. Натижада тўрт йил ичида 5,8 баробар ўсиш қайд этилган. Бошқача айтганда, Самарқандда ҳар йили яширилган қарорлар сони аввалги йиллар устига «қават-қават» қўшилиб борган.
Учинчи ўринда Қашқадарё вилояти жойлашган. 2024 йилда бу ҳудудда 3569 та ҳоким қарори яширилган. Эътиборли жиҳати шундаки, 2021 йилда Қашқадарёда бу кўрсаткич атиги 349 та эди. Тўрт йил ичида яширилган қарорлар сони 10 баробардан зиёдроққа ошган. Бу эса Қашқадарёни нафақат кўп қарор яширган, балки энг тез «ўсишга эришган» ҳудудга айлантирди.
Айнан тез ўсиш суръатлари бўйича Андижон ва Жиззах вилоятлари ҳам фаолликни бой бергани йўқ. Жумладан, Андижон вилоятида 2021 йилда 341 та бўлган яширин қарорлар сони 2024 йилда 2782 тага етган. Бу қарийб 8 баробар ўсиш дегани. Яъни бир неча йил ичида Андижон яширин қарорлар бўйича «олдинги саф»га чиқиб олган.
Жиззах вилояти ҳам бу рўйхатда эътибордан четда қолмайди. 2021 йилда 264 та бўлган яширилган қарорлар сони 2024 йилда 1980 тага етган. Бу 7,5 баробар ўсиш дегани. Нисбатан кичик ҳудуд учун бундай суръат очиқлик масаласи бу ерда ҳам жиддий оқсаётганини кўрсатади.
Шу тариқа, айрим ҳудудлар яширин қарорлар сони бўйича мутлақ «етакчи» бўлса, бошқалари эса ўсиш тезлиги билан хавотир уйғотмоқда. Рақамлар шуни кўрсатадики, муаммо алоҳида ҳолатлар билан эмас, балки бутун тизим даражасида шаклланган. Энг ачинарлиси — бу кўрсаткичлар йиллар давомида ошиб борган, пасайиш эса фақат айрим даврларда ва вақтинча кузатилган, холос.
2025 йилда ёпиқ қарорлар камайдими?
Юқорида таъкидлаганимиздек, 2021–2024 йиллар оралиғида яширин қарорлар сони деярли барча ҳудудларда кескин ошган. Бироқ 2025 йилга келиб статистикада нисбатан пасайиш кузатилади. Бир қарашда бу ҳолат вазият яхшиланaётгандек таассурот уйғотиши мумкин.
Аммо бу пасайиш қарорлар тўлиқ очиқ эълон қилина бошлагани билан эмас, балки ҳужжатлаштириш механизмидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб айрим ҳудудларда кенгаш қарорларига ҳоким эмас, балки кенгаш раиси имзо қўя бошлаган. Натижада бу турдаги ҳужжатлар ҳоким қарорлари статистикаси таркибига киритилмай қолган.
Яъни ҳоким қарорлари камайгандек туюлади, аммо шу билан бирга кенгаш қарорлари саҳнага чиқади. Агар улар ҳам алоҳида ҳисобга олинмаса, расмий рақамларда вазият анча «чиройлироқ» кўриниб қолиши мумкин.
Бундан ташқари, 2025 йилдан кейин айрим ҳолатларда қарорлар умуман «қарор» деб аталмасдан, ҳужжатсиз ўтказиб юборила бошлагани ҳақидаги саволлар ҳам очиқ қолмоқда. Бу эса очиқлик муаммоси ҳал бўлганидан кўра, унинг фақат номи ва кўриниши ўзгарган бўлиши эҳтимолини кучайтиради.
Хуллас, рақамлардаги пасайиш реал очиқликдан дарак бермайди. У фақат қарорларни қандай ҳисоблаётганимиз ўзгарганини кўрсатиши мумкин, холос.
Hududlar | Hokim qarori | Kengash qarori | Umumiy hisob |
Qoraqalpog’iston Respublikasi | 2155 | ||
Andijon | 1289 | ||
Buxoro | 1455 | ||
Jizzax | 1134 | ||
Qashqadaryo | 2449 | ||
Navoiy | 1089 | ||
Namangan | 1692 | ||
Samarqand | 2102 | ||
Sirdaryo | 1501 | ||
Surxondaryo | 2035 | ||
Farg’ona | 1687 | ||
Xorazm | 1510 | ||
Toshkent viloyati | 1389 | ||
Toshkent shahri | 2950 |
E-qaror маълумотлари асосида ўрганилди
«Яширин қарор бор жойда коррупция бор» — иқтисодчи Отабек Бакиров
«Аввал иқтисод…» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров ёпиқ қарорлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтган эди. У ёпиқ қарорлар муаммоси Ўзбекистонда йиллар давомида тизимли тус олганини таъкидлар экан, бу ҳолатни коррупция билан бевосита боғлайди. Унинг фикрича, қарорларнинг яширилиши тасодифий ҳолат эмас, балки очиқлик ва жамоатчилик назоратининг йўқлигидан келиб чиқадиган хавфли амалиётдир.
«Яширин қарор ва коррупция ўртасига бемалол тенглик белгисини қўйиш мумкин. Қаерда қарор ёпиқ бўлса, у ерда жамоатчилик назорати йўқ. Назорат бўлмаган жойда эса коррупция бўлади. Бу оддий ва йиллар давомида исботланган ҳақиқат», — дейди Отабек Бакиров.
Унинг фикрича, муаммони бир марталик текширувлар ёки очиқланган ҳужжатлар сони билан ҳал қилиб бўлмайди — бунинг учун қонунчилик даражасида қатъий механизмлар жорий этилиши шарт.
«Агар қарорни яшириш учун жавобгарлик бўлмаса, уни яшириш давом этаверади. Бугун мансабдор шахс қарорни ёпиб қўяди ва бунинг учун ҳеч қандай жазo олмайди. Жазo бўлмаган жойда очиқлик бўлмайди», — дейди Отабек Бакиров.
Бакировнинг таъкидлашича, очиқликни таъминлашнинг асосий шарти — қайси қарорлар очиқ бўлиши шартлиги, қайси ҳолларда ва фақат қайси қисми ёпилиши мумкинлигини қонун билан аниқ белгилашдир. У шахсий маълумотларни баҳона қилиб бутун ҳужжатни ёпиш амалиётига кескин қарши чиқади.
«Бутун дунёда қарорнинг ҳаммаси яширилмайди. Агар шахсий маълумот бўлса, фақат ўша қисми ёпилади. Мазмуни, моҳияти, пулга ва ваколатга тааллуқли қисми очиқ қолади. Бизда эса битта баҳона билан бутун қарор ёпиб ташланади», — дея таъкидлайди иқтисодчи.
Иқтисодчи алоҳида эътиборни «XDFU» («Хизмат доирасида фойдаланиш учун») тамғасига қаратади. Унинг фикрича, бу тушунча амалдаги қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган бўлса-да, амалда қарорларни яширишнинг энг қулай воситасига айланиб қолган.
Бакировга кўра, ечимлардан яна бири — муаммони фақат ҳокимлар даражасида эмас, балки ундан юқорироқ, яъни имтиёзлар, божлар ва норматив қарорлар даражасигача кўтаришдир. Чунки яширин қарорлар фақат маҳаллий ижро ҳокимияти билан чекланиб қолмаяпти.
Унинг хулосасига кўра, реал натижа берадиган ёндашув — бу институционал ислоҳотлар. Парламент, ҳукумат ва масъул органлар бу масалани қонунчилик даражасида тартибга солмас экан, ёпиқ қарорлар шакли ўзгаради, лекин ўзи сақланиб қолаверади.
Қарорларни яшириш қачон жиноятга айланади?
Келтирилган рақамлар, ҳудудлар кесимидаги кескин тафовутлар ва огоҳлантирувлар битта аччиқ ҳақиқатни кўрсатади: Ўзбекистонда яширин қарорлар муаммоси ҳал бўлмади. У фақат номини, шаклини ва ҳисобга олиш усулини ўзгартирди, холос.
Бир томондан, юзлаб ҳужжатлар очиқланмоқда, статистикада «пасайиш» пайдо бўлаётгандек кўринади. Иккинчи томондан эса қарорлар ҳокимдан кенгашга, кенгашдан эса умуман ҳужжатсиз жараёнларга кўчиб бормоқда. Бу очиқлик эмас — бу яширишнинг янги усули.
Қизиғи, Vaqt.uz ушбу материалда фақат яширин ҳоким қарорларини таҳлил қилди, холос. Ҳолбуки, ҳали ўрганилмаган қатламлар бундан ҳам кенг: ҳоким ва кенгаш фармойишлари, шунингдек, ҳукумат даражасидаги қарорлар мавжуд. Агар фақат битта бўғин очиқланиб, қолганлари ёпиқ қолса, муаммо ечилган бўлиб ҳисобланмайди — у шунчаки бошқа жойга кўчади.
Агар қарорни асоссиз равишда ёпиб қўйган мансабдор шахс реал жавобгарликка тортилмаса, агар «XDFU» каби ҳуқуқий асосга эга бўлмаган тамғалар қонун даражасида чекланмаса, агар қайси қарор очиқ, қайсиси ёпиқ бўлиши аниқ белгилаб қўйилмаса — бу муаммо давом этади. Рақамлар ўзгаради, жадвал янгиланади, лекин мазмун ўзгармайди.
Энг хавфлиси шундаки, ёпиқ қарорлар жамоатчилик назаридан четда қолади. Айнан кўринмас жойда эса энг катта манфаатлар, энг катта маблағлар ва энг катта ваколатлар айланади. Яширин қарор бор жойда эса коррупция учун доим очиқ эшик қолади.
Шу боис энди савол «қанча ҳужжат очиқланди?» бўлиши керак эмас. Асосий савол бошқачароқ янграши лозим: яширишнинг ўзи қачон жиноят сифатида баҳоланади? Ана шу саволга аниқ жавоб берилмагунча, очиқлик ҳақидаги барча ҳисоботлар қоғозда қолаверади.
Teglar






