Ёлғон ахборот тарқатишга оид нормалар мамлакатда сўз эркинлиги майдонини торайтирмоқда – Отабек Бакиров

Иқтисодчи ва фаол вазият юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат раиси Танзила Норбоевага мурожаат қилди.

Ёлғон ахборот тарқатишга оид нормалар мамлакатда сўз эркинлиги майдонини торайтирмоқда – Отабек Бакиров

Иқтисодчи ва жамоат фаоли Отабек Бакиров кеча, 7 май куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисидан чиқар экан, сўнгги йилларда давлат хизматчиларининг обрўсизлантирилиши моддаси билан боғлиқ суд ишларининг кўп такрорланаётгани ва бу борадаги қонунчилик нормаларининг сўз эркинлигига таъсири юзасидан ўз муносабатини билдирди.


Бакировнинг таъкидлашича, 2020 йилнинг декабр ойида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202²-моддаси ва Жиноят кодексининг 244⁶-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) пандемия даври ҳамда Сардоба сувомборининг ўпирилиши билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларда киритилган эди. Ўша вақтда форс-мажор ҳолатлар асос қилиб кўрсатилган бўлса-да, бугунги кунда ушбу нормалар сўз эркинлиги майдонини торайтиришга сабабчи бўлиб қолмоқда.


Шу муносабат билан фаол Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат раиси, айни пайтда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари учун масъул ҳисобланган Танзила Норбоеванинг эътиборини ушбу масалага қаратди.


«Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги бўйича рейтингларда пастга тушаётгани айнан ҳуқуқий компонентдаги муаммолар билан боғлиқ бўлиб, бу соҳани чуқур ўрганиш зарур», – деди у.
 
Мутахассисларнинг имкониятлари бошқа мақсадда сарфланмоқда


Бундан ташқари, Бакиров ҳуқуқ-тартибот органларининг, хусусан, киберхавфсизлик бўлинмаларининг ресурслари нотўғри йўналтирилаётгани ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, бугун мамлакатда киберхавфсизлик билан боғлиқ жиноятлар жами жиноятларнинг 50 фоизини ташкил этаётган бир пайтда, мутахассисларнинг имкониятлари ва вақти бошқа мақсадларга сарфланмоқда.


«Ана шундай реал хавфлар қолиб, тизим ресурсларини фикр эркинлигини назорат қилишга ишлатиш соҳа вакилларининг ҳам эътирозларига сабаб бўлмоқда, бироқ улар буни очиқ айта олмаяпти. Улар айта олмаётган бўлса, биз айтишимиз керак», – дея таъкидлади Отабек Бакиров ўз чиқишида.


Маълумот учун, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан соҳадаги муаммоларни танқид қилгани учун айни модда билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган эди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди эса ушбу мурожаатни муддати ўтгани сабабли тугатиш ҳақида қарор чиқарди.

Teglar

Mavzuga oid

Ёлғон ахборот тарқатишга оид нормалар мамлакатда сўз эркинлиги майдонини торайтирмоқда – Отабек Бакиров | Vaqt.uz