Тошкент автобусларида кондиционерлар қачондан ёқилиши маълум қилинди

Bugun 15:151 daqiqa

Йўловчиларга қулай ва сифатли жамоат транспорти хизмати кўрсатиш мақсадида кондиционер тизими носоз бўлган автобусларни йўналишларга чиқармаслик чоралари кўрилади.

Тошкент автобусларида кондиционерлар қачондан ёқилиши маълум қилинди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкент автобусларидаги кондиционерлар 7 майдан бошлаб босқичма-босқич ишлай бошлайди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Кондиционерлар устидан шикоятлар

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда автобусларда кондиционерлар ишламаётгани бўйича йўловчилар эътирозлари кўпайган эди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси барча ташувчиларга махсус кўрсатма юборган.

Унга кўра, ташқи ҳаво ҳарорати +28 даражадан юқори бўлган ҳолатларда автобуслардаги совитиш тизимлари узлуксиз ишлаши шартлиги таъкидланган. Кўрсатма 2026 йил 30 апрелдаги 1/Е-410-сонли хат асосида юборилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ баёнотида қуйидагилар ваъда қилинган:

  • кондиционери носоз автобуслар йўналишга чиқарилмайди;

  • техник носозликлар қисқа муддатда бартараф этилади;

  • барча ҳайдовчилар билан кондиционерлардан тўғри фойдаланиш бўйича навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказилади.

«Йўловчилар томонидан билдирилаётган ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди ва кескин чоралар кўрилади. Вақтинчалик юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз!» – дейилади компания ахборотида.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 6–7 май кунлари Тошкентда ҳаво ҳарорати +30...+32 даража атрофида сақланади. 8 май куни эса ҳаво +34...+36 даражагача исиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid