add

Ишончнома орқали автомобилни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқиш тартиби ўзгарди

Энди эгасининг рухсатисиз автомобилни ишончнома орқали қўшни давлатларга ҳайдаб чиқишга чеклов киритилмоқда.

Ишончнома орқали автомобилни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқиш тартиби ўзгарди

Автомобилни бошқариш учун берилган ишончномада транспорт воситасини Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш ҳуқуқи мавжуд ёки чеклангани алоҳида қайд этилади. Бу талаб ҳукумат томонидан фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий этилди ва автомобил эгалари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги қарори билан 2006 йил 7 мартда қабул қилинган «Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат билан «Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом 10-1-банд билан тўлдирилди.

Янги қоидаларга кўра, автомототранспорт воситасидан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш учун берилган ҳар қандай ишончномада ишончнома олган шахснинг машинани чет давлатга олиб чиқиш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги аниқ кўрсатилиши шарт. Бу маълумотнинг мавжуд эмаслиги ишончномани расмийлаштиришга тўсқинлик қилади.

Ўзгаришлар сўнгги пайтларда ишончнома орқали машиналарни чет элга олиб чиқиб, сотиб юбориш ҳолатлари кўпайгани фонида қабул қилинди. Айниқса, бундай схемалар фирибгарларга қулай ҳуқуқий имконият яратиб берган. Хусусан, ўтган йил охирида Абдулла Абдурасулов номли шахс томонидан кўплаб фуқаролар алданиб, уларга тегишли машиналар Қозоғистон ҳудудига ўтказилиб сотилгани аниқланган.

Аввалроқ Божхона қўмитаси пул эвазига 59 та автомобилни Тожикистонга ўтказган 8 нафар шахсни фош қилганини маълум қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Ишончнома орқали автомобилни Ўзбекистондан ҳайдаб чиқиш тартиби ўзгарди | Vaqt.uz