Касаба уюшмалари раиси давлат гербидаги пахта ва ғалла тасвирини ўзгартиришга чақирди
Сенатор Қудратилла Рафиқов ўзининг «Миллат шавкати» мақоласида амалдаги давлат рамзларини «озодликдан қочиш» ва 90-йиллардаги сиёсий қўрқув маҳсули сифатида баҳолади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор ва сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов давлат гербидаги пахта ва ғалла рамзларини танқид қилиб, бу рамзлар мамлакат мустақилликка эришганидан кейин ҳам мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганликни англатишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг «Миллат шавкати» номли мақоласида баён этган.
«Дейлик, мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам гербимиздаги чамбаракка алвон-ла ўралган “ифтихоримиз рамзи” бўлган пахта ва ғалла тасвирлари ўзгармади. Нега? Ҳолбуки, Президентимиз кўп бор айтганларидек, пахтадан оладиган даромадимиз ўша йиллари бир миллиард долларга етиб-етмаган. Шу ҳолича ҳам ушбу деҳқончилик маҳсулотлари бизнинг ижтимоий-маънавий идентлигимизни белгилаши керакмиди? Биз ўз асрий орзу-армонларимиз, улуғ ниятларимиз ва бу жаҳондаги руҳоний “ўзлигимиз”ни шу ўсимликлар сиймосида кўришимиз керакми?.. Албатта, бу мустақилликдан кейин ҳам бир оёғимиз мафкуравий жиҳатдан собиқ тизим харобалари узра қолиб кетганини англатади...
...Вақт шуни кўрсатдики, мустақиллигимиз ва ўзлигимизни ифода этувчи символларимиз – давлат рамзларимиз моҳиятида ҳам ўтган асрнинг 90-йилларидаги сиёсий хавотир, қўрқув ва иккиланиш тажассум топган. Айни мавзудаги сўзимни якунлаб шуни айтишим мумкинки, бу олмон файласуфи Эрих Фромм тасвирлаган «Озодликдан қочиш» феноменига жуда яқин ҳодиса эди», - дея фикрларини билдирган Қудратилла Рафиқов.
Муаллиф мақоласида соҳадан олинадиган даромад ўша йиллари бир миллиард долларга ҳам етмаганини эслатиб, ушбу деҳқончилик маҳсулотлари жамиятнинг ижтимоий-маънавий идентлигини белгиламаслиги лозимлигини қайд этган.
Унинг фикрича, қишлоқ хўжалиги мавзусидаги гурунглар ва «ерни чуқурроқ ҳайдаш» каби терминлар билан нутқ қилиш совет ва ундан кейинги турғунлик йилларига хос бўлиб, пахта ва ғалла собиқ иттифоқ давридагидек ҳаётнинг барча жабҳасида доминантлик қилиб келган. Сафарбарлик ортида жамиятни манипуляция қилиш ва эркин тафаккурни жиловлаш истаги яширингани, «Янги уй қурмай туриб, эскисини бузма!» деган шиорлар остида эски тизим анъаналари сақлаб қолингани билдирилган.
Шунингдек, Қудратилла Рафиқов мақолада Шавкат Мирзиёевнинг 2001–2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими сифатида олиб борган фаолияти, ҳудудни чиқиндилардан тозалаш, «Сектор тизими»нинг дастлабки намунасини яратиш, «лўлилар» маҳалласи аҳолисига паспорт бериш, қишлоқ хўжалигида «Маслаҳат кенгашлари» тузиш, «Оқчопсой» сув омборига тамал тоши қўйиш ҳамда мактаблар қошида «ёрдамчи хўжалик» моделини жорий этиш каби ишларини ёдга олган. Сиёсатшунос Шавкат Мирзиёевнинг аввал Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва кейинчалик Бош вазир лавозимларидаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтган.
Мақола якунида муаллиф ўтган йили Президентнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари учрашувида Шавкат Мирзиёевга юзланиб, Амир Темур давлатининг байроғи орадан етти аср ўтиб Янги Ўзбекистон байроғи ўлароқ Шавкат Мирзиёев томонидан қайта кўтарилгани ва жаҳон узра мағрур ҳилпираётгани ҳақида айтган фикрларини яна бир бор тасдиқлашини айтган.





