«Бу ўзларининг танасидаги муаммо эмас»: Тошкентдаги «Park&Ride» лойиҳаси нега йиллар давомида қоғозда қолмоқда?

Bugun 18:326 daqiqa

Пойтахт тирбандлигига ечим ўлароқ кўрилаётган «Park&Ride» тизими янги президент қарори билан яна кун тартибига чиқди. Лойиҳанинг ҳанузгача ишга тушмагани ва кечикиши сабаблари бўйича Транспорт вазирлиги VAQT.UZ’га изоҳ берди.

«Бу ўзларининг танасидаги муаммо эмас»: Тошкентдаги «Park&Ride» лойиҳаси нега йиллар давомида қоғозда қолмоқда?

Тошкентда транспорт тирбандлиги йилдан йилга кучайиб бораётган бир пайтда яна бир эски лойиҳа кун тартибига чиқди. 2026-йил 13-май куни Президент ҳузуридаги йиғилишда «Park&Ride» тизимини жорий этиш масаласи яна кўтарилди. Орадан олти кун ўтиб эса президент қарорида метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил этиш орқали ушбу тизимни ишга тушириш белгиланди.

Бироқ бу Тошкент учун янги ғоя эмас. «Park&Ride» ҳақида охирги тўрт йил давомида бир неча бор гапирилди, аммо ҳозиргача пойтахтда бирорта тўлиқ ишлайдиган тизим пайдо бўлмади.

Тўрт йилдан бери айтилган лойиҳа

«Park&Ride» тизими илк бор 2022-йил октябрида Тошкентнинг 2045-йилгача мўлжалланган бош режаси муҳокамасида тилга олинган эди. Ўшанда шаҳар чеқкаларида автотураргоҳлар ташкил этилиб, уларни жамоат транспорти билан боғлаш режалари айтилган.

2023-йилда президентга транспорт ва инфратузилма лойиҳалари тақдимоти давомида ҳам метрополитеннинг энг серқатнов бекатлари ёнида автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилаётгани маълум қилинган.

2025-йил охирида эса шаҳарга кирувчи автомобил оқимини камайтириш учун ҳайдовчилар ўз машиналарини шаҳар кириш қисмида қолдириб, жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкинлиги таъкидланган.

2026-йил 13-май куни лойиҳа яна президентга тақдим этилди ва маъқулланди. Орадан олти кун ўтиб, 19-май куни қабул қилинган президент қарорида метро станциялари олдида автотураргоҳлар ташкил этиш орқали ушбу тизимни жорий қилиш белгиланди.

Унга кўра, «парковка»дан фойдаланган ҳайдовчиларга метро чипталари учун чегирмалар берилиши ва айрим тўловларни метро чиптаси орқали қоплаш тизими ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

«Бу ўзларининг танасидаги муаммо эмас»

Иқтисодчи Отабек Бакиров «Аввал иқтисод…» дастурида фикр билдиришича, «Park&Ride» тизими Тошкентдаги тирбандликни камайтириш учун энг муҳим ечимлардан бири бўлиши мумкин эди.

Унинг айтишича, Янгийўл, Зангиота ёки Тошкент тумани томонидан келаётган ҳайдовчилар машинасини метро ёки йирик жамоат транспорти тугунлари олдида қолдириб, кейинги йўлни метрода давом эттириши мумкин бўлган тизим аллақачон яратилиши керак эди.

«2022-йилда ҳам, 2023-йилда ҳам, 2025-йилда ҳам шу масала кўтарилди. Мана, яна бу йил қайта гапириляпти. Лекин ҳозиргача бирорта намунавий “Park&Ride” тизими ишга тушганини кўрмадик», — деди иқтисодчи.

Бакиров фикрича, тизим реал ишлаши учун уни ишлаб чиқaётган амалдорларнинг ўзи ҳам жамоат транспортидаги муаммоларни кундалик ҳаётида ҳис қилиши керак.

«Бу ҳақда топшириқ бериляпти, вазифа қўйиляпти, ҳаммаси қўйиляпти. Лекин амалда ҳеч нарса йўқ. Менимча, бу тизим қачон ишлайди? Қачонки Тошкент шаҳар ҳокими, Транспорт вазирлиги ва бошқа масъуллар ўзлари ҳам шахсий машинасини қўйиб, Қибрайга ёки Зангиотага жамоат транспортида қатнашга мажбур бўлса, шунда бу тизим ишлайди. Унгача фойдаси йўқ-да, чунки бу ўзларининг танасидаги муаммо эмас», — деди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Транспорт вазирлиги лойиҳанинг кечикиш сабабларини изоҳлади

VAQT.UZ «Park&Ride» тизими нега шу пайтгача ишга тушмагани, дастлабки обектлар қачон очилиши ва лойиҳа қандай ишлаши ҳақида Транспорт вазирлигига саволлар билан мурожаат қилди.

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Аширматовга кўра, лойиҳа аввалги йилларда ҳам кўтарилган бўлса-да, тизимнинг мураккаб ва кўп тармоқли экани сабабли уни амалиётга жорий этиш қўшимча тайёргарликларни талаб қилгани учун тизим ишга тушиши кечиккан.

Вазирлик автотураргоҳлар жойлашуви, транспорт оқимлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, ер ажратиш ва молиялаштириш механизмлари ҳали босқичма-босқич ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Шунингдек, ҳозирда Тошкентга киришдаги (Шарқ, Бектемир, Эркин, Уч Қаҳрамон, Турбанов) ЙПХ постларини вилоят ҳудудига кўчириш ва улар яқинида автомобиллар учун махсус «кемпинг» ҳудудлари ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани айтилган.

Вазирликка кўра, «Park&Ride» фақат автотураргоҳ қуриш билан чекланмайди. Тизим автомобил, метро ва автобуслар ўртасида ягона транспорт занжири яратишни назарда тутади.

Ҳали манзил ҳам, муддат ҳам аниқ эмас

Транспорт вазирлиги маълум қилишича, ҳозирча лойиҳа тўлиқ қурилиш босқичига ўтмаган. Дастлаб транспорт оқимларини ўрганиш, қайси ҳудудларда автотураргоҳ қуриш мумкинлигини аниқлаш ва техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Биринчи босқичда шаҳарга киришдаги йирик транспорт тугунларида пилот автотураргоҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Кейинчалик тизим бутун шаҳар бўйлаб кенгайтирилиши мумкин.

Аммо ҳозирча дастлабки объектлар қачон ишга тушиши ва айнан қайси метро бекатлари ёнида қурилиши очиқланмади.

Тизим қуйидаги йўналишларни қамраб олиши мумкин:

— автомобиллар учун замонавий автотураргоҳлар ташкил этиш;
— автотураргоҳларни метро бекатлари ва автобус йўналишлари билан боғлаш;
— йўловчилар учун қулай пиёдалар инфратузилмасини яратиш;
— ягона электрон тўлов тизимини жорий этиш;
— бўш жойларни кўрсатувчи рақамли мониторинг тизимини йўлга қўйиш;
— мобил иловалар орқали олдиндан жой банд қилиш имкониятини яратиш.

Шунингдек, тизим айрим ҳудудларда фақат «автомобиль → метро» эмас, балки «автомобиль → автобус» тамойили асосида ҳам ишлаши мумкинлиги қайд этилган.


Метро ва «паркoвка» учун ягона тариф бўлиши мумкин

Вазирлик маълум қилишича, тизим учун ягона тариф модели ҳам кўриб чиқилмоқда. Унга кўра, ҳайдовчи автомобилини автотураргоҳда қолдириб, метро ёки автобусдан фойдаланса, транспорт учун алоҳида тўлов қилмасдан, ягона тариф асосида хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, тизим доирасида қуйидаги имкониятлар ҳам кўриб чиқилиши мумкин:

— автотураргоҳ ва метро учун ягона электрон чипта;
— кунлик ёки ойлик абонемент тизими;
— транспортлараро имтиёзли тарифлар;
— жамоат транспортдан фойдаланувчилар учун чегирмалар;
— мобил иловалар орқали тўлов ва мониторинг тизими.

Вазирлик бундай тизим фуқароларни шахсий автомобилдан кўра жамоат транспортдан кўпроқ фойдаланишга ундашини таъкидлаган.

Хорижда бу тизим қандай ишлайди?

«Park&Ride» тизими кўплаб йирик шаҳарларда айнан марказдаги тирбандликни камайтириш учун ишлатилади. Тизимнинг асосий ғояси — ҳайдовчи машинасини шаҳар четидаги автотураргоҳда қолдиради ва марказга метро ёки автобусда киради.

Масалан, Лондонда марказга автомобилда кириш учун алоҳида 15 фунтлик тирбандлик солиғи (congestion charge) тўлови мавжуд. Шу сабаб кўплаб ҳайдовчилар автомобилини метро ва жамоат транспорти бекатлари яқинидаги автотураргоҳларда қолдириб, шаҳарга метро орқали киришни афзал кўради.

Истанбулда эса «Park Et Devam Et» тизими метро, marmaray (темирйўл транспорт чизиғи) ва метробус линиялари билан интеграция қилинган. Айниқса, Осиё ва Европа қисмлари орасидаги тирбандлик сабаб ҳайдовчилар машинасини йирик транспорт алмашув тугунларида қолдириб, кейинги йўлни релсли транспортда давом эттиради. Айрим автотураргоҳларда жамоат транспортдан фойдаланган ҳайдовчиларга 50 фоизгача чегирмалар ҳам берилади.

Москвада эса метро яқинидаги «Park&Ride» ҳудудларида метродан фойдаланган ҳайдовчилар учун «паркoвка» бепул бўлиши мумкин. Яъни ҳайдовчи метро чиптасидан фойдаланса, автотураргоҳ учун қўшимча ҳақ тўламайди. Бу эса одамларни марказгача машинада кириш ўрнига метрога ўтишга рағбатлантиради.

«Park&Ride» тизими Тошкентда бир неча йил давомида қайта-қайта тилга олинган бўлса-да, амалда ҳануз бирорта ишлайдиган пилот нуқта ташкил этилмади. Лойиҳа нафақат автотураргоҳлар қурилишини, балки метро ва автобусларнинг тезлиги ҳамда қулайлигини талаб қилади. Шунингдек, тизимни яратишда масъуллар томонидан қатъий ва амалий ишлар бажарилиши лозим.

Ҳозирги вазият шуни кўрсатадики, тизим ҳали режа ва топшириқлар даражасида қолмоқда. Халқаро тажриба эса тўғри ташкил этилган «Park&Ride» тизими марказий тирбандликни сезиларли камайтиришини аниқ исботлаган.

Шу сабаб, Тошкентда тизимнинг ҳақиқий ишга тушиши фақат пилот лойиҳалар орқали синовдан ўтгандан сўнг, аниқ натижалар билан баҳоланиши мумкин. Акс ҳолда «Park&Ride» фақат сўз ва ваъдаларда қолаверади — амалда самарадорликни кўриш имконияти йўқ.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 130

Barchasi

Mavzuga oid