
Кўп квартирали уйлар атрофидаги дарахтлар хатловдан ўтказилади
Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар атрофидаги барча дарахт ва буталар рақамли хатловга олиниб, ягона тизимда назорат қилинади.

Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудида жойлашган барча дарахт ва буталар уй бошқарувчилари томонидан мажбурий хатловдан ўтказилади. Бу тартиб президентнинг 5-февралда қабул қилинган «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланди.
Қарорга мувофиқ, хатлов жараёнида ҳар бир дарахт ва бута ҳақидаги маълумотлар шакллантирилиб, улар Менинг уйим ахборот биллинг тизимида доимий равишда янгиланиб борилади. Бу эса яшил ҳудудларнинг ҳолати, сақланиши ва парваришини марказлашган тарзда назорат қилиш имконини беради.
Янги тартиб доирасида кўп квартирали уйларда марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда сутканинг исталган вақтида амалга оширишга рухсат берилди. Бу норма яшил майдонларни сақлаш билан бирга сув истеъмолини аниқ ҳисобга олишга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кўп квартирали уйлар ҳудудидаги яшил ҳудудларнинг сақланиши учун масъул ҳисобланади.
Шунингдек, Яшил макон умуммиллий лойиҳаси доирасида 2026–2027-йилларда ажратиладиган маблағларнинг камида 10 фоизи алоҳида дастур асосида кўп квартирали уйлар туташ ҳудудларига дарахт ва буталар экиш ҳамда уларни суғориш инфратузилмасини яратишга йўналтирилади. Ушбу дастур 15-мартга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.





